Бундан 40 йил муқаддам шу санада – 24 декабрда Афғонистон ва СССР ўртасида уруш бошланган. Миллиондан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган, ҳанузгача Марказий Осиё минтақасид ва бутун дунё хавфсизлигига жиддий таҳдид бўлиб турган бу уруш ҳақида «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов ҳикоя қилади.

Евросиёнинг қоқ марказида жойлашган геосиёсий ўрни – Жанубий ва Марказий Осиёнинг бирлашиш нуқтасида жойлашгани сабабли Афғонистон бутун Марказий Осиёда ҳарбий-сиёсий вазият барқарорлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади.

Фото: Wikipedia

XIX асрдан бошлаб «Катта ўйин» номи остида Россия ва Британия империялари ўртасида Жанубий ва Марказий Осиёда устунлик учун кураш борди. Аммо бу курашда бирор томон яққол устунликка эришмади ва Афғонистонни мустамлакасига айлантира олмади.

Монархия ағдарилиши ва Довуднинг ҳокимиятга кўтарилиши

1973 йилда Афғонистон қироли Зоҳиршоҳнинг Италияга ташрифи пайтида мамлакатда давлат тўнтариши содир бўлди. Афғонистонда биринчи республикани эълон қилган Зоҳиршоҳнинг қариндоши Муҳаммад Довуд ҳокимиятни қўлга киритди.

Довуд авторитар диктатура ўрнатди ва ислоҳот ўтказишга ҳаракат қилди, лекин бу муваффақиятсиз якунланди. Бундан ташқари, мамлакатда умумий саводсизлик юзага келди: аёлларнинг 96,3 фоизи, қишлоқ жойлардаги эркакларнинг 90,5 фоизи саводсиз эди.

Аслида Афғонистонда қабилалар жамоати ва феодализм даврига хос тартиб ҳукмронлик қилган. Афғонистон тарихидаги биринчи республика даври кучли сиёсий беқарорлик, коммунистик ва исломий гуруҳлар ўртасидаги рақобат билан ажралиб туради.

Довуд ҳукмронлиги 1978 йил апрелда Савр инқилоби натижасида ўзи ва оиласи қатл этилиши билан якунланди.

Савр инқилоби

1978 йил 27 апрелда Афғонистонда Апрель (Савр) инқилоби бошланди. Оқибатда Афғонистон халқ демократик партияси (АХДП) ҳокимият тепасига келди ва мамлакатни Афғонистон Демократик Республикаси (АДР) деб эълон қилди.

Мамлакат раҳбариятининг Афғонистонни қолоқликдан чиқариши керак бўлган янги ислоҳотларни амалга оширишга уриниши исломий мухолифат қаршилигига дуч келди. 1978 йилда Афғонистонда фуқаролар уруши бошланди.

1978 йил 8 майда Афғонистон ҳукумати СССРнинг Кобулдаги элчиси орқали совет ҳукуматига зудлик билан Афғонистонга совет маслаҳатчиларини – партиявий, ҳарбий, иқтисодий мутахассисларни, КГБ ходимларини АДР хавфсизлик хизматларини ташкил этишда ёрдам бериш учун юборишни илтимос қилиб мурожаат қилди. Май ойининг иккинчи ярмида КГБ зобитлари Афғонистонга жўнади.

Фото: Wikipedia

30 июнда СССР Министрлар Советининг қарори билан АДР хавфсизлик идораларида КГБ ваколатхонаси ташкил этилди. 5 августда КГБ ва АДР хавфсизлик идоралари ўртасида Афғонистон хавфсизлик кучларига разведка, контрразведка, ҳарбий контрразведка, миллий кадрларни тайёрлаш, техник ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш соҳасида маслаҳат ёрдами кўрсатилиши кўзда тутилган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Совет қўшини киритилиши билан боғлиқ воқеалар

1979 йил 18 мартда КПСС Марказий Қўмитаси тезкор қарорлар қабул қилиш ва Қўмита Сиёсий бюросига таклифлар киритиш учун Афғонистон бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясини тузиш ҳақида қарор қабул қилди; унинг таркибига М.А. Суслов, А.А. Громико, Д.Ф. Устинов, Ю.В. Андропов, Б.Н. Пономарёв, И.В. Архиповлар кирди.

