1895 йилнинг 28 декабрь санасида Вюрцбург физика-тиббиёт журналида муаллиф Вильгельм Конрад Рёнтгеннинг сарлавҳаси соддагина – «Нурнинг янги тури ҳақида» – деб номланган мақоласи чоп этилди. Унда Вюрцбург университети физик мутахассиси Рёнтген томонидан кўзга кўринмас, лекин кўплаб моддалардан бемалол ўта ола оладиган номаълум нур кашф қилингани ҳақида хабар берилган эди. Бугун ушбу тарихий мақолага 125 йил тўлди. Шу сана муносабати билан травматолог врачларнинг яқин ёрдамчиси бўлмиш рентген нурларининг очилиш тарихи ҳақида ҳикоя қиламиз.

Вильгельм Рёнтген (ҳа, ҳайрон бўлманг, унинг фамилияси айнан Рёнтген, Рентген эмас) 1845 йилда Дюссельдорфда туғилган. У мактабда фақат физикадан аълога ўқиган ва бошқа фанларни ўзлаштиришда бироз қийналган. Кейинчалик у Утрехт университетида устози Август Кундт қўли остида таълим олган ва унинг ассистенти бўлиб ҳам ишлаган.

Вильгельм Конрад Рёнтген.
Фото: Google Photos

Олий маълумотни тўлиқ эгаллагач, Рёнтген Страсбург университетида физика профессори лавозимида ишлай бошлади. Шу билан бирга, қатор илмий тадқиқотлар олиб борди. Кимки Рёнтгенни яқиндан таниса, у ҳақда албатта кучли шижоат билан тинимсиз меҳнат қилишини, ўта тиришқоқлигини эътироф этган. 1894 йилда Рёнтген илмий нуфузи бутун Европа илмий жамоатчилиги доирасида аллақачон тан олинган кучли профессор физик эди. Уни шу йили Вюрцбург университетига ректор қилиб тайинлашди.

Қаерда ва қандай лавозимда ишламасин, Рёнтген биринчи навбатга илмий изланишларни қўядиган олим бўлган. У одатда лабораториясида тун яримдан оққунча ишларди. 1895 йилнинг 8 ноябрь санасида ҳам у одатдагидек ишни жуда кеч тугатди ва ҳамма асбоб-ускуналарни, чироқни ўчириб, энди чиқмоқчи бўлганида лабораториянинг бир бурчагида, қоронғуда сезилар-сезилмас хира яшил ёғду чиқиб турганини пайқаб қолди. Ушбу ёғду шаффоф суюқлик сақланаётган банкадан чиқаётган эди. Унга қарама-қарши тарафда эса вакуум трубкаси бўлиб, шошилинчда физик уни ўчиришни эсдан чиқарганди. Трубкани ўчириб қўйиши билан банкадаги ёғду ҳам йўқолди. Демак, вакуум трубкаси ва унинг қаршисидаги шаффоф суюқликнинг ёғдуланиши орасида аниқ боғлиқлик бор! Рёнтген бунинг моҳияти нимада экани билан қаттиқ қизиқиб, текшириб кўриш учун қайтадан ишга киришди ва трубка қандайдир кўзга кўринмас нур чиқараётганини аниқлади.

Вакуум трубкадан чиқаётган нур кўзга кўринмаса-да, банкадаги шаффоф суюқликка келиб тушаётгани ва шу сабабли банкада ёғду пайдо бўлаётгани аниқ эди. Олим трубка билан банка орасидаги нур йўлига турли буюмлар – оддий дафтар-қоғози, қалинроқ картон, ёғоч ғўла, шиша ойна ва ҳоказолар қўйиб кўрди. Нур бу материаллар орқали бемалол ўтиб кетаверишини кўрган Рёнтген энди металл буюмларни қўллаб кўришга ўтди. У аввалига ичида металл қадоқтошлар сақланадиган қути билан нур йўлини тўсиб кўрганида трубканинг қарама-қарши тарафида қути ичидаги қадоқтошларнинг аниқ тасвири ҳосил бўлаётганини кўрди. Шу тариқа у ғаройиб нур нималар орқали ўтиши ва нималардан ўта олмаслигини текшириб чиқа бошлади. Охири у нурни ўз кафти билан ҳам тўсиб, панжа скелети тасвирини олгач, қандай муҳим кашфиёт қилганини англаб етди.

Рёнтгеннинг ўзи мазкур кашфиётини «х-нурлар» (x-rays) деб атади. У шунчаки математикадаги номаълумлик белгиси – х ҳарфини қўллаган эди. Бу билан олим физикада қандайдир аввал номаълум нурга дуч келганига урғу берган албатта.

Кейинги бир неча кун ичида яна қатор тажриба ва синовларни олиб борган олим рафиқаси Берта Людвигнинг қўл панжаси скелетининг фото-рентген тасвирини олди ва кашфиётни илмий жиҳатдан баён қилишга киришди. Ўша йилнинг 22 декабрь санасида олим Вюрцбург университетида илмий кенгаш чақириб, амалга оширган кашфиёти ҳақида йиғилганларга ахборот берди. Унинг кашфиёти бутун Германия физика ва тиббиёт ҳамжамияти аъзолари кўз ўнгида катта фурор кўтарди. Ҳамма кашфиётнинг тиббиёт учун нечоғлик катта аҳамият касб этишини эътироф эта бошлади. Кейинги 1896 йил давомида Рёнтгеннинг ўзи ва шогирдлари олиб борган тадқиқотлар асосида бу нурнинг яна қатор ажойиб хоссалари аниқланди; тиббиёт муассасалари учун қулай рентген аппаратлари ясалиб, бир неча шифохонага ўрнатилди. Рентген нурлари физика тарихида деярли дарҳол амалий қўлланишга ўтилган ва катта натижалари бера бошлаган кашфиётлардан биридир.

Кашфиёт учун Вильгельм Конрад Рёнтген 1901 йилда физика бўйича дастлабки Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Табиатан жуда камтар одам бўлган Вильгельм Рёнтгеннинг ўзи бу нурни шунчаки «х-нур» деб номлаган бўлса-да, бошқа олимлар ва нуфузли илмий журналлар кейинчалик уни олим шарафига атай бошлади. Шу тариқа бугунги кунда тиббиёт, божхона, металлургия ва заргарлик соҳаларида сифат назорати ва бошқа кўплаб соҳаларда беназир ёрдамчи бўлган рентген кашф қилинган эди. Айниқса травматологияда ҳамда кўкрак қафаси аъзолари диагностикасида ва умуман тиббий визуализация соҳасида рентген нурларининг аҳамияти беқиёс. Бу орқали вақтида ташхис қўйилган неча-неча одамлар ҳаёти сақлаб қолинган ва сақлаб қолинмоқда.

Музаффар Қосимов