Twitter манипуляцияга қарши кураш масаласида микроблоглар хизмати сиёсатини бузганлиги учун 5 929 та аккаунт ўчирилишини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ».

Фото: Shutterstock

Хабарда айтилишича, Twitter жамоаси томонидан ўтказилган текширувда ушбу аккаунтларнинг «Саудия Арабистони томонидан Twitter’да олиб борган ҳокимият манфаатларига хизмат қилувчи кенг кўламли ахборот оперециялари»га алоқадорлиги аниқланган.

Ўчирилган аккаунтлар 88 минг аккаунтдан иборат йирикроқ тармоқнинг марказий бўғини бўлган. Улар Саудия Арабистони билан боғлиқ мақолалар, ушбу мамлакат раҳбариятини ижобий томондан кўрсатувчи хабарларни оммавий тарқатиш (шу жумладан автоматлаштирилган дастурлардан фойдаланган ҳолда), улашиш ва изоҳлар қолдириш ва ҳоказоларга ихтисослаштирилган бўлган.

Twitter’нинг аниқлашича, ушбу мувофиқлаштирилган фаолиятнинг манбаи, Саудиянинг Смаат маркетинг компанияси бўлиб, у ўз мижозлари номидан аккаунтларни очган, сотиб олган ва катта эҳтимол билан уларнинг розилигисиз бошқарган. Шу сабабли Twitter Смаатга микроблоглар сервиси хизматидан фойдаланиш имкониятини бутунлай чеклаган.