Украинанинг турли вазирлик ва идоралари вакиллари 8 январь куни ҳалокатга учраган «Украина халқаро авиалиниялари» компаниясининг самолётининг қулаш сабабларини ўрганиш учун Эронга йўл олмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Facebook’да маълум қилди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: Meduza

Эронга фавқулодда вазиятлар бўйича Украина давлат хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Украина хавфсизлик хизмати, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши, шунингдек, Авиация ҳодисаларини ўрганиш бўйича миллий бюро вакиллари учиб кетади.

Президентнинг маълум қилишича, мазкур идоралар вакиллари авиаҳалокатда қурбон бўлган украиналикларнинг шахсини аниқлаш ва уларни Украинага олиб келиш билан шуғулланади.

«Украина халқаро авиалиниялари» (МАУ)нинг Boeing 737 самолёти 8 декабрь куни Теҳрондаги Имом Хумайний аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулади. ОАВда пайдо бўлган илк маълумотларда самолёт бортида 180 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари бўлгани айтилган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Эрон қутқарув хизматлари самолётининг қора қутисини топди

Эроннинг Йўллар ва шаҳарсозлик вазирлиги Boeing 737 самолёти ҳалокатига двигателнинг ёниб кетиши сабаб бўлганини маълум қилди.

Зеленский ҳалокатга учраган самолёт йўловчилари ва экипаж аъзоларининг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев самолёт қулаши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Украина ва Эрон президентларига ҳамдардлик мактублари йўллади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалокатга учраган Украина самолёти бортида Ўзбекистон фуқаролари бўлмаганини маълум қилди.