2019 йилнинг январь—ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг импорт ҳажми 22 014,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг қисмлари (44,1 фоиз), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,0 фоиз) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари (7,6 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Фото: «Autostrada.uz»

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон 370,6 миллион долларлик енгил автомобиллар импорт қилди.

Таъкидланишича, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 52,6 фоизга кўпдир.

Йил бошида чет эл автомобилларини импорт қилиш ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баравар кўп бўлган бўлса, баҳор бошида — 2,2 баравар, ёз бошида у 67 фоизгача тушган, августда 72 фоизга қадар кўтарилди, сентябрда 74 фоизни ташкил этди.

Чет эл автомобиллари импорти ортишига январь ойида уларни келтириш осонлаштирилгани билан боғлиқдир. Агар автомобиль 40 минг доллар турса ва ишлаб чиқарилганидан икки йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, унга нисбатан нол қийматдаги бож тўлови ва акциз солиғининг 20 фоизи жорий этилади. Бироқ 2020 йил 1 январдан импорт қилинадиган қиммат енгил автомобилларга қўлланилган божхона қийматининг 20 фоизи миқдоридаги имтиёзли ставка бекор бўлади.