«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Дэниэл Кизнинг «Элжернон учун гуллар» қиссаси ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбэк

Болалигимда жуда кўп фантастик асарлар ўқир эдим. Дэниэль Киз асарлари билан илк бор талабалик даврларимда танишганман. Бунинг тарихи жуда қизиқ. Ўша пайтларда мен St1m тахаллусли рэп ижрочисининг қўшиқларини тинглаб юрар эдим. Кейинчалик у альтер-эгосига эга бўлди. Яъни юзини ниқоб билан яшириб, умуман бошқа тахаллус остида ижод қила бошлади. Унинг янги тахаллуси «Билли Миллиган» эди. Интернетда Билли Миллиган кимлигига қизиқиб кўрдим. Билли Миллиган исмли шахс психиатрияда мисли кўрилмаган феномен инсон эди. У ҳақда кўпроқ ўқишга қизиқиб, Дэниэл Кизнинг «Билли Миллиганнинг сирли тарихи» номли китобини топдим. Асар мени жуда қойил қолдирди. Шундан кейин унинг бундан ҳам зўр ёзилган «Элжернон учун гуллар» асарини қўлга олдим.

Асар ҳақида

Дэниэл Кизнинг бу илмий-фантастик ҳикояси 1959 йили «Фэнтези ва илмий фантастика» журналининг апрель сонида нашр этилган. Энг яхши қисқа илмий ҳикоя номинациясида 1960 йилда «Хьюго» мукофотига сазовор бўлган.

Келажакда Киз ҳикояни шу ном остида тўлиқ роман сифатида ёзди. Роман 1966 йилда «Небьюла» мукофотига сазовор бўлди.

«Чарли» фильмидан кадр

Роман ғояси 14 йил давомида шаклланган. Уни ёзишда Киз ҳаётидаги воқеалардан илҳомланган. Буларнинг барчаси 1945 йилда, ота-онаси Дэниэл ёзувчи бўлишига қарши туриши туфайли келиб чиққан можародан бошланган эди. Киз бу ота-онаси билан муносабатларига путур етказишини ҳис қилди. Шунда унга илк бор инсон ақлини ташқи омиллар билан ошириш ғояси келди. Асосий воқеалар 1957 йилда, Киз ақли заиф ногирон болалар мактабида инглиз тилидан дарс бериб юрганида юз берди; талабалардан бири ундан: «астойдил ўз устимда ишласам ва ақлли бўлиб қолсам, оддий мактабга кўчиб ўтишим мумкинми?» деб сўраган эди ўшанда.

Аннотация

Ўттиз икки ёшли Чарли Гордон – ақлий заиф. Унинг иши, дўстлари ва жуда кучли ўқиб-ўрганиш истаги бор. У ақлли бўлиш умидида хавфли илмий экспериментда иштирок этишга рози...

Бу фантастик ҳикоя ажойиб психологик кучга эга. У бизни ахлоқнинг умуминсоний масалалари тўғрисида ўйлашга мажбур этади. Бир-биримизнинг устимиздан тажриба ўтказишга ҳақлимизми, бу қандай натижалар келтириши мумкин ва «энг ақлли» ёки «энг ёлғиз» бўлиб қолиш учун тўлашга тайёр бўлган нархимиз қанча? Булгаковнинг «Итюрак» ва Жек Лондоннинг «Мартин Иден» асарларида кўтарилган саволларга Дэниэл Киз ушбу романида аниқ жавоб беради.

Таҳлил

Бу заиф ақл-идрокка эга бўлган, нонвойхона полини тозаловчи бўлиб ишлайдиган ўттиз икки ёшли Чарли Гордон ҳақидаги ҳикоя. Чарли ривожланиш қобилиятига эга бўлмаган ақли заиф болалар мактаби ўқитувчиси Алиса Киннианнинг эътиборини ўзига тортади. Алиса уни тажриба ўтказишни истаган университет тадқиқотчиларига тавсия этади. Улар жарроҳлик усуллари ёрдамида инсон ақлини ошириш усулини топган эди. Чарли бу тажрибада биринчи бор синалувчи инсонга айланади. У лабораторияда ундан олдин операциядан ўтган тажриба сичқони Элжернон билан танишади.

