Бу ҳафта Сарвар уста ҳафта муаммолари билан чекланмай, ҳар йил якунида кўтариладиган бир масалага тўхталиб ўтади.

* * *

Мукаммал кўрмоқчи бўлдик дунёни,

Етук бўлолмадик ўзимиз бироқ.

Бу Абдулла Ориповнинг шеъри. Қайта-қайта ўқиб шоирнинг нишонга урганига амин бўлаверасан. Деҳқончасига ифодаласак, «душанбадан бошлаб озаман», дейсан, «шу ойдан спорт билан шуғулланаман», дейсан, бироқ натижа истак даражасига етмай қолаверади. «Хотели как лучше, получилось как всегда», дейди ваъдани қуюқ қилиб, мўлжалга уролмаган русийзабонлар.

Фото: Google Photos

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, маънавий ҳаққимиз бўлмаса-да, қадрият даражасига етиб қолган бир анъанамизга шак келтирмоқчимиз. Қарийб ўттиз мартадирки, йилларни номлаймиз.

Йилларни хитойликлар бип-бинойидек номлаган: сичқон, тўнғиз, товуқ... Аммо биздагиси фермер хўжаликлари номини эслатади: уч қаватли бўлиши шарт. Ундан ҳам қизиғи, бу номлар жуда-жуда ҳам табиийлигидир. Ижобий маънодаги табиийликни назарда тутмаяпмиз, афсуски. Масалан: ижтимоий ҳимоя йили, соғлом бола йили, обод турмуш йили... Қизиқ, фақат шу йили ижтимоий ҳимояга диққат қаратиладими? Соғлом бола йилида болаларни парваришлаб кейинги йили ўз ҳолига ташлаб қўйиладими? Хўш, обод турмуш йилидан бошқа йили турмуш ободлиги йўқоладими? Ишонинг, бу кишини ажаблантирмай қолмайди, чунки булар ҳар доим давлатнинг диққат марказида туриши лозим бўлган масалалардир. Ҳар доим.

Сиз «шунга шунчами, ҳар тугул бу йилларда ижтимоий ҳимояга доир қонун-қарорлар чиқади, болаларга қўшимча имтиёзлар яратилади, ёш оилаларга уй-пуй ажратилади», дерсиз. Балки, қисман ҳақдирсиз. Аммо ҳафсалангизни пир қилишга далилларимиз етарли. Баъзан йил номига бутунлай тескари ишлар бўлади. Ёшлар йилида ўқиш тўлов-шартномаси нархи ошади, обод турмуш йилида «снос»лар фуқарони ҳолдан тойдиради, қишлоқ тараққиёти йилида эса фермерликни такомиллаштириш баҳонасида ерларни қайта бўлиб, деҳқон хонавайрон қилинади. «Хотели как лучше, получилось как всегда».

Яна бир ғаройиб ҳол йиллар номи бир-бирини такрорлашидир.

- 2002 йил – Қарияларни қадрлаш йили, 2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили;

- 2000 йил – Соғлом авлод йили, 2014 йил – Соғлом бола йили;

- 1998 йил – Оила йили, 2012 йил – Мустаҳкам оила йили;

- 2001 йил – Оналар ва болалар йили, 2014 йил – Соғлом бола йили.

Ғализликлар ҳақида ҳам тўхталмоқчимиз. «Обод маҳалла» бўлиши мумкин, бироқ ўзбек тилида «обод турмуш» ибораси борми? Асли «фаровон турмуш» бўлиши керак эмасми? «Соғлом бола» ибораси йил номидан қўлланди. Асли «соғлом авлод» чиройли ибора, аммо йиллар номи такрор бўлмаслиги учун «авлод»ни «бола»га алмаштирилди. Мақсад болаларимизни соғломлаштиришга йўналтирилган бўлса, «соғлом фарзанд» дейилиши керак эмасмиди? «Бола» сўзининг маъноси кенг, ҳатто парранда-ю дарранданинг ҳам боласи бўлади, бироқ фарзанд деб фақат инсон боласига нисбатан айтилади. Бинобарин, «соғлом фарзанд» дейилса, мақсадга яқинроқ бўларди.

Асли булар ёзилишига Telegram’даги хабар тарқатувчи каналларининг биридаги сўровнома сабаб бўлди. Овоз берувчиларнинг ярмидан кўпи Ўзбекистонда йилларни номлаш анъанаси ўзини оқламаяпти, деб ҳисобларкан.

Скрин: «Дарё»

Кириб келаётган йил ҳозирча ўз номига эга бўлмагани Ўзбекистон тарихидаги янги воқеа бўлди. Мутасаддилар парламентга қайта сайлов бўлиб ўтишини кутаётган бўлса ажабмас. Лекин шу баҳона йилларни номлаш анъанаси барҳам топса, унданам катта янгилик бўлади.

Мана, ҳурматли ўқувчи, йиғилиб қолган гапларни ўртага ташладик. Кенг кўламли бир одатимизни танқид остига олишга журъат қилдик. Хулоса сиздан.

Янги, ҳозирча номи йўқ йилингиз билан.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.