19:49, 20.12.2019 // 74766

Бозорчи аёллар аёл эмасми? Бозорчи аёл ҳикояси

«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони ўттиз йилдан буён бозорда савдо қилиб келаётган аёл.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.

Исмим Зулфия. Яқинда 62 ёшга кирдим. 30 йилдан бери деҳқон бозорида савдо қиламан.

Фото: «Дарё»

Болалигимдан фермада сут соғувчи бўлиб ишлаганман. Тўғрисини айтсам, мактабда ўқимаганман. Биринчи синфдан 3-синфгача уч кун борганман холос. Ўқитувчим мактабга келмаганим учун синфдошларим ичида мени қаттиқ урган. Ўша пайтлари қора рангли сиёҳ бўларди. Перони унга теккизиб ёзардик. Калтак еганимдан кейин жаҳл устида ана шу сиёҳдонни ўқитувчимни бошидан қуйиб, қочиб кетганман. Шу бўйи қайтиб мактабга бормаганман. У пайтда ҳозиргидек давомат кучли текширилмасди. Кейин савдога ўргандим. Соғган сут-қатиқларимни бозорга олиб келиб, сотиб кетардим.

Бозор менга кўп нарсани ўргатди

Масалан, ўша пайтлари рус тилини билмасдим. Бозорга мабодо руслар келиб қолса, нархини қўлимда ёки қоғозга ёзиб кўрсатардим.

Кейинчалик оила қурдим, фарзандли бўлдим. Беш-олти йил уйда ўтирдим. Балки кейин ҳам уйда ўтиришим мумкин эди, агар ҳаётимда йўқотишлар бўлмаганида... Бирданига уч яқин инсонимни — ота-онамни, турмуш ўртоғимни тупроққа қўйдим. Ёш эдим, кутилмаган йўқотишдан довдираб, икки ой бир жойда ётиб қолдим. Соғлиғим ёмонлашгандан кейин докторлар текшириб, ўзингизни чалғитинг, бирор иш билан машғул бўлинг деб маслаҳат берди. Хотиралардан қочиш, кўнгил ёзиш ва уч гўдагимни боқиш учун бозорга чиқдим.

Фото: «Unsplash.com»

Одамларни кўриб ёзиламан

Ҳозир болаларим эрталаб мени бозорга ташлаб, кечки пайт ўзлари олиб кетишади. Иложи борича бир кун ҳам бозордан қолмасликка ҳаракат қиламан. Агар уйда қолсам, хотиралар мени еб қўядигандай. Бозорга келиб чалғийман, оғриқларимни унутгандай бўламан.

Ёшим ўтиб борса-да, болаларим бозорга чиқишимга қаршилик қилишмайди. Фақат кичкина ўғлимнинг жаҳли чиқади. «Она, бўлди қилинг, бунақа совуқларда кўчада турманг, касал бўлиб қоласиз», дейди. Лекин катта ўғлим «унақа дема ука, онам қаерда ўзини бахтли ҳис қилса, ўша ерда ишласин», деб ёнимни олади.

Болаларим ҳақида гапирадиган бўлсам, уч фарзандим бор. Бир қиз ва икки ўғил. Қизим ёнимда савдо қилади. Катта ўғлим савдогар, машина олиб сотади. Келиним эса кийим-кечак савдоси билан шуғулланади. Кичкинам киракаш. Барчамиз савдо соҳасидамиз.

Саҳардан бозорда ҳаёт қайнайди

Савдогарлар турли шаҳарлардан: Бахмал, Наманган, Шоҳимардондан мева олиб келишади. Ҳар куни соат 5:00 да келиб, «оптом»дан юк оламан. Кейин қоронғу тушиб, бозор бекилгунча шу ерда тураман.

Биласизми, шерикларимнинг айтишича, эрлари «ёши катта хотин саҳардан келиб иш бошлайди, сенлар кеч келасан», деб уришиб бераркан.

Сотувчининг принциплари

Сотишнинг ҳар хил усуллари бор. Агар тўйга ёки қандайдир маросимлар учун олаётган бўлса, яхши муомала қилса, устига минг сўм қўйиб сотавераман. Ёки биринчи харидор бўлса, бай очиш учун анча нархидан ўтиб бераман. Агар муомаласи ёқмаса, анча қиммат айтаман ё умуман сотмайман.

Одамлардаги менсимаслик хислатини жуда ёмон кўраман

Баъзи харидорлар келиб қўлини учида ёки ердаги «коробка»ни тепиб туриб, мана бу қанча деб сўрашади. Ёмон жаҳлим чиқади. Ахир ейдиган нарсани оёғи билан тепиш яхши эмас. Ўзимизда кўп мевалар йўқ. Одамлар узоқ вилоятлардан қанча қийналиб олиб келишади.

Бу йил олма кам бўлди, шунга яраша  нархи анча баланд. Шунинг ортидан ҳам кўп келишмовчиликлар чиқяпти. Нимага қиммат сотяпсиз деб уришганлар кўп бўлади. Гоҳида «ие ўзингиз қанчага олдингиз демайди-я» деб хафа бўлиб қоламан.

