«Дарё» колумнисти анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Ўтган ҳафта Самарқандда улгуржи миқдорда электр қуввати ўғирланганини фош қилган МИБ бошлиғи ишдан олинибди. МИБ бошлиғи тумандаги каттакон бетон заводи ток ўмараётганига қаршилик қилган экан.

Фото: «Kun.uz»

МИБчиларнинг айтишича, завод электр тармоқлари корхонаси билан ҳеч қандай шартнома расмийлаштирмаган, ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилолмаган, ҳеч қандай электр ҳисоблагич ўрнатмасдан, электр энергиядан тўғридан-тўғри, ноқонуний фойдаланиб келган. Ўзингиз ҳам кўргансиз: маҳалладаги баъзи олғирлар девор тирқишидан, қувур ичидан, тўсин орқасидан яширинча сим тортиб, ўғринча бепул ток ишлатадилар. Самарқанддаги олғир завод бу ўғриликни санъат, йўғэ, саноат даражасига кўтариб қўйган.

Хуллас, шуни фош қилган МИБ бошлиғини ишдан опташлашибди. Албатта, нега ишдан олинганини сўрасангиз, «- Йў, йў-ў, ўз аризасига кўра озод этилди, бошқа сабаб йўқ, саломатлиги кўтармаяпти-да», деб изоҳлашади. Аммо билгичларнинг айтишича, бу завод ҳазилакам одамга қарашли эмас. МИБ бошлиғини олиб ташлаганиданоқ, хулоса қилаверинг. Дарвоқе, МИБнинг пломба ва муҳрини ҳамманинг кўз олдида намойишкорона юлиб ташлаш учун юрак ҳам, танка ҳам отнинг калласидан катта бўлиши керак. Ўша ерда турган ички ишлар ходимлари қонунбузарга миқ эта олмаганига нима дейсиз? Қонунга тупуриш бўлса, шунчалик бўлар.

Энди бу заводни кўрганда МИБчилар ў-ў дейиши аниқ.

Энди бир гап. Жаннатмакон юртимизда қонундан ҳам устун, дахлсиз ва бекам-у кўст кишилар бор. Улар яқинлашса, очилмайдиган эшиклар очилади, ишламайдиган завод ишлаб кетади. Мотори йўқ машинага чиқса, машина ҳам қўрққанидан юриб кетса керак. Улар Нитшенинг олий одами, сира хато қилмайди, сутдек оқ ва айбсиз. Улар бирор иш қилса қонун тескари қараб туради, тескари қараш тугул йўлига пояндоз бўлиб оёқларини уқалаб қўяди. Сиз уларни танидингиз, зотан сиз яшайдиган ҳудудда ҳам қонундан устун олий зотлар топилиши аниқ.

Нима қилмоқ керак? Бундай одамларнинг рўйхатини тузиб, «тегиб бўлмаслар» категорияси остида малакалаш лозимки, тўғри ишлашга даъвогарлар уларнинг думини босиб қўйиб учиб кетмасин. Адолат деган нарсадан қўлини ювмасин. Ҳақиқат бор, қонунлар ишлаяпти, деб ўзини хурсанд қилиб юраверсин. Бекор увол бўлиб кетгандан шуниси афзалроқ-да.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.