Чикатило деган фамилияни эшитган деярли ҳар бир киши ХХ асрда бутун дунёни ларзага солган даҳшатли ва шафқатсиз маньякнинг қилмишларини эслайди.

Унинг устидан тергов ишлари давом этар экан, ҳибсга олинган жиноятчи якка тартибда сақланган. Аксарият терговчилар Чикатило бошқа жиноятчилар билан битта хонада судни кутадиган бўлса, у бу камерада тирик қолмаслигига ишонган. Бунинг сабаби унинг жиноятлари нақадар жирканч ва ғайриинсонийлигидадир. Ҳатто жиноят олами ҳам садистларни қабул қилмайди ва бундай жирканч инсонларни қаттиқ жазолайди.

Бир қарашда оддий бўлиб кўринган бу одамни шундай қотилликлар қилишига нималар ундади? Нима учун қишлоқдан келган оддий йигит бутун дунё ҳанузгача гапирадиган энг даҳшатли, шафқатсиз ва қўрқинчли қотилга айланди? Бу саволларга «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов жавоб қидиради.

Инсон қотил бўлиб туғилмайди, ҳаёт уни шундай тарбиялаши мумкин. Кўпинча тажовузкорлик ва бузуқлик болаликдаги психологик муаммолар, камситилиш ва комплекслар натижасидир.

Болалик

Чикатило 1936 йил 16 октябрда Харьков вилоятининг (Украина) Яблочное қишлоғида туғилди. Шу ерда ўсди ва ўқиди. Кўпчиликнинг таъкидлашича, у туғма неврологик касаллик – гидроцефалия билан оғриган. Нисбатан балоғат ёшида ҳам сийдик ушлаб тура олмаслик муаммосидан азият чекди. Бу ноқулайлик бола онаси томонидан кўп калтакланишининг асосий сабабларидан бири бўлган.

Фото: Wikipedia

У отасини эслай олмас эди, чунки Иккинчи жаҳон уруши даврида асирликдан қайтгач, отаси ватан хоинига тенглаштирилди ва қатағон қилинди.

Чикатило 1944 йилда мактабга борди. Унинг муаммолари туфайли тенгдошлари томонидан доимий масхара қилиш объекти бўлди. Доимий чекланиш туфайли у нормал ўқий олмади, ўқитувчиларга савол беришдан ва диққатни жалб қилишдан қўрқди.

Боланинг психикасини онасининг унинг акасини даҳшатли очарчилик даврида пишириб еб юборишгани ҳақидаги ҳикоялари бузишда давом этди. 1946 йилда Совет Иттифоқида очарчилик бошланганида у ўзини бошқалар тутиб олиб еб қўйишларидан қўрқиб кўчага чиқмай қўйди. Доимий ўзини назорат қилиш ва комплекслар унинг туйғуларини бўғиб қўйди ва бирор нарсадан таскин топишга имкон бермади.

Армия

Чикатило 1954 йилда ўрта мактабни тугатиб, Москва давлат университетига ўқишга киришга ҳаракат қилди, лекин кира олмади. Чикатило имтиҳондан ўта олмаганига ишонмади. Ўқишга кира олмаганининг сабабини «хоиннинг ўғли» деган тамға билан яшаганида деб ўйлади. Шунга қарамай, Чикатило техникумни тамомлади.

1957 йилдан 1960 йилгача бўлажак маньяк бир қатор янги муаммоларни бошидан кечириши керак эди. Бу вақт давомида Чикатило армияда хизмат қилди. У ерда яна хизматдошларидан масхара, ҳақорат ва ҳатто жинсий тажовузга учради.

Стресс, доимий зўриқиш, камситилиш ва атрофдаги адолатсизликдан халос бўлолмаслик Чикатилода бутун дунёга нисбатан нафратни келтириб чиқарди. У тенгдошларига қарши тура олмас эди, лекин ўзидан заиф одамларни эзишдан завқ оларди. Буни ўнинчи синфда у билан юз берган бир воқеа тасдиқлади.

Ўзини англаш куни

Ўша куни ўспирин биринчи марта жинсий қониқишни бошдан кечирди. Бу жинсий алоқа пайтида содир бўлмаган, айнан ўзидан ожиз инсонга қарши куч ишлатган пайтда содир бўлди. Чикатилонинг ҳовлисига ташриф буюрган қиз бирмунча вақт йигитни асабийлаштириб, у билан зиддиятга киришди. Бунга бардош беролмай Андрей уни ерга йиқитди. У 13 ёшли қизга нисбатан ҳеч қандай жинсий тажовуз қилмади, шунчаки қизнинг қичқириқлари ушбу кутилмаган натижани берди.

