Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бугун, 12 декабрь куни туғилган кунини нишонламоқда. Юлдуз Усмонованинг туғилган кунига продюсери ва турмуш ўртоғи Мансур Агалиев BМW Х7 совға қилди. Бу ҳақда журналист Феруз Муҳаммад хабар бермоқда.
Кўчада шунақа русумли машинани кўрса ҳавас қиларди. Шу сабабли қўлимиздан келганича кутилмаган совға тайёрлашга ҳаракат қилдик. Ҳали совғадан Юлдуз Усмонованинг хабари йўқ. Аслида бундан ҳам каттароқ совғага лойиқ, бу йил шуни олдик, кейинги йил Худо подшоҳ. Бу маълумотни ОАВларига чиқариш ниятим йўқ эди, табриклаш учун келган экансиз, шунга маълум қиляпман.
Мансур Агалиев, Юлдуз Усмонованинг продюсери
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновани 11 декабрдан 12 декабрга ўтар кечаси қизиқчи Ҳалимахоним, қизи Нилуфар Усмонова, Милена Мадмусаева ва яна бир қанча ҳамкасблари, созанда ва яқинлари келиб табриклашди. Туғилган кун маросими жонли ижрода куйланган қўшиқлардан иборат кичик концертга айланиб кетди.
Кечада Юлдуз Усмонованинг 2020 йилнинг 10 —25 март кунлари «Халқлар дўстлиги» санъат саройида бўлиб ўтиши режалаштирилган янги концерт дастурида куйланадиган тўртта янги қўшиғининг ҳам премьераси бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Юлдуз Усмонова 1963 йилнинг 12 декабрь куни Марғилон шаҳрида таваллуд топган. Санъаткорнинг отаси Ўраимохун Усмонов ва онаси Раҳимахон Акбарова Марғилон ипак комбинатида ишлаган ва саккиз нафар фарзандни тарбиялаган. Юлдуз Усмонова оилада олтинчи фарзанд.