Покистоннинг собиқ президенти Парвез Мушарраф давлатга хиёнат айблови билан ўлим жазосига ҳукм қилинди, деб хабар бермоқда Reuters.

Фото: AP

Meduza’нинг ёзишича, бу айблов Мушаррафга 2007 йилда Покистонда ҳарбий ҳолат жорий қилгани ва конституция амал қилишини тўхтатгани учун қўйилган.

Bloomberg’да қайд этилишича, собиқ президент 2016 йилдан буён Дубайда яшаб келмоқда. Давлатга хиёнат айблови бўйича 2014 йилдан давом этиб келаётган суд жараёнларига бирор марта қатнашмаган. Уни чет элда даволаниши учун қўйиб юборилган.

Мушарраф 1999 йилда ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимият тепасига келган. У Покистонни 2008 йилгача бошқарган. Ҳарбий ҳолатни 2007 йилда, суд унинг қайта сайланиши қонунийлиги бўйича муҳокамаларга тайёргарлик бошлаганидан кейин жорий этган. Ҳарбий ҳолат судьяларнинг ҳибсга олиниши ва журналистлар фаолиятига чекловлар қўйилиши билан бирга кечган.