Ижтимоий тармоқларда, хусусан, Ўзнетъда 2019 йилнинг энг ёдда қоларли кинообразларидан бири Жокерга боғлиқ диққатга сазовор воқеа юз берди. «Troll.uz» нашри Тошкент метрополитенида милиционерлар ёнида турган Жокернинг фотосуратини Telegram’даги каналига юклаб, сурат остига «Готемкент» дея изоҳ қолдирган.

Telegram’даги бошқа каналлар ҳам ушбу суратга бефарқ қараб турмаган ҳолда турли юмористик изоҳлар билан бўлишган. Хусусан, «Капгир» канали «Жокер«Олтин глобус»ни ола солиб, Тошкентга келибди. Расмдан кўриниб турибдики, милиция ходимларимиз Жокерни кўрганидан бағоят хурсанд. У билан селфи тушиш учун рухсат сўрашмоқда», — дея изоҳ ёзган.

Фото: «Troll.uz»

2019 йилда катта шов-шув кўтарган «Жокер» фильми аслида «Бетмен» комикслари туркумига киради. Авваллари Бетмен қаҳрамонига қарама-қарши қўйилиб келинган ушбу салбий қаҳрамон, режиссёр Кристофар Ноланнинг «Қора рицар» трилогиясида Ҳит Лэйжер ижросидан кейин инқилоб ва ўзгача услуб рамзига айланди.

2019 йилда Ҳоакин Феникс ижро этган «Жокер» фильмидаги бош қаҳрамон образи эса ҳаётдаги адолатсизликлар, қийинчиликлар, бешафқат муносабатларга қарши исён кўтаради.

Тошкент метрополитенида Жокер қиёфасидаги йигитнинг аслида ким эканлиги ва нима сабабдан ушбу образга тақлид қилгани ҳозирча номаълум. Катта эҳтимол билан у ушбу ҳаракати орқали фильмнинг «Олтин глобус» мукофотини қўлга киритганидан хурсандлигини ифодалашга уринган бўлиши мумкин.

«Gazeta.uz» нашри милиция ходимларининг йигитни нима учун ўраб олгани ва Жокернинг метродаги бошқа саргузаштлари ҳақида маълумот берган. Нашр Тошкент метрополитени ички ишлар бошқармаси Олег Биченовдан олган ахборотга кўра, ички ишлар органлари ходимлари йигитнинг нима сабабдан бундай кийиниб, грим қилиб олганини суриштирган ва ундан ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмаган.

«Gazeta.uz»нинг Instagram’даги саҳифасида йигит билан милиционернинг бирга селфи қилаётгани ҳақида сурат ҳам жойлаштирилган.

Фото: Instagram/газетаузб