«Барча одамлар эркин, қадр-қиммат ва ҳуқуқларда тенг бўлиб туғиладилар». 1948 йил 10 декабрь куни қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг илк моддаси айнан шу сўзлар билан бошланади. Бу ҳужжат қабул қилинган кун ҳар йили инсон ҳуқулари куни сифатида нишонланади. Бу йил у қабул қилинганига 71 йил тўлди. Шу муносабат билан «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов инсон ҳуқуқлари тарихи ҳақида сўз юритади.

Инсон ҳуқуқлари ўтмишда ҳам ҳимоя қилинган

Лекин ҳозиргидай тўлақонли эмас. Асрлар ўтиши билан ҳуқуқлар кенгайиб борган, уларни ҳимоя қилиш ҳам яхшиланиб борган.

Франклин Делано Рузвельтнинг рафиқаси Элеанор Рузвельт Инсон ҳуқуқлари декларацияси билан.

Фото: Conectas

Кўпчилик мутахассислар инсоният тарихидаги инсон ҳуқуқларига алоқадор илк ҳужжат сифатида форс подшоси Кир II милоддан аввалги 539 йилда Бобил устидан ғалабасидан кейин цилиндрга ёздирган ҳужжатни тилга олади. Бу ноёб ҳужжат 1879 йилда Бобилдаги қазишма ишлари вақтида топилган. 1971 йилда БМТ уни барча расмий тилларига таржима қилган. Ҳужжат фанда «Кир II цилиндри» дейилади. Қадимги аккад тилида ёзилган топилма бугунги кунда Лондондаги Британия музейида сақланади.

Антик даврда ҳам инсон ҳуқуқлари борасида бир қатор ёзма ёдгорликлар вужудга келди. Жумладан, Аристотелнинг «Этика»си, Марк Аврелийнинг «Ўйлар»и, Цицероннинг «Тускулан суҳбатлари» асарлари, айрим диний матнлар, Софоклнинг бадиий асарлари инсон ҳуқуқларининг антик даврдаги мазмун-моҳиятини очиб беради.

Европа тарихидаги инсон ҳуқуқларини кафолатловчи ҳужжатлар, мутахассисларнинг фикрича, «Милан эдикти»га бориб тақалади. 313 йилда император Константин томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат насронийларга диний эркинлик берган.

Ислом оламида ҳам инсон ҳуқуқларига эътибор энг ҳассос мавзулардан бири бўлган. Бу борадаги асосий ҳужжатлар Қуръони Карим ва ҳадислардир. Жумладан, қулчилик авж олиб кетган замонларда исломда илк бор қулларни озод қилишга тарғиб Қуръон оятларида акс этган. Шунингдек, инсоннинг энг асосий ҳуқуқи бўлмиш яшаш ҳуқуқи ҳам Қуръон орқали таъминланган. Моида сурасининг 32-оятида айтилади:

Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса), демак у гўё барча одамларга ҳаёт берибди.

Исломда ғайридинларнинг яшаш ҳуқуқлари ҳам ҳимояланган. Ислом мамлакатларида яшаётган ғайридинларнинг яшаш ҳуқуқи ҳақида ҳадис:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки аҳдлашган кишини ўлдирса, жаннат ҳидини ҳидламайди. Ваҳоланки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради» (Бухорий ривояти).

Ислом давлатида яшайдиган, жизя тўлайдиган ғайридин муаҳид (аҳдлашган) ҳисобланади.

Инсоннинг яна бир муҳим ҳуқуқларидан бири илм олишдир. Исломда бу ҳуқуқ нафақат таъминланган, балки вазифа қилиб юклатилган. Бу ҳақда қуйидаги ҳадис гувоҳлик беради:

Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир.

Исломда фарз қилиниши мажбур бўлган амал ҳисобланади.

XIII асрда Африкада ҳам инсон ҳуқуқлари борасида муҳим ҳужжат, ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий бойликлари рўйхатига киритилган, инсоннинг қонун олдида тенглик принципларини илк бор намоён этган Менден хартияси вужудга келди. XV–XVI асрларда Мали давларида йирик мусулмон қонуншунослар ишлаб чиққан ва кейинчалик инсон ҳуқуқлари борасидаги замонавий декларацияларда ҳам фойдаланилган Томбукту қўлёзмалари пайдо бўлди.

1215 йилда Буюк Британияда қабул қилинган «Буюк эркинлик хартияси» XVII асрдангина амалга кирди ва Стюартлар зулмига қарши асосий ҳужжат сифатида ишлатила бошланди. 1689 йилда қабул қилинган «Ҳуқуқлар декларацияси» (Bill of Rights) инглиз дунёсидаги ҳозирги инсон ҳуқуқларининг консептуал базаси бўлиб хизмат қилади.

XVI асрда Америка қитъаси кашф этилиши билан кўплаб африкаликларнинг «Янги дунё»га олиб келиниши инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги фаолликни юзага келтирди. Бунда испаниялик машҳур ёзувчи, тарихчи ва миссионер Бартоломей де Лас Касас, айрим католик черкови роҳиблари ва папалик муҳим рол ўйнади.

Биринчи инсон ҳуқуқлари декларацияси

Тарихдаги илк инсон ҳуқуқлари декларацияси 1776 йил 12 июнда АҚШнинг Виржиния штатида қабул қилинган. Унинг муаллифи Жорж Масондир. Ҳужжатнинг инглизча номи – Bill of Rights.

Ушбу ҳужжатдан 1776 йилги АҚШ Мустақиллик декларациясининг инсон ҳуқуқлари қисмида жуда кенг фойдаланилган. Ҳужжат, шунингдек, бошқа колонияларнинг инсон ҳуқуқлари декларациялари, Франция Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилинишида асосий баъза вазифасини ўтаб берган.