Ўқитувчи

Армиядан сўнг Чикатило Ростов-Дон вилояти яқинидаги Родионов-Несветайская қишлоғига кўчиб ўтди. У муҳандислик ишини ижодий касб билан уйғунлаштирди. Чикатило вилоятнинг «Знамя» газетаси учун мақолалар ёзди. Бу ишлар унга завқ ва қониқиш олиб келмади.

Фото: Wikipedia

Кейинроқ Ростов университетининг сиртқи бўлимига ўқишга кириб, уни тугатди. Беш йил ўтгач, у яна бир олий маълумотли бўлди. Педагогика институти қошидаги марксизм-ленинизм университетини тамомлади. Бу унга ўқув муассасаларида раҳбарлик ўринларини эгаллашга ва дарс беришга имкон берарди. Айнан шу ерда Андрей Чикатилонинг йўли бошланди. Инсонлар қонидан из қолдирилган йўл...

Туман жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг раиси бўлиш (1965) келажакдаги қотилга ёқадиган биринчи иш эди. Ўсмирлар билан мулоқот қилиш, уларни кузатиш ва болалар психологиясини ўрганиш – буларнинг барчаси уни қизиқтирди. Ёш болаларга қизиқиш аста-секин ўсиб борди.

1970 йилда у 32-сонли мактаб-интернат жамоасига қўшилди. Бу ерда у рус тили ва адабиёти ўқитувчиси, ўринбосар ва ҳатто директор бўлишга муваффақ бўлди. Мартабасининг бундай тез ўсишига қарамай, у ишдан кетишга мажбур бўлди. Бунга икки ўқувчи қизнинг у томонидан таъқиб қилинаётгани тўғрисидаги шикоятлари сабаб бўлди.

Мактабни «ўз хоҳиши билан» қолдириб, Новошахтинск ГПТУ-39 да ишлаб чиқариш таълими устаси лавозимини эгаллади. У бу ерда ҳам ички ҳис-туйғуларини ва болаларга қизиқишини яшира олмади.

Шахсий ҳаёт

Андрей Чикатило уйланди ва иккита фарзанд кўрди.

Чикатилонинг оилавий ҳаёти тинч ва осойишта эди. Ҳаттоки хотини унинг барча қилмишларини билиб, эшитганларига ишона олмаган. Унинг сокин, мослашувчан, меҳнатсевар ва ҳамдард эри, икки фарзанднинг отаси болаларни шафқатсизларча ўлдириб, кейин уйига қайтиб, қизи ва ўғли билан ўйнаганига ишонмаган.

Кўпчилик уни таниганлар йиллар давомида камтарин, ўқимишли ва юмшоқтабиат бу одам ҳатто пашшага озор бермаган деб ҳисоблаган.

У бутун СССР ота-оналарининг қалбига қўрқув сингдирди. Ўн йил давомида тезкор қидирув ходимлари маньякни топишга ҳаракат қилди, ота-оналар ва ўз фарзандларини ҳамма жойда кузатиб юрди, бундан ташқари, расмийлар Чикатилонинг ишларида бегуноҳ Александр Кравченкони айблаб, унга олий ҳукм эълон қилиб, отиб ташлашга ҳам улгурган эди.

Биринчи қон

Чикатилонинг биринчи қурбони тўққиз ёшли Елена Закотнова эди. Айнан ушбу қотиллик зўравонни мамнун қиладиган нарсани аниқ кўрсатиб берган эди. Закотнованинг ўлдирилишида мутлақо бошқа одам – Александр Кравченко айбланиб, отиб ўлдирилган.

Тергов давомида қиз биринчи қурбон бўлганини Чикатилонинг ўзи айтган.

Қизни кулбага олиб кирганимдан кейин унга ташландим. У қичқирди, мен оғзини қўлларим билан ёпдим... Бу қичқириқлар эҳтиросимни ҳаддан ташқари юқори нуқтага олиб келди. Мен уни бўғиб қўйганимда у ҳирилларди. Айнан ўша пайтда мен ҳаётимдаги энг ёрқин оргазмни бошдан кечирдим.

