Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларига депутатларин сайлаш бўйича 22 декабрь, якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда рўйхатга олинган жами сайловчиларнинг 71,1 фоизи иштирок этди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов маълум қилди.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Бутун мамлакат бўйлаб 10 260 сайлов участкасида жами 18 миллион 797 минг 810 нафар сайловчидан 13 миллион 355 минг 911 нафари овоз берган. Энг юқори фаоллик Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда кузатилган — 75,4 фоиз сайловчи овоз бергани чиққан. Энг суст иштирок эса Тошкент шаҳрида қайд этилди — 60,8 фоиз.

«Дарё» мухбирининг МСК раисига асосланиб хабар беришича, айни вақтда Европа ва АҚШдаги айрим сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда. Хорижда жами 55 та сайлов участкаси ташкил қилинган ва 1 миллион 697 минг 647 сайловчи рўйхатга олинган. Хорижда яшовчи тахминан 89 минг ватандош муддатидан аввал овоз берган эди.

Хабар беришларича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловнинг дастлабки натижалари 23 декабрь куни соат 14:00 да эълон қилиниши кутилмоқда.