«Халқлар дўстлиги» санъат саройида телевидение, кино, санъат ва маданият соҳаси вакиллари учун «Ёшлар» ва «Менинг юртим» телеканаллари томонидан ташкил этилган «Олтин кабутар—2019» тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда «Марказий студия» кўрсатувининг бошловчиси Сарвар Баҳодиров томонидан «Аслида энг яхши кўрсатув номинациясида ғолибликни «Йўловчи» кўрсатуви олса ҳам биз хафа бўлмас эдик. Чунки дин тарғиботи йўлида хизмат қилаётганларни ҳар қанча олқишласак арзийди. Лекин шуни ҳам айтмоқчимизки, бугун «Марказий студия» халқ олдига чиқиб, оммани олдида қўрқмасдан ҳақиқатни гапириб келяпти. «Халқлар дўстлиги» саройи саҳнасидан туриб, «Марказий студия» учун ачинмаймиз, фақат хурсанд бўламиз. Лекин дўстим Амирхон Умаровга ачинмадим, бошқа номинантларга энсам қотди, тўғриси, балки бу жойи кетмас эфирга, балки бу саҳнага бизни бошқа таклиф этишмас, лекин ташкилотчиликдаги жуда катта камчиликларни сезиб ўтирибмиз», мазмунидаги сўзлари катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Фото: Google

«Марказий студия» кўрсатуви бошловчилари «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида ушбу гап-сўзларга сабаб бўлган камчиликлар ҳақида гапириб беришди.

Ўша кунги ‘Олтин кабутар’ даги келишмовлар ‘репитиция’ жараёнида бошланди. Биз бир неча кун олдин йиғилдик. Кўпчилик интервьюлари билан танийдиган одам ўзини режиссёрлигини маълум қилдилар. Ўша жойни ўзида мулоқат жуда қўпол тарзда бошланди. ‘Мен режиссёрман, сизларга ёрдам бермоқчиман, менинг айтганимни қилинглар’ мазмунида гапирдилар. ‘Нима учун бу ерга келганларингизни биласизларми?’, деганларида мен ‘Биз сизни ҳозир бироз тушунмаяпмиз’ дедим. Чунки биз у одамни интервьюлари билан кўпроқ таниймиз. Шундан кейин менга қарши бир-иккита гаплар бўлди. Кейин баъзи ҳамкасбларимиз билан келишмовчиликлар бўлди. Сўнгра Амирхонга ‘Олтин кабутар’ни томошабинлар қаторида томоша қилайлик дедим. Барибир номзодлар орасида бизнинг номзод ҳам бор экан. Бошловчилик қилмай қўя қолайлик, биздан катталар бошловчилик қила қолсин дедик. Фикларимиз маъқулланди, тадбирни ёши катталар олиб боришадиган бўлишди.

Биринчи ‘репитиция’даги вазиятдан келиб чиқиб, саҳнадаги режиссёрлик ишларига қарши чиқмоқчи эмасдим. Жараённи томошабинлар қаторида кузатиб ўтирдик, саҳнадаги режиссёрлик ишларидан ёнимдаги санъат вакиллари ҳам бир-бирларига қараб қўйишди. Йилнинг энг яхшиларини тақдирлаётганларида ‘биз буларнинг меъзони қандай бўлганини, нима учун булар энг яхшилари бўлганини’ ўйладик. Нима асосида улар энг яхши деб танлаб олинди?! Бошловчиларнинг монитор билан ишлашида режиссёр томонидан камчиликлар бўлди. Саҳнада ташкилотчилик деб гапириб юбордим, лекин аслида режиссёр томонидан камчиликларни назарда тутган эдим.

Кўрганлар, кузатганлар билади, бошловчилар орасида танаффуслар, бир-бирини тўлдириб кетолмаслик ҳоллари кузатилди. 4000 кишилик залга жон киргиза олиш бу бошловчининг вазифасидир. Бошловчига режиссёр топшириқ беради, аммо бошловчини ўзи ҳам бу вазифани бажара олиш керак. Кейин айрим номинация ғолибларини биз танимадик. Бизнинг ҳамкасбимиз бўлса ҳам танимаслик, кузатмаслик балки бизнинг айбимиздир. Лекин ростан ҳам ‘Энг яхши тележурналист’ ҳамда ‘Энг яхши телебошловчиъни мен таниганим йўқ.