Чарли ҳаётини ёзиб бориш учун кундалик тутади ва унда ривожланишини ёзиб бориш тартибига риоя этади. Бошида унинг ёзувлари тушунарсиз ва имло хатоларига тўла. Операциядан сўнг Чарлининг идроки билан бирга кундаликдаги ёзувлари ҳам аста-секин яхшиланишни бошлайди. Сиз буни сезасиз. Уни олдинда нималар кутаётган экан-а...

Трансцендент ақлни қандай тасвирлаш мумкин? Ёзувчи буни тасвирлаб бера оладиган даражада қобилиятга эга бўлса ҳам, қандай қилиб ўқувчи уни тушунишига ва персонажга нисбатан ҳамдардлигига эришиши мумкин? «Элжернон учун гуллар» асаридаги Дэниэл Кизнинг ажойиб муваффақияти айнан шу мақсадга эришиш учун очиб берилган риторикада бўлди.

Фикримча, роман ўз вақтида ушбу формат бўйича жуда оригинал ғояга эга бўлган бўлса керак. Ҳозирги кунда бу ғоя атрофига қурилган кўпгина китоблар мавжуд бўлиб, улар ҳам тарихини айтиб бериш учун шундай газета техникасидан фойдаланади.

Ҳозир бу формат унчалик янгилик эмас, аммо мен ҳали ҳам бу услубни яхши кўраман. Охир-оқибат бизнинг даврга келиб бу китоб фантастик эмас, оддий ва ҳиссий китобга айланиб, унинг овози бутун дунёга етиб боради. Марк Хеддоннинг «Итнинг тунда сирли ўлдирилиши» асари каби.

Хусусан, мен олдинроқ ўқиган Элизабет Муннинг «Қоронғулик тезлиги» романи ушбу роман билан жуда ўхшаш мавзуга бағишланган. У роман ҳам даволаш таклиф қилинган ёш аутист бемор ҳақида эди. «Элжернонга аталган гуллар»ни ўқигач, юқоридаги асар ундан қарийб 50 йилдан кейин ёзилгани туфайли плагиатга ўхшайди.

«Элжернонга аталган гуллар» илмий фантастика деб таснифланса ҳам, бу ердаги ягона «фантастика» операциянинг ўзи холос. Ҳикоянинг қолган қисмлари инсон психологиясига бағишланган достон бўлиб, у мутлақо реалдир.

Дэниэл Киз.

Фото: «НТВ»

Келинг сизга ростини айтай, бу жуда қайғули ҳикоя. Саҳифалар давомида қаҳрамон ниҳоят хотираларини сақлаб қолиши билан у ҳаётда қандай азобларни бошдан кечирганини тушунасиз. Энг ёмони, у одамларнинг унга бўлган муносабатидан бехабар эди.

Яна ҳам ёмони, Чарли атрофда нималар содир бўлаётганини ва дўстлари деб тахмин қилган инсонлар унинг устидан кулаётганини англай бошлаганида эди.

Персонажни бутун асар давомида атрофдагиларнинг унга нисбатан ғалати муомаласи таъқиб қилади. Унинг ақли заиф ногиронлиги нормал муносабатларга халақит берган пайтда ҳам, кейинчалик даҳо қобилиятига эга бўлгач, у тадқиқот объекти бўлиб, олимлар томонидан сотиладиган маҳсулотга айланганидан кейин ҳам.

Романнинг яна бир муҳим жиҳати интеллект билан бир қаторда ҳиссий ривожланишнинг ҳам муҳимлигида. Қаҳрамон мослашиши керак бўлган муаммолардан бири – унинг 32 ёшдаги ақлий қобилияти ва ментал ҳолати кичкина болаларники каби эди.