1979 йил март ойидаги Ҳирот қўзғолони пайтида советларнинг қўзғолонга тўғридан тўғри ҳарбий аралашуви ҳақидаги Афғонистон раҳбариятининг биринчи сўрови амалга оширилди. Аммо КПСС Марказий Қўмитасининг Афғонистон бўйича комиссияси Совет Иттифоқи аралашувининг аниқ салбий оқибатлари тўғрисида Сиёсий бюрога хабар берди ва сўров рад этилди.

Ҳиротдаги қўзғолон совет – афғон чегараси яқинида совет қўшинларини кучайтиришга мажбур қилди. Мудофаа вазири Д.Ф. Устиновнинг буйруғига биноан 103-гвардия ҳаво десант дивизиясини Афғонистонга туширишга тайёргарлик кўрилди. Афғонистонда совет маслаҳатчилари (шу жумладан ҳарбий маслаҳатчилар) сони кескин ошди. 10 декабрдан Д.Ф. Устиновнинг шахсий буйруғига биноан Туркистон ва Ўрта Осиё ҳарбий округларининг бўлинмалари ва таркибий қисмларини жойлаштириш ва сафарбар қилиш амалга оширилди. Яқинлашиб келаётган воқеаларда асосий зарба берувчи куч сифатида тайинланган 103-сонли Витебск гвардия авиация десанти кута бошлади.

Фото: Wikipedia

1979 йил 12 декабрда Сиёсий бюро йиғилишида Афғонистонга ҳарбий қўшин юбориш ҳақида қарор қабул қилинди. 24 декабрда Кобулдан 50 километр шимолда жойлашган Баграм аэродромига биринчи контингент қўнди ва шу билан уруш ҳаракатлари бошланди.

АҚШ – томошабин эмас

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Роберт Гейтснинг хотираларига кўра, 1979 йил 3 июлда АҚШ президенти Жимми Картер Афғонистонда ҳукуматга қарши кучларни молиялаштиришга рухсат берувчи президентнинг махфий фармонига имзо чеккан. Роберт Гейтс ўз хотираларида АҚШ разведка идоралари совет аралашувидан олти ой олдин афғон мужоҳидларига ёрдам бера бошлаганини таъкидлаган.

Марказий разведка бошқармаси назорати остида ҳукуматга қарши қуролли гуруҳларга қурол етказиб берилди. Покистонда афғон қочқинларининг лагерларида қуролли гуруҳлар учун махсус ўқув марказлари жойлаштирилди. Дастур асосан Покистон разведкасини молиялаштириш, қурол-аслаҳа етказиб бериш ва афғон қаршилик кучларини ўқитиш учун ишлатишга асосланган эди.

Амин саройига ҳужум

27 декабрь куни кечқурун совет махсус кучлари АХДП етакчиси Ҳафизулло Аминнинг саройига бостириб кирди. 40 дақиқа давом этган операция оқибатида Амин ўлдирилди. «Правда» газетаси эълон қилган расмий талқинга кўра, «оммавий ғазаб тўлқини натижасида Амин ва унинг шериклари адолатли халқ суди олдида пайдо бўлди ва қатл этилди».

Фото: Wikipedia

27–28 декабрга ўтар кечаси коммунист Бабрак Кармал Баграмдан Кобулга этиб келди ва радио орқали афғон халқига мурожаатида инқилобнинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди.

Уруш

1980 йил январь ойида совет қўшинининг чекланган ҳарбий контингенти (СҚЧҲК) бўлинмалари совет мутахассислари ишлаётган афғон йўллари, аэродромлари ва иншоотларини ҳимоя қила бошлади. АДР қуролли кучлари, кичик зобитлар ва мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этилди.

Ҳарбий ҳаракатларга кириш тақиқланганига қарамай, январь ойи бошида Наҳрин округидаги АДР армиясининг 4-артиллерия полки ҳукуматга қарши кўтарган қўзғолонини бостиришда СҚЧҲКнинг бир неча бўлинмалари иштирок этди.

1980 йил февраль ойида мужоҳидларнинг механизациялашган колонналари ва совет қўшини гарнизонларига ҳужумлари тобора кучайиб борди, ой охирида Кобулда ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди ва совет элчихонаси ўққа тутилди. Шундан сўнг СССР раҳбарияти қуролли мухолифатни йўқ қилиш учун АДР армияси билан фаол жанговар операцияларни бошлашга қарор қилди.

