Жамиятда илм-фанни оммалаштириш ғоят долзарб масалалар қаторига киради. Илмий-оммабоп адабиёт эса шубҳасиз энг қизиқ ва фойдали мутолаа соҳасидир. ХХ аср илмий-оммабоп ва фантастика асарлари борасида гап очилганда эса, шубҳасиз, бутун жаҳон бўйича жанр даҳоси Айзек Азимов ёдга олинади. Миллионлаб мутолаачига завқ-шавқ бағишлаган, мураккаб илмий мавзуларни халқчил содда тилда моҳирона баён эта олиши билан ҳаммани лол қолдирган фантаст ёзувчи Айзек Азимов 1920 йилнинг 2 январь санасида таваллуд топган. «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов буюк ёзувчи ҳақида ҳикоя қилади.

Азимовни деярли ҳамма америкалик фантаст ёзувчи деб билади. Албатта, унинг барча асарлари инглиз тилида ёзилган ва АҚШда чоп этилган. Умрининг асосий қисмини АҚШда яшаб ўтгани ҳам тўғри. Лекин у аслида Россияда туғилганидан кўпчилик бехабар бўлса керак. Ҳа, Айзек Азимов, инқилобдан кейин алғов-далғов бўлиб турган Россияда, ҳали СССР тузилмасидан аввалроқ, Смоленск губерниясида, тегирмончи оиласида туғилган. Азимовлар оиласи 1923 йилдаёқ Нью-Йоркка муҳожирликка кетган. Улар Бруклинда ўрнашиб, қандолатчилик дўкони очган.

Фото: Google Photos

Айзек Азимов 1939 йилда Колумбия университети кимё факультетини тамомлаган. Ҳамма уни фантаст-ёзувчи ва илмий-оммабоп асарлар муаллифи деб билса-да, бу соҳалар унинг учун асосий касб бўлмаган. Яъни ёзувчилик фаолияти Азимовнинг иккинчи соҳаси бўлган холос. У аслида жуда кучли биокимёгар мутахассис ва олим бўлган. У 1948 йилдан эътиборан узоқ йиллар давомида Бостон университетида биокимё профессори бўлиб ишлаган.

Азимовда фантастика асарлари ёзишга истеъдод борлигини у атиги 11 ёшда бўлган пайтида тенгдош дўсти пайқаб қолган экан. Ўшанда Айзек кичик бир шаҳарчада яшовчи болакайнинг саргузаштлари ҳақида қоралама ёзган ва ўқиб кўриш учун ўртоқларига берган. Улар асарни ўқиб чиқиб, сюжетга қизиқиб қолган ва давомини ёзишни тинмай сўрайверган. ХХ асрнинг энг машҳур фантаст-ёзувчиси шу тарзда адабиётга кириб келган.

Унинг илк ҳикояси «Вестанинг чангалида» деб номланган ва 1939 йилда Amazing Stories журналида чоп этилган. Биринчи уриниш у қадар муваффақиятли чиққан деб бўлмайди. Азимовни ҳақиқий машҳурликка элтган асари эса «Тун кириши» деб номланган (1941 йилда чоп этилган). Бу ҳикояда ҳар 2049 йилда бир марта тун кирадиган ноёб сайёрадаги ҳаёт ҳақида фантастик ҳикоя қилинади. Ушбу ҳикоя қирқинчи йилларда Америкада катта шов-шув кўтарган ва турли антологияларда 20 марта қайта чоп этилиб, икки бора экранлаштирилган эди. Шундан кейин Азимов номи барча адабий-бадиий нашрларда тез-тез учрайдиган бўлган ва у мислсиз машҳурликка эришган. Олим ўзи эса айнан шу асари орқали адабиётга қадам қўйганман деб таъкидлаган.