Шундай қилиб, у тўсатдан ақлли бўлиб қолганида қисқа вақт ичида янги ҳиссий тушунчаларни мослаштира олмайди. Бу ерда психиатрнинг роли жуда муҳим, дастлаб Чарли буни қандай амалга оширилишини билмаса ҳам.

Юқорида айтиб ўтганимдек, романни ўқиш жараёнида қаҳрамонни ҳис қилмаслик мумкин эмас. Бу ўқувчини ҳикояга аралашишга мажбур қилади. Ўқувчи Чарлини қуршаб олган ва азоб чекишга мажбур қилган одамлардан нафратланади... Ҳатто Чарли бундан бехабар бўлса ҳам.

«Элжернон учун гуллар» мен учун одамларда ақлнинг ўсиши билан боғлиқ сюжет устига қурилган дунёдаги энг зўр иккита китобнинг биридир (иккинчиси – Пол Андерсоннинг «Мия тўлқини» асари). Шахсий интеллектуал иқтидорни ошириш илмий фантастика учун табиий мавзу, чунки консептуал шаклдаги экстрасенсор идрок ёки бошқа мумкин бўлмаган ақлий куч ҳақидаги кўплаб ҳикоялар ушбу жанр билан озгина ниқобланади. Аммо ноаниқлик билан мурожаат қилиш фантастиканинг вазифасидир.

Хулоса

Бу ҳаяжонли, чиройли, шафқатсиз ва мантиқий саёҳат. Инсон онги зулматдан олиб чиқиб, ёритилади; қисқа вақт давомида аниқ равшанлик пайдо бўлгандан кейин у яна зулматга ташланади. Ҳар ким ўзида хокисор Чарли Гордонни аниқлай олади: унинг ҳикояси эса биз инсониятнинг аҳволи ҳақидаги масалдир.

Роман бизга кўпинча дўстларимиз билан бўладиган классик мунозарани таклиф қилади: «Ақлли одам бахтлими ёки нодон?» Фикрлар хилма-хиллиги бор ва мен ҳар иккала вариантнинг тарафдорларини биламан. Ўзим эса муаллифнинг фикрига қўшиламан, чунки ақлсиз одам (ўзи бундан бехабар) нимагадир имкониятлари ва одамларнинг муносабатини кўра оладиган одамлардан кўра бахтлироқ бўлади. Муаллифнинг ҳикоя қилиш услуби ўзига тортади, шу билан бирга асар жуда катта ҳам эмас.

«Чарли» фильмидан кадр

Асарнинг якунига келсак, шубҳасиз уни ўқиганлар якун бошқача бўлиши мумкин эмаслигига қўшилса керак. Асар сиз хоҳлагандай тугаганида у ҳеч қачон дунё адабиётининг дурдоналари қаторидан жой олмас ва шунчаки чиройли эртак бўлиб қолган бўлар эди. Техник томондан китобни ўқиш жуда осон, аммо психологик тарафдан балки ўқиган энг оғир асарлардан бири бўлиб чиқар.

Иқтибослар

Илгари нодон ва аҳмоқлигимдан нафратланарди, энди улар ақлим ва билимим учун нафратланади. Э худо! Улар мендан нима хоҳлайди?

Абадий бола бўлиб қолишни истамасангиз, бошқалар йўл-йўриқ кўрсатишини кута олмайсиз. Ечимни ўзингизда топишингиз керак – нима тўғри бўлишини ҳис қилинг. Ўзингизга ишонишни ўрганинг;

Шубҳасиз, телевизорга бўлган муҳаббат, ўйлашни хоҳламаслик натижасида пайдо бўлади;

Шунчалик аҳмоқ эдимки, аҳмоқлигимни ҳатто тушуна олмасдим;

Мен инсонман. Мен севишим керак.

Қизиқарли фактлар

- Америкада бу асар мактаб ўқув дастурига киритилган;

- 1968 йилда режиссёр Ральф Нельсон «Элжернон учун гуллар» романи асосида жуда муваффақиятли «Чарли» фильмини суратга олган. Чарли Гордон роли учун актёр Клифф Робертсон «Оскар» мукофотига сазовор бўлган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.