Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнда Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Унда «Жиззах» эркин индустриал зона ҳудудида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш объектларини қуриш ишларининг охирги муддати сифатида 2018 йилнинг 10 декабри кўрсатилганди. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, Президент топшириғи нима сабабдан бажарилмаётгани маълум бўлди.

Шуҳрат Мирмақсудов.
Фото: АОКА

Маълум бўлишича, «Ўзавтосаноат» ва Франциянинг Peugeot Citroen Automobiles S.A компанияси ўртасида келишмовчиликлар юзага келган ва ҳозирда музокаралар давом этяпти. Бу ҳақда 6 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзавтосаноат» раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

Биз учун нафақат ишлаб чиқариш, балки келгусида салоҳият яратиш ҳам муҳимроқ. Яъни бир моделни ишлаб чиқариб, уни келажакда ривожлантириш, заводларни тараққий эттириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ўша маҳсулот орқали Ўзбекистон бозоридан ташқари хорижий бозорларни ҳам эгаллаш барчамизга муҳим. Музокаралар давомида ушбу жараён нуқтаи назаридан турли келишмовчилик юзага келди.

Ўзбекистон тарафдан ўзимизнинг шарт ва манфаатларимиз муҳимроқ. Айни пайтда музокаралар давом этяпти. Агар Ўзбекистон томондан қўйилган шартларга инвестор билан бир тўхтамга келолмасак, бошқа инвестор қидирамиз ёки ўз манфаатларимизни охиригача ҳимоя қиламиз. Бу масала бўйича вазият 2020 йил охиригача маълум бўлади. Икки тарафлама келишув бўлганидан кейингина лойиҳани амалга оширамиз.

Шуҳрат Мирсамуқов, «Ўзавтосаноат» Савдодан кейин хизмат кўрсатиш ва бутловчи қисмлар экспорти бошқармаси бошлиғи