Фарғона вилоятида электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш 2022 йилнинг октябрига режалаштирилган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «2020—2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида сўз боради.

Кадр: YouTube

Сентябрь ойининг ўрталарида Президент Шавкат Мирзиёев «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Шаффоф омадли саноат» қўшма корхонаси фаолияти билан танишган эди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра Қўқонда ишлаб чиқарилиши кутилаётган ушбу электромобилларнинг тахминий нархи 3 минг доллар атрофида бўлади. Биринчи йилда 2 минг дона машина чиқариш режалаштирилган.

Сентябрь ойининг охирларида россиялик блогер Алан Енилеев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши кутилаётган электромобилни синовдан ўтказганди. Видеода блогер Енилеев Қўқон электромобиллари нафақат олдидаги белгиси, балки ички ва ташқи кўриниши билан ҳам Mercedes AMG’га ўхшашига эътибор қаратган.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 40 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирилган бўлиб, шунинг 24 миллион доллари хориж инвестициялари ҳисобига тўғри келади.