ДХХ Чегара қўшинларининг Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги ҳарбий қисмларидан бирида хизмат фаолиятини олиб бораётган ҳарбий хизматчилар ҳарбий қисмни кузатаётган шубҳали шахсни пайқаб қолди. Бу ҳақда ДХХ чегара қўшинлари Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: ДХХ чегара қўшинлари матбуот хизмати

Шундан сўнг бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ҳарбий хизматчилар томонидан ушбу шахс қўлга олиниб, ДХХ ва Ички ишлар идораси ходимлари билан ҳамкорликда холислар иштирокида шахсий тинтув ўтказилди.

Текширув жараёнида у 1993 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилган Ўзбекистон фуқароси бўлган А.Э. исмли шахс эканлиги маълум бўлади.

Фото: ДХХ чегара қўшинлари матбуот хизмати

Унинг ён чўнтагидан 4,4 грамм миқдорда марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.