Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими Баҳодир Пўлатов соғлиғи ёмонлашгани сабабли Москвада даволаниб қайтгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Майор Қодиров» Telegram каналининг ёзишича, айни пайтда у шифокорлар назоратида, уйда даволанмоқда. «Qalampir.uz»да эса собиқ ҳоким ҳали ҳам Москвада эканлиги, унинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Майор Қодиров» Telegram канали ҳамда «7News» нашрида маълум қилинишича, Баҳодир Пўлатов Ихтиёр Абдуллаевга оид жиноят иши бўйича терговга чақирилган ва у ушбу чақирувдан сўнг қаттиқ бетоб бўлиб қолган. Унинг терговга жалб қилингани, боргани, гувоҳ ёки айбланувчи сифатида иштирок этгани борасида ҳам расмий маълумотлар йўқ.

Маълумот учун, Баҳодир Пўлатов 2018 йилнинг 13 июлида Сурхондарё вилоятига ҳоким этиб тайинланганди. 2019 йилнинг 1 апрелида эса «ишида йўл қўйган камчиликлари сабаб» бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтказилган йиғилишда лавозимидан озод этилган.

Баҳодир Пўлатов «Болалар» гуруҳи солисти сифатида танилган. Катта сиёсатда фаолиятини пойтахтнинг Яккасарой туман прокуратурасида прокурор ёрдамчиси сифатида бошлаган. Кейинчалик Шайхонтоҳур тумани прокурорлигига тайинланган. Ундан сўнг, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида прокурор лавозимида ишлаган.