Ҳар йилнинг 10 декабрь санасида Швеция пойтахти Стокгольмда Нобель мукофотини эгаларига тантанали топшириш маросими ўтказилади. Бу ҳақда «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов ҳикоя қилади.

Мукофот таъсисчиси Альфред Нобель 1896 йилнинг айнан шу санасида мияга қон қуйилиши туфайли вафот этган эди. У 1895 йилнинг 27 ноябрь куни ёзиб қолдирган ва омма эътиборига 1897 йил январида эълон қилинган васиятга кўра, ҳар йили физика, кимё, тиббиёт ва физиология, адабиёт ва тинчлик соҳаларида катта илмий ютуқларга эришган шахслар Швеция қироли ва қироллик оиласи вакиллари иштирокида мукофотланади.

Фото: AFP

Илк бор Нобель мукофоти 1901 йилнинг худди шу санасида эгаларига топширилган. Ўшанда Вильгельм Рентген, Якоб Вант-Гофф, Сюлли Прюдом, Эмиль Беринг, Анри Дюнан ва Фредерик Пасси мукофотнинг биринчи соҳибларига айланган эди.

Бу йилги Нобель эгалари ҳам 10 декабрь санасида Стокгольмда жам бўлади. Асосий тантаналар шаҳар ратушасида ўтказилади. Тинчлик бўйича мукофот эса анъанага мувофиқ Норвегия пойтахти Ослода, Норвегия қироли томонидан берилади.

Мукофот эгалари Стокгольмга бир неча кун аввалроқ етиб келади ва илмий соҳалари бўйича махсус Нобель маърузаларини ўтказади. Хусусан, 9 декабрь соат 00:45 да физика бўйича жорий йилги Нобель маърузаси, 03:05 да кимё бўйича Нобель маърузаси тўғридан-тўғри намойиш этилди. Шунингдек, маросим олдидан ўтказиладиган анъанавий Нобель суҳбатлари ҳам жуда қизиқ бўлади. Унда олимларнинг шахсий ҳаётий принциплари, турли ҳодисаларга муносабати ва бошқа масалалар ҳақида сўз боради.

Асосий маросим ратушанинг мовий залида бўлиб ўтади. Аввалига фахрий қоровул ҳамроҳлигида лауреатлар залга кириб келади ва жойларини эгаллайди. Кейин эса Швеция қироли ва малика, унинг ортида эса тахт вориси ва унинг турмуш ўртоғи ташриф буюради.

Маросимни Нобель қўмитаси раиси кириш сўзи билан очиб, Нобель хотирасига ҳурмат бажо келтиради ва қисқа нутқ сўзлайди. Сўнгра мукофот бирма бир эгаларига қирол томонидан топширилади.

Ратушада Швеция симфоник оркестри алоҳида тайёргарлик билан махсус ритмик зарбли мусиқалар ижро этади. Мукофотни йўналишлар бўйича топширишлар орасидаги мусиқали танаффусларда жаҳон классикасининг нодир намуналаридан ижро этади. Қисқасини айтганда, маросим жуда юксак ҳашамат билан ташкил этилади ва олимларнинг илмий ишлари учун муносиб эътирофлар янграйди.

Шу куннинг ўзида, кечки соат 19:00 да Нобель соҳиблари ва уларнинг яқинлари учун тантанали банкет уюштирилади. Мукофот эгалари орасида аёл киши бўлса, швед қироли улардан бирининг қўлини тутган ҳолда залга кириб келади. Аёл киши бўлмаса, бирор лауреатнинг аёли ушбу вазифани бажариши мумкин. Албатта, банкет қирол ҳазрати олийларининг шарафига қадаҳ кўтариш билан бошланади. Бу сана Нобель вафот этган сана экани туфайли унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилади.

Нобель сўнгги нафасини олган жой – Италиянинг Сан-Ремо шаҳри маъмурияти ҳар йили маросим учун Стокгольмга 23 мингта гулдан иборат махсус гулчамбар юборади. Бу гуллар Нобель мукофотини топшириш маросимларини безашда ишлатилади. Одатда соат 22:15 да қирол ҳаммани рақсга таклиф этади. Рақс ва балл ратушанинг олтин залида бўлиб ўтади. Байрам 11 декабрь соат 1:30 да тугайди.

Бир неча йиллардан буён Нобель мукофоти қўмитаси мукофотни топшириш жараёни ва банкетларни YouTube’га жойлаб келмоқда. Бу йилгисини ҳам ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.