Қиз билан бўлган воқеадан сўнг Чикатило уч йил ўзини ушлаб турди. Лекин ўша «ёрқин ҳислар»ни такрорлаш истаги кучайиб борарди.

Маҳлуқ

1982 йил Совет Иттифоқининг ҳар бир фуқаросини даҳшатга солди. Қўрқув ота-оналар ва болаларни тарк этмас эди. Милиция ходимлари янгидан янги жасадларни шахсини аниқлаш учун ҳар ой (баъзан бир неча бор) ўрмон йўлига ташриф буюрарди.

Жиноятчи қурбонларини шафқатсизларча ва ваҳшиёна ўлдирарди: ўғил болаларнинг моягини кесиб ташлар, аёлларнинг кўкрак безини ғажиб, жинсий аъзоларини кесиб ташларди, пичоқ билан таналарига кўп сонли жароҳатлар етказар, кўзларини ўйиб оларди.

Фото: Wikipedia

Қурбонларининг жинсий аъзоларига нисбатан бундай шафқатсизлиги ва нафратининг сабаби унинг ўзига бўлган шубҳаси эди. Чикатило ўзини қурбонларининг азобини томоша қилишдан завқланадиган ярим импотент деб ҳисобларди.

У биринчи марта 1984 йилда қўлга олинган. Участка инспекторига бу одамнинг феъл-атвори шубҳали туюлган. У жуда ҳаяжонланган ва ўспиринларга тегажоғлик қилган. Унинг жомадонидан чиққан пичоқ, арқон, ифлос сочиқ, вазелин эса бу шубҳаларни тасдиқларди.

Айбни тасдиқлайдиган ёки рад этадиган асосий далил сперма излари эди. Афсуски, у пайтда тиббиёт унчалик ривожланмаган, уруғлик гуруҳи қон гуруҳига тўғри келиши керак деб ишонилган. Чикатилонинг бу борада ўзига хослиги (бу иккала таҳлил ўртасидаги номувофиқлик) унинг фойдасига ўйнади. Кўп ўтмай далиллар йўқлиги туфайли у айбсиз деб топилиб, қўйиб юборилди.

Чикатилонинг ҳибсга олиниши

Шу тариқа қотил озод қилинди ва яна олти йил давомида шафқатсизликларини давом эттирди.

Жиноятлар давом этаётган пайтда терговчилар «Ўрмон камари» операциясини бошлади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир неча йиллар давомида айёр маньякнинг изига тушди ва фақатгина 1990 йилда Чикатилони ҳибсга олишга муваффақ бўлди.

Навбатдаги қотилликдан кейин маньяк темир йўл станциясига йўл олди ва у ерда полиция сержанти томонидан тўхтатилди. Сержант ундан ҳужжатларини кўрсатишни сўради. Шубҳали нарсани сезмаган милиционер Чикатило фамилясини ёзиб олиб, уни қўйиб юборди.

Жасад топилиши сўнгги бир ҳафта ичидаги барча ҳужжатлар қайта кўриб чиқишга ундади. Терговчилар Чикатило фамилиясига дуч келганида уни қўлга олишни режасини бошлади. Улар маньякни дўкондан уйга қайтаётганида ушлади. Чикатило ҳибсга олинганидан ўн кун ўтиб гапира бошлади.

Суд ҳукми

1992 йилги судда Чикатило 56 та қотилликда айбни тан олди. Уни отувга ҳукм қилишди, бу суд залида ўтирганларнинг барчасини қониқтирди. Ғазабланган ота-оналар ўша ернинг ўзидаёқ уни ўлдиришни хоҳларди, маньякни бундан баланд темир қафас сақлаб турарди холос.

Чикатило президент Ельцинга кўплаб мактублар ёзди, авф этишни, ҳаётини сақлаб қолишни сўради. Лекин унинг сўровлари рад этилди. Ниҳоят 1994 йил 14 февраль куни қонхўр садист, болалар ва аёллар кушандаси Андрей Чикатило бошининг орқа қисмига тўппонча ўқини қабул қилиб олди.

Ҳозирги вақтда бу садист ва маньяк ҳақидаги гаплар тўхтагани йўқ. У ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар ва дастурлар суратга олинди. Бу меҳр ва эътиборсиз қолиб, ҳақиқий йиртқич ҳайвонга айланган боланинг тарихи эди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.