СССР Мудофаа вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, турли йилларда Афғонистонда совет ва афғон ҳукумат кучларига қарши чиққан жангарилар сони 47 мингдан 173 минггача бўлган.

1980 йил март ойидан бошлаб совет қўшини СССР Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона режа асосида мамлакатда ҳарбий операцияларни ўтказа бошлади. Шу билан бирга, совет ҳарбий мутахассислари ёрдамида афғон қуролли кучларини қайта ташкил этиш ва мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди. Кейинчалик 1985 йил апрель ойида, СҚЧҲК фаол кенг кўламли ҳарбий операциялардан кўра афғон ҳукумат кучларинининг операцияларини авиация, артиллерия ва керак бўлганда жанговар муҳандислик тузилмалари ёрдамида қўллаб-қувватлашга ўтди. Мухолифат карвонларига қарши ҳужумлар совет махсус кучлари томонидан давом эттирилди.

Фото: Wikipedia

Умуман 1979–1989 йилларда ўта хавфли мужоҳид гуруҳлари ва уларнинг катта базаларини йўқ қилиш учун 416 та кенг кўламли операция ўтказилган. Улар орасида Панжшер дарасида дала қўмондони Аҳмадшоҳ Масъуд жангариларига қарши Панжшер операцияси (1980–1985), Покистон билан чегарадош ҳудудларда Кунар операцияси (1985), Жавар базасини йўқ қилиш операцияси (1986), Хост шаҳрининг озод қилиш бўйича «Магистрал» операцияси (1987–1988) ва бошқалар.

Совет қўшини, шунингдек, исломий жангарилар бўлинмаларига қарши режадан ташқари ҳарбий операцияларда ҳам иштирок этди. 1984–1987 йилларда «Парда» ҳаракат режаси Покистон – Афғонистон ва Эрон – Афғонистон чегараларида амал қилар эди. Ушбу режа доирасида СҚЧҲК қўшини ҳар куни мужоҳидлар карвонларига қарши 30–40 пистирма ташкил этарди.

Охир-оқибат бирибир ҳукумат кучлари ҳатто СССР кўмагида ҳам АҚШ ва араб мамлакатлари қўллаб-қувватлаган мужоҳид гуруҳларини бутунлай йўқ қила олмади. Умуман олганда, бу уруш совет қўшини партизан тактикасига таяниб урушадиган душманга қарши самарали кураша олмаслигини кўрсатди.

Хулоса

Уруш давомида СССР доимий мақсадларни кўзлаган – қуролли мухолифат қаршиликларини бостириш ва афғон ҳукуматини кучайтириш. Барча саъй-ҳаракатларга қарамай, оппозицион тузилмалар сони йилдан йилга ўсиб борди. 1986 йилга келиб мужоҳидлар Афғонистон ҳудудининг 70 фоиздан ортиқ қисмини назорат қиларди.

Урушда ҳалок бўлган афғонларнинг аниқ сони маълум эмас. Энг кенг тарқалган рақам – 1 миллион. Афғонистонни ўрганган америкалик тадқиқотчи, профессор М. Крамернинг сўзларига кўра, «тўққиз йил давомида 2,7 миллиондан ортиқ афғон (асосан тинч аҳоли) ўлдирилган ёки майибланган, яна бир неча миллион киши қочқинга айланган ва мамлакатни тарк этган».

СССР йўқотишлари эса 1999 йил 1 январь ҳолатига кўра қуйидагича:

Совет армияси – 14 427;

КГБ – 576 (шу жумладан 514 чегара қўшини ходими);

ИИВ – 28;

Ҳаммаси – 15 031 киши.

Соғлиги сабаб ҳарбий хизматдан бўшатилган 11 294 киши ногирон бўлиб қолган.

Бу уруш ҳеч нарсани ҳал қилмади. 1989 йилга келиб совет қўшини мамлакатдан чиқарилди. Геополитик нуқтаи назардан аллақачон чокидан сўкилишни бошлаган СССР учун урушнинг аҳамияти қолмаган эди. Лекин бу ўлкага урушдан сўнг тинчлик келмади. Совет аскарлари мамлакатдан чиқиб кетгач, Афғонистон янаям қонли ва даҳшатли фуқаролар урушига шўнғиб кетди. Лекин бу энди бошқа мавзу...

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.