Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатда туризмни янада ривожлантиришга қаратилган Президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Фото: «Дарё»

Қарор лойиҳасига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

  • сайёҳлик компаниялари 8 ва ундан ортиқ кишини, шу жумладан, ҳайдовчини ташиш учун мўлжалланган янги автоуловларни олиб кирганда тўланган ҚҚС миқдори давлат бюджетидан қопланади;
  • гидлар, экскурсиячилар ва йўриқчи-инструкторларнинг хизматлари ўзини ўзи иш билан банд қилувчи фуқаролар фаолияти турига тенглаштирилиб, вақтинча меҳнат гувоҳномалари берилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 июлдан хориж фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон ҳудудида виза режимига қадар (визасиз) рўйхатга олишни бекор қилиш таклиф этилмоқда, бироқ 30 календарь кунидан ошмаган ҳолда.

Агар қарор шу турда қабул қилинса, Uzbekistan Airports компанияси қуйидаги чора-тадбирларни таклиф этмоқда:

  • давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ажратилган ер участкаларида 2020 йил охирига қадар замонавий автотураргоҳлар, кафелар, ресторанлар, мини-банклар, меҳмонхоналар, озиқ-овқат юк машиналари ва бошқа тегишли инфратузилмани яратиш;
  • 2020 йил 1 июлгача мамлакатнинг барча халқаро аэропортларида давлат-хусусий шериклик асосида бож олинмайдиган савдо дўконлари (duty free) очилиши.

1 июлдан бошлаб туристик солиқларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, сайёҳларга Ўзбекистонда археологик изланишлар ва қазишмалар олиб боришга рухсат берилиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январгача авиация ёқилғиси ва ёқилғи-мойлаш материаллари, шунингдек, авиацион ёқилғи ва ёқилғи мойларини тайёрлаш учун хом ашёларни импорт қилишда компанияларни божхона тўловларидан озод қилиш режалаштирилган.