Самарқанд вилоятида 25 ёшли йигит ўз уйида ухлаб ётганида чавақлаб кетилган. Йигитнинг онаси томонидан маълум қилинишича, қотиллик тўрт киши томонидан амалга оширилган, бироқ тергов ҳаракатлари юзаки олиб борилиб, бир киши жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда «Darakchi.uz» хабар берди.

Фото: «Darakchi.uz»

Маълум қилинишича, 25 ёшли Азиз Омоновнинг онаси Фароғат Йўлдошева ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилиб, ўғлини ухлаб ётган жойида ваҳшийларча чавақлаб ташлаган тўрт йигитга нисбатан адолатли ҳукм асосида жазо берилишини сўраган. Айни пайтда ушбу жиноят юзасидан фақат бир йигитнинг айбдор деб топилишини адолатсизлик дея баҳолаган она бўлиб ўтган тергов жараёнларининг нохолис олиб борилганлигини исботловчи далиллар борлигини маълум қилган.

Нашр Азиз Омонов бир киши томонидан ўлдирилмаганини қайд этиб, бунга исбот сифатида йигитнинг онаси томонидан тақдим этилган бир қатор далилларни келтирган.

Биринчидан, Азиз қотиллик юз берган куни тўрт нафар йигит билан жанжаллашган, уйга қайтиб, ўртоғининг уйига борганида эса маст йигитлар уни қидириб юрганидан хабар топган.

Иккинчидан, Азиз бокс билан шуғулланган, шунинг учун ҳам унинг биргина зарбасидан ҳушидан кетган Ш.Мамаевнинг бир ўзи Азизни шу даражада ваҳшийларча ўлдиришига кучи етмайди.

Учинчидан, Азизнинг оғирлиги 75 килограмм бўлиб, уни Ш.Мамаевнинг бир ўзи кўчага олиб чиқиб кета олмайди. Терговчи Пайариқ тумани тиббий экспертизаси хулосасига таяниб, Азизни кўчага ўзи юриб чиққанлигини билдирган. Аммо Самарқанд вилояти экспертизаси буни умуман тасдиқламаган. Унга кўра, марҳумнинг бўйнига етказилган жароҳат сабаб, аорта томири ёрилган ва бундай ҳолатда одам шу заҳотиёқ жон таслим қилади. Буни эса ҳовлида тўкилган ва сачраган жуда кўп миқлордаги қон излари ҳам тасдиқлайди, дейилади нашр хабарида.

Тўртинчидан, марҳумнинг жасади йўлга олиб чиқиб қўйилганда келиб қолган машина ёруғида икки нафар йигит қочиб кетаётганлиги кўринган. Шунингдек, ўша томондаги далада экин суғораётган Қаҳрамон Шералиев ҳам олдидан йигитларнинг югуриб ўтаётганини кўрган.

Бешинчидан, жиноятчилар даставвал Азизни ўлдириш учун унинг тоғасига қарашли ҳовлига борган ва у ерда турган Азизнинг машинасини таъмир қилиб бўлмас даражада шикастлаган. Тергов жараёнларида марҳумнинг машинаси, ундаги қўл ва оёқлар излари бўйича экспертиза хулосаси олинмаган.

Олтинчидан, Азиз ётган ёстиқ тагидан чиққан телефон, унинг устидаги кийимлари тергов учун олиниб, марҳумнинг онасига қайтариб берилмаган.

Еттинчидан, терговга тақдим этилган, жиноят учун ишлатилган пичоқ даладан топиб олингани айтилган. Аммо экпертиза унда Азизнинг қони йўқлигини исботлаган.

Шунингдек, терговдаги маълумотларда Азиз тунги соат 00:30 да эмас, балки кўчага чиққанидан сўнг, 02:00 да ўлгани билдирилган. Бироқ соат 02:30 да воқеа устига тасодифан келиб қолган хирург танани ушлаб, у аллақачон ўлганини айтган. Шунингдек, чақирилган тез ёрдам 7 дақиқа ичида воқеа жойига етиб келган ва марҳумнинг танаси совиб қолгани ва жасад қотиб қолганидан келиб чиқиб, 2 соатлар олдин ўлгани ҳақида хулоса берган.

Бундан ташқари, жиноят жойидаги қонларнинг тиббий экспертиза қилиниши натижасида, 4-гуруҳ қони ҳам мавжудлиги исботланган. Азизнинг қони 2-гуруҳга, уни ўлдирганликда айбланаётган Ш.Мамаевнинг қони эса 3-гуруҳга мансуб бўлган. Терговда бу икки қон қўшилиб, 4-гуруҳ қонини келтириб чиқаргани айтилган.

Нашрнинг хабар беришича, Азизнинг онаси қилган мурожаат Ўзбекистон Олий суди томонидан кўриб чиқилган.

Суд ишида марҳум Азиз Омоновнинг онаси Фароғат Йўлдошева мазкур жиноят ишида олиб борилган тергов жараёнлари ва суд ҳукмидан норози эканлигини айтиб, ишни қайтадан кўриб чиқиш учун дастлабки инстанцияга қайтаришни, тергов ҳам қайтадан юқоридаги факт ва далилларни ўрганган ҳолда олиб борилишини сўраган.

Мазкур талаб судлов ҳайъати томонидан қисман қаноатлантирилиб, жиноят иши янгидан апелляция инстациясига кўриш учун юборилиши ҳақида қарор қилинди.

Кейинроқ Фароғат Йўлдошева жиноят иши юзасидан Тошкентда қайта тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.