Шу тариқа у ёзувчилик фаолиятининг биринчи қисмида фақат фантастика жанрида қалам тебратган. Унинг қаҳрамонлари фикрловчи роботлар, ўзга сайёраликлар, илм-фан ютуқлари орқали ёвузликка қарши курашувчи олимлар эди. Бошқа фантастлардан фарқли ўлароқ, Азимов ҳикоя ва қиссаларида фақат хаёлот маҳсули бўлган турли олди-қочди саргузаштларни эмас, кучли илмий асосланган ва мутолаачига физика қонунларини зимдан таништириб кетадиган тарзда моҳирона баён қилиши билан ажралиб турган. Шунингдек, у ҳали робототехника ривожланмаган ўша пайтларда, яъни 40–50-йилларда одамзотга хизмат қиладиган турли роботлар ҳақида ҳикоялар ёзиб, муҳандис ва мутахассислар қаторида оддий одамларни ҳам роботлар оламига қизиқтира бошлаган. Унинг роботлар ҳақидаги ўша йиллари эълон қилинган «Робби», «Ёлғончи», «Мен – робот» сингари асарлари жуда машҳур бўлган. Бу асарлар орқали эса, таъбир жоиз бўлса, Азимов робототехника учун қонуниятларни (яъни роботлар қандай талабларга жавоб бериши керак, улардан нималар кутиш мумкин ва ҳоказо) тавсифлаб берган. Умуман олганда, «робототехника» сўзининг ўзи ҳам айнан унинг асарлари орқали фан-техникага кириб келган. Азимов асарларида роботлар инсонга қандай наф келтириши ва улардан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги жуда қизиқ сюжетлар асосида ёритиб берилган. Хусусан, унинг «Ёлғончи» асаридаги робот қаршисидаги одамнинг ёлғон гапираётганини сезади; бу замонавий ёлғон детекторлари учун ғоявий асос бўлган дейилади.

Азимовнинг бу жанрдаги энг машҳур асари «Икки юз ёшли одам» (The Bicentennial Man) бўлиб, у 1976 йилда дунё юзини кўрган. Унда илк бор сунъий интеллект масалалари кўтарилган ва сунъий онгнинг одамзот билан муносабати гавдалантирилган.

Азимов асарларидаги роботлар, бошқа фантастлардагидек, хўжайинига қарши қўл кўтарувчи онгсиз механик маҳлуқлар тарзида эмас, ҳис-туйғулардан холи бўлмаган, инсонпарварлик борасида эса ҳатто айрим одамлардан ҳам яхшироқ бўлган кўмакчи, дастёр машиналар сифатида гавдаланади. «Икки юз ёшли одам» асарини ўқиган ёки унинг асосида ишланган фильмни кўрган бўлсангиз, бунга амин бўласиз.

60-йиллардан бошлаб Айзек Азимов энди фантастика жанридан кўра кўпроқ илмий-оммабоп мавзуларга мурожаат эта бошлаган. Хусусан, у профессионал соҳаси – биокимё фанига тааллуқли «Азот дунёси», «Углерод дунёси», «Кимёнинг қисқача тарихи», «Тиббиётнинг қисқача тарихи», «Генетик код» ва бошқа китобларидан ташқари, яна физика ва математикага оид ўнлаб асарлар ёзган. Унинг асарлари фавқулодда осон ўқилиши, тушунарлилиги ва жуда ажойиб мисоллар келтирилиши орқали мутолаачини қаттиқ қизиқтириб қўйган. Қолаверса, Азимовнинг атамашунослик, этимология, тарих ва диншуносликка оид яна ўнлаб китоблари мавжудки, буларнинг барчаси китобхонни илм-фаннинг ажойиб сеҳрловчи оламига шўнғитади.

Азимов илмий-адабий фаолияти мобайнида 500 дан зиёд турли асарлар ёзганлиги билан тарихга кирган. Бунчалик кўп китоб ёза олган ёзувчилар замонавий дунёда жуда камдан-кам. Олим-ёзувчи ўз асарларида инсониятни бағрикенгликка, ўзаро аҳилликка, миллатлар ва халқлар ўртасидаги адоватларга барҳам беришга чақирган. Унинг деярли барча китобларида одамийлик биринчи ўринга қўйилади ва инсонпарварлик тараннум этилади.

Азимов асарлари бугунги кунда ҳам бутун дунё бўйлаб жуда катта машҳурликка эга бўлиб, энг кўп тилларга таржима қилинган китоблар рўйхатида унинг бир нечта китоби ўрин олган. Унинг энг машҳур асарларидан бири – «Коинот оқимлари» романи ўзбек ёзувчиси Озод Мўмин томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Шунингдек, тармоқда Азимов асарларининг яна кўплаб ҳаваскор таржималарини учратиш мумкин.

Айзек Азимов 1992 йилнинг 6 апрель санасида Нью-Йоркда вафот этган.