Тарихда жуда ёшлигидан бутун бирдавлатни бошқарган ва дунёни титратган ҳукмдорлар кўп ўтган. Аммо бугунги кунимизда ҳам ёш бўлишига қарамай, катта давлатларни бошқараётган давлат раҳбарлари йўқ эмас. Ана шундай ёш давлат раҳбарларидан бири Франция V республикасининг саккизинчи президенти Эммануэль Макрондир. 21 декабрь – Эммануэль Макрон туғилган кун. Шу муносабат билан «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов бу шахс ҳақида сўз юритади.

Франция республикасининг энг ёш президенти Эммануэль Макрон 1977 йилнинг 21 декабрь куни Франциянинг Амьен шаҳрида шифокорлар оиласида дунёга келди. Оилада каттаси фарзанд бўлган Эммануэлнинг бир укаси ва бир синглиси бор.

Фото: France24

Болалалигининг асосий қисмини она томондан бувисиникида ўтказди. Илк саводини иезуитлар мактабида чиқарган Макрон мактабни аъло баҳолар билан битирди. 16 ёшида француз тили танловида ғалаба қозониб, Амьен консерваториясининг пианино бўйича мукофотини қўлга киритди.

Мактабни тугатиб, Париждаги Генри IV лицейига ўқишга кирди. Лицейни тугатиб, Париж сиёсий фанлар университетига ўқишга кирди. Университетни муваффақиятли тамомлади. 1999 йилдан бошлаб файласуф Поль Рикёрнинг ёрдамчиси сифатида иш бошлаб, унинг сўнгги китобларидан бирининг нашрида иштирок этди.

Фаолияти

2002 йилда Бошқарув миллий мактабига (ENA) ўқишга кириб, 2004 йил у ерни тамомлаб, фаолиятини молия инспектори ёрдамчиси вазифасидан бошлади. 2005 йилда инспектор лавозимига кўтарилди. 2008 йилгача инспекцияда ишлаган Макрон бундан буён Ротшильдлар банкида ишлай бошлади. 2010 йилда банк бошқарувчиси лавозимигача кўтарилди.

Сиёсат оламига Франсуа Олланд президентлиги пайтида қадам қўйди. Социалистик партия аъзоси сифатида Франсуа Олланднинг сайловолди кампаниясида иштирок этди. 2012 йилги президент сайловидан кейин Олланд уни Елисейга таклиф қилди. Президент маъмуриятида бош котиб лавозимида ишлай бошлади.

Фото: AP

2014 йилгача жамоатчиликка унча таниш бўлмаган Макрон 26 август куни Бош вазир Мануэль Вальц ҳукуматида Франция иқтисодиёт вазири этиб тайинланди. Бу лавозимда икки йил фаолият олиб борган Макрон 2016 йилда ўз партиясини тузиб, вазирликдан истеъфо берди ва президентлик сайловида қатнашиш учун номзодини илгари сурди.

2017 йил май ойида бўлиб ўтган сайловда мутлақ ғалаба қозониб, Франция республикасининг навбатдаги президенти этиб сайланди. Бу билан у Франция республикаси тарихида энг ёш президент бўлди.

Парламент сайловида кўпчилик овоз олган президент партияси янги ҳукуматни шакллантирди. Партия аъзоси Эдуард Филипп бош вазир этиб тайинланди.

Брижит Эммануэлдан неча ёш катта?

Макроннинг шахсий ҳаёти кўпчиликка ғайритабиий бўлиб кўринади. Сабаби, у лицейдаги собиқ ўқитувчиси Брижит Троньёга уйланган.

Эммануэль билан турмуш қурганидан сўнг у Брижит Макрон сифатида омма олдида кўриниш бера бошлади. Баъзи таҳлилчилар Макроннинг муваффақиятлари айнан шу аёл туфайли эканини таъкидлайди. Сабаби, Брижит Эммануэль билан турмуш қурмасидан олдин юқори давлат лавозимларида фаолият юритган. Айрим таҳлилчилар эса Макрон президентликка сайланишини у бир пайтлар фаолият юритган Ротшильдлар банки билан боғлайди.

Фото: Best Image

Бизнингча, Макрон Францияда ўтган ҳақиқий демократик сайловлар натижасида Франция халқининг истаги билан президент этиб сайланган. Чунки ўша пайтда амалдаги президент Франсуа Олланд французларнинг ҳафсаласини пир қилган эди. Давлат янги қонга муҳтож эди. Айнан шу вазиятда Макрон ўз партиясига асос солди ҳамда француз халқини рози қиладиган ваъдаларни бера олди.

Президентлик

Сайловнинг иккинчи турида консерватив руҳдаги Миллий фронт партияси лидери Марин Ле Пен билан қарама-қарши келган Макронга сайловчиларнинг 66 фоиздан юқори қисми овоз берди. Аммо президентлик муддатининг тенг ярми ортда қолар экан, унинг бошқарувидаги Франция бир неча бор бўҳронли кунларни бошидан ўтказди. Бу даврдаги Макрон бошқаруви асосан қуйидаги воқеалар билан ёдда сақланиб ажралиб турадиган бўлди: меҳнат қонунчилиги ислоҳоти, мамлакат темир йўл тизимидаги ислоҳот, бир йилдан ошиқ давом этган сариқ нимчалилар норозилик намойишлари ва бутун  мамлакат бўйлаб ташкил этилган катта миллий дебатлар. Сўнгги кунларда нафақа ислоҳоти натижасида мамлакат яна норозилик намойишлари гирдобига шўнғиб кетди.

Макроннинг муҳокамаларга сабаб бўлган иқтибослари

Сиёсий фаолияти давомида Макрон муҳокамаларга сабаб бўлувчи қатор фикрлар айтган. Қуйида уларнинг энг сермуҳокамаларини келтириб ўтамиз.

Фото: Reuters

2014 йил 17 сентябрь куни GAD заводидаги бретон ишчиларни саводсизлар деб ҳақорат қилди. Ўша пайтда кенг муҳокамага сабаб бўлган бу гапи учун кейинчалик узр сўради.

Иқтисодиёт вазири сифатида фаолият юритган пайтда Лунель коммунасидаги иш ташловчиларга қарата шундай деганди:  «Сиз мени футболкаларингиз билан қўрқита олмайсиз, костюм сотиб олиб ишлаш керак».

2017 йил 4 февралда «Ҳеч қандай француз маданияти йўқ, Франция маданияти бор, у хилма-хилдир», деганди. Шунга ўхшаш фикрни Лондонда ҳам такрорлаб, ҳақиқий француз санъатини ҳеч қачон кўрмаганини таъкидлаганди.

2017 йил 11 июлда G20 саммитида Африка ҳақида айтган гаплари француз матбуотида муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўшанда у саммит қатнашчиларига қарата «Африкада туғилишлар сонини қаранг, миллиардлаб евро сарфласангиз ҳам у ерни тартибга сола олмайсиз», деган эди.

Эслатиб ўтамиз, Францияда президент сайлови ҳар беш йилда ўтказилади, бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас. Навбатдаги сайлов 2022 йил май ойида ўтказилади. Бу сафар ҳам Макрон ғалаба қозонадими, йўқми, буни вақт кўрсатади, аммо мамлакатда юз берган воқеалар бу масалани сўроқ остида қолдирмоқда.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.