Ёдингизда бўлса, бир муддат аввал «Дарё» товушдан тез учувчи Ту-144 ва «Konkord» самолётлари тарихи ҳақида мақола берган эди. Унда товушдан тез самолётлар иқтисодий ва техник жиҳатдан ўзини оқламагани туфайли эксплуатациядан олингани айтилган. Шу кунларда хабар қилинишича, эндиликда Америка аэрокосмик агентлиги – NASA ҳам ўзи учун анъанавий бўлган коинотга учиш воситаларидан ташқари, фуқаро авиацияси соҳасида ҳам синовлар бошлаб юборган. NASA мутахассислари Лондон ва Нью-Йорк орасини атиги 3 соатда босиб ўта оладиган товушдан тез учадиган самолёт лойиҳасини синовдан ўтказишга тайёрланишмоқда экан. Бундай самолёт лойиҳаси Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Jet X-59 номини олган. Самолётда товуш зарбасини енгиб ўтиш ва шовқинни кескин камайтириш имконини берувчи технологиялар қўлланилади. Режага кўра у, 16 700 метр баландликда 1 512 километр/соат тезлик билан учади ва унинг ҳаракатидан шовқин деярли ҳосил бўлмайди.

Фото: NASA

Самолётни йиғиш ишлари ҳозирги пайтда Lockheed Martin компаниясининг Калифорния штатидаги Палмдейл шаҳрида жойлашган Скунк номли заводида давом этмоқда. Самолёт таннархи 247,5 миллион доллар атрофида бўлиши ҳисобланган. Барча синов ишлари муваффақиятли якунланса, Jet X-59 товушдан тез учарлари 2021 йилдаёқ тижорат қатновларига чиқиши мумкин.

NASA самолётни синовдан ўтказиш учун АҚШнинг энг моҳир синовчи-учувчилари жалб қилинишини эълон қилгач, ҳатто «Аполлон-11» лойиҳаси иштирокчиси, Ойга қадам қўйган иккинчи инсон Базз Олдрин Twitter’да ҳазил билан мурожаат қилган. У «Эй, NASA’дагилар, агар бу қушчани жиловлаш учун синовчи учувчи керак бўлса, мен хизматга тайёрман!», деган твит қолдирган.

Скрин: «Дарё»