11 декабрь, чоршанба куни Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Фото: Халқаро пресс клуб

Ушбу сессияда иштирок этган Олий суд судьяси Иброҳим Тожиев Олий судда фаолият юритаётган судьяларнинг қанча ойлик олишини маълум қилди:

«Ҳозирги кунда Олий судда фаолият юритаётган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 5 000 000 сўмдан 8 000 000 сўмгача етади».

Олий суднинг яна бир судьяси Илҳом Раҳмонқуловнинг фикрига кўра, Ўзбекистон жамиятида судьяларга ишончсизликка судьяларнинг мустақил бўлмагани сабаб бўлмоқда. Шунингдек, унинг айтишича, муайян бир масалани фақат Олий суд раиси ёки раис ўринбосари ҳал қилади деган тушунча йўқ.

«Туман судьяси вилоят судьясидан, вилоят судьяси Олий суд судьясидан эркин бўлиши керак. Бундан ташқари, жиноят кодексини либераллаштириш лозим», — дейди Миллий тикланиш демократик партияси вакили Нодиржон Мухторов.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллик (Омбудсман) котибиятининг вакили Саидбек Азимов Ўзбекистонда «қора рўйхат» умуман йўқ қилинганини, ҳар бир шахс ўзининг эътиқод ҳуқуқига эга эканлигини айтиб ўтди.

Аввалроқ шу тадбирда иштирок этган Ўзбекистон экологик партияси вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентга келаётган вилоятликларни қайд этишнинг янги тартибини таклиф қилган эди.