Пул топиш учун бозорга чиқмайман

Дўкон қилиш ниятим бўлмаган, доим очиқда савдо қиламан. Тўғри, қишларда, қаҳратонларда ташқарида туриш қийин бўлади, лекин кўчада сотиш ҳар тарафлама яхши. Ортиқча харажатнинг олдини олади. Масалан, яқинда бир шеригим анчагина пул сарфлаб, «акфа»дан дўкон қилди. Лекин ҳоким келиб бир кунда буздирворди. Шунча пулга куйгани қолди. Шунинг учун очиқда сотган қулай. Ҳозир бир ярим миллионга катта «зонтик» олиб келиб тарқатишди. Арендага олдик. Энди уни ёйиб қўйиб сотаверамиз.

Фото: «Дарё»

Тушум бозорга қараб. Агар яхши бўлса, кунига 80-100 минг сўм топаман. Бўлмади деганда 50-60 минг сўм. Агар қанча кўп дастмоя қилсангиз, шунча кўп қолади. Буниси ҳам бор.

Яна бир гап. Очиғи, бу ерга пул топиш учун чиқмайман. Болаларим яхши топишади. Ишлашимга ҳожат йўқ. Лекин уйда ўтирсам сиқилиб қоламан. Худди уй мени ютиб кетгандек бўлаверади. Шунинг учун қанча топсам ҳам бозорга чиқавераман.

Бозорчи аёллар жанжалкаш бўладими?

Ҳа, аксарияти асабий, уришқоқ бўлади. Чунки ҳаёт уларни шунга мажбур қилган. Ёнидагилар билан жой, мол талашиб уришади. Масалан, мен ўн яшик олма олаётган бўлсам, келиб беш яшигини менга берасиз деб талашади. Шундан кейин жанжал чиқиб кетади.

Биласизми, ҳеч ким жанжалкаш бўлиб туғилмайди, ўз-ўзидан уришқоқ аёлга айланмайди. Ҳаммаси тирикчилик қиламан, болаларимни боқаман деб шу ҳолга тушишади. Мана ёнимдаги аёлнинг яқинда эри оламдан ўтди. Болаларини боқиш учун бозорга чиққан, осон эмас. Улар ҳам аёл! Улар ҳам бахтли яшашга ҳақли. Бироқ аламлар, қийинчиликлар аёлни шунақа қилиб қўяди.

Бунда харидорларнинг ҳам «ҳисса»си катта бўлади. Масалан, ҳозир иккита ёш қиз келиб, олма нархини сўради. Айтсам, «Тавба, уялмасдан 15 минг дейишини қаранглар, қўлларини оғзиларига тиқвопти», деб пичинг қилиб кетишди. Жаҳлим чиқди. Лекин индамадим.

Тўғри, гоҳида бу йил олма кам бўлди-да, шунинг учун ҳозир қиммат деб айтганлар ҳам бўлади. Афсуски, тушунадиганлар орамизда жуда кам-да. Ана шу пичинг, қаттиқ гаплар одамни шунақа асабий ва уришқоқ қилиб қўяди.

Ҳаётимдан мамнунман

Болаларим бор, ҳаммаси ўз йўлини топган. Оилам тинч, ишим бор. Ҳар куни ишдан кейин набираларимга нимадир олиб бораман. Хурсанд қиламан. Ҳаётимдан мамнунман.

Янги келаётган йилдан ҳам ниятларим кўп. Ўғлимнинг кичик фарзандига суннат тўй қилишимиз керак. Тўйни ўтказиб олгандан кейин насиб қилса Ҳажга бориш ниятим бор.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.

Аввалги соядаги одамлар:

«Ўзбекистон фуқаролигини олсам, мендан бахтли одам бўлмасди». Кондуктор аёл ҳикояси

«Онамга қасд қилиб, ҳаётимни барбод қилдим». Адашган қиз ҳикояси

«Давлат идораларининг ҳадеб текширавериши ёқмайди». Этикдўз ҳикояси

«Аравакашлик қилиб, қизимни ТошМИда ўқитдим». Аравакаш амаки ҳикояси

«Тушимда марҳум эрим тинмай оловда ёнарди». Гулчи аёл ҳикояси

«Мусорга ташлаб юборилган 34 миллион сўмни топиб берганман». Чиқинди йиғувчи амаки ҳикояси

Моделлар бойларга жазман бўладими? Модель қиз ҳикояси

«Тарозидан уриб, одамларга қуртлаган жигар ва гўшт сотгани учун қассоблар узоқ яшамайди». Қассоб йигит ҳикояси

«Тиланчилар таксида, ўқитувчилар автобусда юрадиган замонда яшаяпмиз». Киракаш йигит ҳикояси

«Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!» Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпионининг ҳикояси

«Бой ўлса ўлсин, камбағал ўлмасин». Гўрков Юрсунали ота Умаралиев ҳикояси

«Менга ҳеч нарса керакмас, шунчаки бахтли бўлишни хоҳлайман». Мардикорлик қилаётган қиз ҳикояси

«Ўзбекистон ўликхоналарида мурдалар сотилмайди!» Морг ходимининг ҳикояси

«Официантлар қўпол мижозларнинг овқатига тупуриб беришини эшитганман». Официант йигит ҳикояси

«Новвой бўлиб кўз нуримни йўқотяпман». Новвой йигит ҳикояси

Энг кўп ўқилган

Қидирув