Маълумки, швециялик экофаол ўсмир қиз Грета Тунберг Time журнали томонидан 2019 йил одами деб эълон қилинди. Хўш, қайси кўрсатган «кароматлари» учун 16 ёшли бу қизча шундай номга сазовор бўлди экан? «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов шу ҳақда ҳикоя қилади.

Time журнали 1927 йилдан буён ҳар йил сўнгида «Йил одами» деган сарлавҳа остида махсус муқовали журнал чоп этади. Бу дегани, шу йилда энг эътиборга молик ишлар қилган ва бутун дунё ҳамжамиятининг диққат-марказида бўлган бирор шахс, журнал эътирофича, сайёрамизнинг энг муҳим одами деб танланади. Албатта, Time журнали муҳаррирининг танловини мутлақо объектив ва холис деб бўлмайди. Чунки ўтган йиллар мобайнида бу журнал муқовасида «йил одами» грифи билан нафақат муносиб қаҳрамонлар, балки разил ва манфур кимсалар ҳам ўрин олган. Масалан, журнал турли йилларда эълон қилган «йил одамлари» ичида Адолф Гитлер ва Иосиф Сталинларнинг номини ҳам учратиш мумкин.

Фото: USA Today

Шу мулоҳазага кўра, Грета Тунбергнинг 2019 йилда йил одами бўлганида ҳам бироз ошириб юборилгандек кўринади. Лекин, нима бўлганда ҳам, ушбу мақом журнал томонидан бу қизчага бериб бўлинди. Демак, таҳририятда бунга яраша объектив ва субъектив сабаблар мавжуд.

«Грета Тунберг ўзи ким ва у нимага эришмоқчи?» деган саволга «Дарё» аввал ҳам жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрганди. Қисқача айтганда, вазият бундай: глобал иқлим исиш – реал хатар, иқлим ўзгариб бораётгани туфайли Ер юзида глобал катаклизмлар содир бўлиши тез-тез кузатилмоқда; ўрмон ёнғинлари, тошқинлар, музликлар эриши, чўлланиш ва ҳоказо табиий офатлар борган сари жиддий ва кўпроқ содир бўляпти. Сайёрамизда биомасса ортиши сўнгги 53 минг йилдан буён энг тезкор суръатга чиққан. Тунбергнинг фикрича, иқлим ўзгаришлари одамзотга ҳозирги тамаддунни йўқ қилиб юбориш хавфи билан хатар солмоқда. Ҳозирги сиёсатчилар ва умуман катта авлод вакиллари учун бу муаммодан муҳимроғи бўлмаслиги керак. Чунки табиат ва она заминни келажак авлодга мусаффо ҳолда етказиб бериш учун айнан улар масъул! Ҳолбуки, сиёсатчилар ва катталар шуларни кўра-била туриб, қўл қовуштириб ўтиришгани боис Тунберг ва унинг тенгдошлари ва улардан ҳам кейинги авлод ҳаёти хавф остида қолмоқда экан. Қизчанинг фикрича, иқлим ўзгаришининг салбий ва ҳалокатли оқибатларини кўра-била туриб, ҳеч қандай чора кўрмаётган, ҳаракатсизлик ва бефарқлик қилаётган сиёсатчилар у ва у кабиларнинг болалигини ўғирлаган.

Шунингдек, Грета сиёсатдонларни олимларнинг гапига қулоқ солмаётганликда айблаган ва иқлим ўзгаришларига етарлича эътибор қаратиб, реал чоралар кўрилиши бошланмас экан, мактабга бормаслигини ва тенгдошлари билан глобал миқёсда намойишлар ўтказишда давом этишини маълум қилган.

Турли юксак минбарлар ва ОАВ орқали эмоционал нутқлар ирод этган Грета Тунберг ҳақиқатан ҳам 2019 йил ахборот майдонида барчанинг эътиборини ўзига жалб қила олди. Унинг таъсир доираси ўлароқ жаҳоннинг 100 дан зиёд йирик шаҳарларида мактаб ёшидаги болаларнинг ҳукуматни иқлим ўзгаришларига қарши чоралар кўришга даъват қилувчи чақириқларга тўла намойишлари бўлиб ўтди. Шу тариқа у кўплаб давлатларда ҳукумат раҳбарлари ва йирик корпорациялар эгалари диққатини иқлим муаммоларига қаратишга муваффақ бўлди. Хусусан, у Давос форуми пайтида йиғилган давлат раҳбарларига қарата «Сиз ҳам мен қўрққандек қўрқишингизни ва буни бартараф этиш учун ҳаракат қилишингизни истайман», деган эди.

Грета Тунбергнинг ташвиқотларига қандай алоқаси борлигини билмадимку, лекин у бошчилигида ўтказилган шундай намойиш ва акциялардан кейин Европа мамлакатларида «яшиллар»нинг, яъни экологик партияларнинг обрўси анча ошиб кетди. Хусусан, Германияда «яшиллар» партияси ёз ойларида ўз тарихидаги энг катта машҳурликка эришди. Биринчи маротаба Европарламентга сайловларда «яшиллар» умумий депутатлик мандатларининг 20,5 фоиз улушини эгаллади ва бу натижа билан парламентдаги жой сонига кўра иккинчи бўлди. Ангела Меркелдан кейинги Германия канцлери ҳам айнан «яшиллар» партияси етакчиси бўлиши кутилмоқда.

Шубҳасиз, шу ва шу сингари таъсир даражаси билан Грета Тунберг бу йилги «йил одами» номига муносиб бўлса керак. Ҳарҳолда, энди у орқали турли мамлакатларнинг ҳукумат доираларида ва йирик корпорациялар раҳбарларида ҳам иқлим ўзгаришларига нисбатан дискомфорт ҳисси шакллана бошлади. Иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини олдини олиш борасида турли даражадаги амалий ишлар бошлаб юборилди ва олимларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларига жамият томонидан эътибор қаратила бошлади. Шу жиҳатдан Time журналининг бу йилги эътирофига эътироз ўринсиз бўлса керак...

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.