Тўғри, SMS орқали уларга овоз берилди. Бу томони шаффоф бўлгандир деб ўйлаяпман-у, лекин ичини билмайман. Менда шунақа тушунча борки, шахсиятдаги камчиликни ўзини четга тортиб айтиш керак. Лекин унинг ишига нисбатан камчиликни баралла айтса бўлади. Эртага у ҳолни такрорламаслиги учун. Шу билан қўлимга микрофон тегиб қолди ва ўш гапларни гапирдим. Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: ‘Қўрқсанг гапирма, гапирсанг қўрқма!’. Биз гапириш босқичидан ўтиб бўлган эдик. Қўрқиш-қўрқмаслик босқичида турган эдик. Иккинчисига амал қилдик. ‘Гапирсанг қўрқма’. Нима бўлса бўлди, Аллоҳга таваккал. Кейин парда ортида мулоқотлар бўлди. Мана шу медиа соҳаси ичида юрганлар бизга тош отишди. Энг кўп тош отганлари улар бўлди. Лекин томошабин сифатида у ерда бизни кўпчилик қўллаганини олқишлардан ҳам сезиш мумкин.

Блогерларнинг фикрига умуман қизиққаним йўқ. Айрим телеканалларда ишлайдиган медиа соҳасини ичида айланиб юрганларнинг фикрига ҳам қизиққаним йўқ. Биринчи энг яқин дўстимдан ‘У ерда қўпол гапирганмидим?’ деб сўрадим. Унинг фикри шундай бўлди: ‘Ҳаммаси яхши, кўнглингни хотиржам қилсанг бўлади. Менимча, очиқча айтганинг ҳар томонлама маъқул’. Кейин ота-онам билан маслаҳатлашаман. Бошқа майда-чуйда гап-сўзлар умуман қизиқтирмайди . Гапга аралашиб юрсангиз, ривожлана олмайсиз. ‘Энсам қотди’ жойини бироз қўпол гапириб қўйибсан, ўша жойда сал ўзингни билмай қолганинг билинди. Кейинги сафар бу хатони қилмагин’, дейишди. Кейин бу хатойимни тан олдим. Лекин ижтимоий тармоқдагиларга расмий муносабат ҳам билдирганим йўқ. Бизда энг кучли қурол эфир. Эфир давомида бир-иккита илмоқли гапларни гапирдим.

Сарвар Баҳодиров, «Марказий студия» кўрсатуви бош муҳаррири ва бошловчиси

«Марказий студия»нинг яна бир бошловчиси Амирхон Умаров ушбу вазиятни қуйидагича изоҳлади:

Очиғини айтсам, ‘Энг яхши тележурналист’ номинациясида мен ғолиб бўлмаслигимни кўнглим сезаётган эди. Лекин мен хурсанд бўлган тараф шундаки, концертни кўрган бўлсангиз, ғолибни эълон қилишга чиққан шифокор Амирхон Умаров деганида залнинг қийқириғини эшитган бўлсангиз керак. Тўгри, адашиб кетди, лекин ўша шовқин ва қарсаклардан жуда хурсанд бўлдим. Лекин иккита бошловчи бу ерда англашилмовчилик бўлди деб янглишганини айтишди. Мен учинчи ўринда эканман.  Ўша пайтда наҳотки дедим... Чунки биринчи ва иккинчи турларда овозлар бўйича биринчиликда келаётган эдим. Учинчи ва тўртинчи турда телефон орқали SMS ёзишда пастки ўринга тушиб кетибман. Ундан кейин ўша гапни айтишга мажбур бўлдим.

Ўша иккита ҳамкасбимни тўғриси танимайман. Қайси кўрсатувни олиб боришларини ўша куни билдим. ‘Давр’ кўрсатувида бошловчи экан. Лекин танимас эдим. Шунинг учун ҳам тўғрисини айтдим, ўша ҳамкасбларимга қараганда мен камроқ ишлабман. Кўпроқ ижод қилишга, кўпроқ ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан деган маънода гапирдим. Лекин охирида ҳамкасбим Сарварнинг фикрларидан кейин мен ҳам руҳланиб кетдим. Жуда тўғри фикрлар бўлди. Эмоцияга берилдик, лекин у ерда ёлғон, тўқима гаплар бўлгани йўқ.

Амирхон Умаров, «Менинг юртим» телеканали бош продюсери, «Марказий студия» кўрсатуви бошловчиси

Маълумот учун, «Олтин кабутар—2019»да «Энг яхши тележурналист»  номинациясида 1-ўрин Миразиз Мирзааҳмедов «Ёшлар» телеканали, 2-ўрин Дилфуза Исмоилова «Ёшлар» телеканали, 3-ўрин эса Амирхон Умаров «Менинг юртим» телеканали бошловчисига насиб этган эди.