«Дарё» колумнисти Сарвар уста анъанавий рукнда ўтган ҳафтада муҳокама қилинган асосий ижтимоий масалаларга тўхталиб ўтади.

Байроқ – мамлакат рамзи. Ўзи бир парча бўялган мато, аммо у бор эканки, бир катта мамлакат ва халқи мавжудлигини ҳис этамиз. Аниқроғи, шу мато шакл бўлса, унинг остидаги катта бир давлат мазмундир.

Фото: ЎзА

Албатта, жаҳоншумул маросимларда байроғи кўтарилиши фуқаро кўнглида ифтихор уйғотади. Чунки унинг ортида ўз халқи, қондошлари турганини ҳис этади. Шаклдан мурод мазмундир. Мазмун зўр, аммо шакл соддароқ бўлса ҳам кўрганлар «ў-ў» дейди. Америка байроғини эсланг. Мазмун мундайроқ бўлса, шаклни қанча бежаманг, «ў-ў», демайди, «э-э», дейди.

Дунёдаги энг баланд байроқлар қаерда? Тожикистонда, Туркманистонда, Озарбайжонда, Иорданияда, Мексикада ва ўша сиз истеҳзо билан эслайдиган Шимолий Кореяда. Аслида-ку, мамлакатнинг иқтисодиётини кўтариш, эркин жамият қуриш, илм-фанни ривожлантириш давлатнинг бош вазифаси. Аммо бунинг имкони топилмагач, ғурурланишга бошқа нарса топиш керак-ку ахир. Байроқ ўрнатамиз, энг баландга ўрнатамиз, душманларимиз аламидан куйиб ўлсин! Кўриб қўйинг, Оврўпо-ю Америка. Бирортангизда бунақа узун байроқ йўқ.

Нима бўлди-ю, бу одат бизнинг вилоятларга юқди. Шу йили мустақиллик арафасида Андижонда 850 миллион сўмга 64 метрли байроқ ўрнатилганди.  Бу билан андижонликлар 60 метрли байроғи бор бухороликларга кўрсатиб қўйишмоқчи бўлган, чамаси. Аммо бухороликлар ҳам, андижонликлар ҳам Тошкентнинг 65 метрли байроғи ҳурматини сақлаб, ундан оширмаганди. Фарғоналиклар шарт кесиб қўя қолди. Конституция байрами арафаси Фарғонада 67 метр баландликдаги байроқ ўрнатилди. Ўлчами йигирмага ўн! Байроқ бўлса шундай бўлсин-да. Хўш, ватандошлар, қалайсиз энди? Энг узуни Фарғонада.

Ҳозирча фарғоналиклар байроқлари узунлигидан ифтихор туяпти. 30 метрли байроғи бор камтар Наманган, 35 метрли байроғи бор камсуқум Самарқанд бир четда сигарет тутатиб турибди. Аммо сигаретни бир чертиб, енгини шимариб. кетмон билан улкан байроқнинг пойдеворини кавлашга тушиб кетишлари мумкинми? Мумкин. Ҳаш-паш дегунча қуриб битказишадиям. 800–900 миллион, борингки, майдалашиб ўтирамизми, 1 миллиард сўм нима бўпти? Уларнинг изидан бошқа вилоятлар самоларни кўзлаб байроқ тикади. Хўш, кимники узунроқ? Ўшанда ўлчашамиз.

Сарвар уста