Ўзбекистонда икки йил ичида 58 мингдан ортиқ чиройли авторақам кимошди савдолари орқали сотилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 24 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов маълум қилди.

Фото: «Халқ сўзи»

Ўзбекистон ҳукуматининг 2017 йил 31 августдаги 683-сонли қарорига асосан, 2017 йил сентябридан чиройли, талабгир («золотой») авторақамларни оширилган тўлов ставкаси бўйича биржа орқали сотилиши йўлга қўйилган эди.

Маълум бўлишича, 2017 йил 1 сентябридан 2019 йил 1 декабригача аукционга қўйилган 91 767 давлат рақам белгиларидан 58 610 таси сотилган. Шундан давлат бюджетига 300 миллиард сўмга яқин маблағ тушган (ҳар бир рақам ўртача 5,1 миллион сўмдан сотилган).

«Ушбу маблағнинг 80 фоизи давлат, 20 фоизи эса Ички ишлар вазирлиги ҳисобига йўналтирилди», — дея Азизбек Икромовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.