Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Юлдуз Усмонова суҳбат давомида сўнгги «запрет»га сабаб бўлган воқеалар ҳақида гапириб берди.

Аллоҳни таниган инсондан ёмонлик чиқмайди, отам раҳматли бизга оятларни ўргатардилар, билганларини, ёдлаганларини бизга ҳам ёдлатардилар. Охирги ‘запрет’, албатта, қўшиқларимиздан бўлган. ‘Ўргансинлар Қуръонни’ деган қўшиқларимиз бўлган. Мен диний фанат йўлида эмас, ‘Аллоҳдан қўрқишни ўргатиш керак’, деган маънода айтгандим. Ўша пайтда ‘шу қўшиқни айтмайсан’ деб хат ҳам ёздириб олишганди. Мен шу ўжарлигим, характерим туфайли айтмайман деб саҳнага чиққанимда айтиб юбордим. Мен санъаткорман, бировдан қўрқишга вақтим йўқ, хоҳламайман. Чунки мен бировга зиён қилаётганим йўқ. Нега менинг қўшиқларимдан қўрқасан?! Айтдим, ўтдим... Ҳа, қўшиқларим куч эканми?!  Демак, керакли мавзу! Мавзудан қўрқ, бу мавзуни мен ёпсам, эртага бошқаси очади. Бу фақат битта мисол.

Туркманистонда ёнимда ишлаб юрадиган Акмал деган маъмурим ўлгани йўқ, ўша кейин-кейин айтиб берди, дўппи дейишарди. Келсам уч кунга қолмай жўнатиб юборганди. Азизхўжаевлар ‘йўқотасан буни бу ердан’, деган экан.

Мен бировга гина ушлаётганим йўқ.

Андижон бўйича бўлса керак, айтасан дейишганда айтмаганман. Мен унисини ҳам, бунисини ҳам бошида бўлмадим, мен сиз тарафда ҳам, бу тарафда ҳам бўлмайман, мен Аллоҳнинг ҳақиқати томонда бўламан деганман. Ўшандан сўнг ўша мансабдор одам билан стадионда ёқалашганман. Ҳамма кўрган. Уч-тўртта шунақа нарсалар бўлган. Худони ишини қаранг, ўзининг шогирди галстугини бошига кийдириб қўйди.

Сўраяпсиз айтяпман-да, ҳозир демократия, гапирса бўлади. Шу омон-омон замон келганига Худога шукр.

Кейин Гулсанам айтди шу ашулани. Менга шу сўзларни айтасан деб берганида ‘мени бошим иккита эмас, мен Аллоҳдан қўрқаман’ деганман. ‘Тепада жаннатмиш-да, пастда Ўзбекистон эмиш’, кечирасиз-у қўнғиз боласини оппоғим дер экан-да энди. Лекин Аллоҳни ишига аралашиб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам тепадаги жаннатга солиштира олмайсан. Мен ўзим қўрқдим, мумкин бошқаси қўрқмади айтди. Мен Аллоҳдан қўрқдим, жаннат деган юртим мана бунақа бўлади деб санга ҳар хил нарсалар бўлишидан, юртимга кўз тегиб қолишидан, бу ширкка ҳам кириб қолади деган маънода айтмайман деганман. У одам бошқалар билан жуда қўпол, беписанд гаплашар эди. Шундан сўнг ёқалашганмиз, мен шунақа урушқоқман.

Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти