8 январь куни Эрон қуролли кучлари АҚШнинг Ироқ ҳудудидаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари берди. Бу Исломий инқилоб муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига жавоб бўлди. Генерални ўлдириш ҳақидаги топшириқ АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан берилган эди. Эроннинг олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ базаларига уюштирилган ракета зарбаларини АҚШга тортилган «тарсаки» деб атади. Эроннинг дунёвий ҳукумати эса АҚШ томонидан тажовузкор ҳаракатлар давом эттириладиган бўлса, бундан кейин ҳам «муносиб жавоб чоралари» ташкил этилишига ваъда берди. Meduza нашри халқаро муносабатлар соҳаси мутахассисларининг Яқин Шарқдаги янги низо қандай ривожланиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Фото: Meduza

Леонид Исаев

Санкт-Петербургдаги Олий иқтисодиёт мактабининг шарқшунослик ва африкашунослик департаменти доценти

Вазиятнинг кескинлашуви минтақадаги янги катта низони келтириб чиқаради, деб ҳисобламайман. Учинчи Жаҳон уруши ҳақида-ку умуман гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Урушни ҳеч ким — АҚШ ҳам, эронликлар ҳам хоҳламаяпти. Сулаймонийга берилган зарба билан Трамп ўтиш мумкин бўлмаган қизил чизиқлар қаерда эканлигини кўрсатиб қўйди ва президент сайлови кампанияси учун яхшигина очко ишлаб олди. Айни вақтда, унга бўлажак сайловлар арафасида тўла миқёсли урушнинг кераги йўқ.

Мамлакатдаги ҳозирги вазият мураккаб бўлса-да (жаҳон жамоатчилигининг кўз ўнгида давлатнинг муҳим шахсларидан бири ўлдирилди ва бунга қандайдир жавоб бериш керак), уруш Эронга ҳам керак эмас. Эронда тенгма-тенг жавоб бериш учун етарли куч йўқ. Эрондаги тузум ўзига яраша оқил, тенгма-тенг жавоб бериладиган бўлса бу тузум ҳақида ўтган замонда гапиришга тўғри келишини улар ҳам билади.

Эрон тузуми учун энг асосийси — муносабат билдира олишини кўрсатиб қўйиш. Эрон таъсири остидаги Ироқ парламенти (Сулаймонийнинг ўлдирилишини қоралаб ва АҚШ қўшинларининг Ироқдан олиб чиқиб кетилишини талаб қилиб) баёнот билан чиқди. Америка базалари томон ракеталар учирилди — бу ерда энг муҳими ракеталарни учириш эди, улар етиб борадими-йўқми, бошқа масала. Ушбу қадамларнинг бари Эроннинг имкониятлари чекланганини тасдиқлайди.

Вазиятнинг янада ёмонлашиб кетишидан дарак берувчи алоҳида жиҳатлар йўқ — вазият ўзи шундоқ беқарор. Провокациялар шундоқ ҳам бўлади, ўққа тутишлар ҳам ва сўнгги ўққа тутишларда (Америка базаларига берилган ракета зарбаларида) фавқулодда ўзига хослик йўқ. Эронликлар ўз мақсадига етди: улар муносиб жавоб берилгани ҳақидаги шовқинни келтириб чиқара олишди. Бу биринчи навбатда ички истеъмол учун мўлжалланган, токи халқнинг кўз ўнгида Эрон давлати мағлубдек кўриниб қолмасин. Базаларга қарата 30 талаб ракеталар учирилгани ҳам муҳим — оддий одамлар ва ОАВ учун бу жуда етарли рақам. Агар зарбалар давомида Америка фуқаролари ҳалок бўлганида эди, Трамп жиддийроқ жавоб беришга мажбур бўларди. Лекин, ўйлашимча, эронликлар ҳам шундай ҳисоблашган: ишқилиб ракетамиз америкаликка тегмасин. Эрон — Россия учун яхши кўзгу, Эрон тузумида ўзимизни кўришимиз мумкин.

Максим Сучков

Москва давлат халқаро муносабатлар институти катта илмий ходими, Американинг Яқин Шарқ ҳақидаги Ал Монитор нашри Россия версияси шеф-муҳаррири

Назаримда, америкаликлар Сулаймонийнинг ўлими учун қандайдир яширин —шохлар, буталар ортидан ҳужумми, Эроннинг иттифоқчилари қўли билан бирор ҳаракат қилинишиними, хусийларга қурол-яроғ етказиб берилишиними — шунга ўхшаш жавоб кутганди. Жавоб эса яширин эмас, тўғридан-тўғри бўлди — эронликлар мана шу қўрс ҳужум учун жавобгарликни ўзига олди. Боз устига бу зарба рамзий ҳам бўлди — у Сулаймоний ўлдирилган соатда (беш кундан сўнг) бошланиб, унинг танаси ерга топширилганидан сўнг тугади. Ҳукумат ички аудитория учун Эрон ўз етакчиларидан бирининг ўлими учун жавоб бера олганини кўрсатиб қўйди.

Минтақада узоқ вақт мувозанат сақланиб турган эди. Америкалик ҳарбийларнинг фикрича, охирги вақтларда бу мувозанат АҚШнинг зарарига бузилаётган эди: Америка базалари ва (Ироқдаги) элчихонасига ҳужумлар уюштирилди. Улар бир поғона юқори кўтарилиб, эронликларга бундай қилиш жоиз эмаслигини кўрсатиб қўйиши керак эди. Аммо Сулаймонийнинг ўлдирилиши билан бир эмас, бир неча поғона қимирлаб кетди.

Эронликлар ўзининг устун жиҳатларидан фойдаланди: уларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва авиацияси кучсиз, аммо ракета дастури кучли. Ахборот уруши бошланди — нишонга олинган базаларда 80 нафар америкалик ҳарбий ўлгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Лекин бу хабарларни тарқатаётганларнинг бари ички истеъмол учун мўлжалланган Эрон манбалари.

Ҳозирги вазият ҳатто қандайдир умид ҳам улашади — агар америкаликлар Эроннинг бу зарбаларига жавоб беришни истаганида эди, бу ишни аллақачон қилган бўларди, уларда бунинг учун барча имкониятлар бор. Эронликлар ҳам тўғри тушунтиришга уриняпти: мана, биз қотиллик учун жавоб бердик, келинглар, энди шу билан тинчийлик. Агар америкалик ҳарбийлар ўлганида эди, АҚШ томонидан бўладиган жавоб шунчаки жиддий бўларди. Трамп оғир савдо олдида қолган: бир томондан у кучли етакчи бўлиши керак, бошқа томондан эса у бирорта ҳам уруш бошламаган президент имиджини сақлаб қолиши лозим. АҚШда мулоҳазали бир жавоб қайтариш учун вақт бор.

Андрей Кортунов

«Халқаро масалалар бўйича Россия кенгаши» нотижорат шериклиги бош директори

Ноанъанавий вазият юзага келди. АҚШ қизил чизиқни босиб ўтди: Сулаймонийнинг ўлдирилиши — амалда давлат террорчилигининг ўзгинаси, америкаликлар АҚШ билан уруш ҳолатида бўлмаган мамлакатнинг давлат арбобини йўқ қилди. Эрон буни жавобсиз қолдирмаслиги аниқ эди. Бу ҳам миллий ғурур масаласи, ҳам ички сиёсий вазият оқибати, шунингдек, Трампнинг Эрондаги яна 52 та маррани (хусусан, маданият мерос объектларини) нишонга олиш ҳақидаги гапларини ҳам унутмаслик керак.

Бироқ Эроннинг жавоби умидбахш муҳитни юзага келтирмоқда. Бу ҳисоб-китобли жавоб бўлди. Эронликлар низонинг янада кескинлашувидан манфаатдор эмас. Иккита объектга зарба берилди, бироқ америкаликлар ўлгани йўқ. Эрон Америка объектлари унинг ракеталари учун чўт эмаслигини кўрсатиб қўйди, жавоб берди, аммо низонинг янада чуқурлашувини хоҳламайди.

Энди тўп АҚШ томонда. Қўшма Штатларнинг ҳозирги маъмурияти бор экан, Америка—Эрон муносабатларининг илиқлашувини кутиш ўринсиз, албатта. Ҳар не бўлганда ҳам, кескинлашув юз берди, бироқ Эрон таваккалчилик оқибатларини тушуниб турибди. Вашингтондаги одамлар ҳам ҳозир ўйлаяпти, деб умид қиламан. Трампга, мабодо уруш бошланиб қоладиган бўлса, сайловолди кампанияси вақтида АҚШга оқиб келадиган тобутларнинг кераги йўқ.

Фёдор Лукянов

сиёсатшунос, «Россия в глобалной политике» журнали бош муҳаррири

Ҳозир бари эронликларнинг ҳаракатига нисбатан Трамп қандай жавоб танлашига боғлиқ. Умуман олганда, қасосга асосланган мантиқ жуда хавфли, чунки қасосни бошқариб бўлмай қолиши мумкин. Бу ерда яна обрў масаласи ҳам бор: жавоб бермай иложинг йўқ, боз устига ҳар бир кейинги қадам аввалгисидан-да ёдда қоларлироқ бўлиши керак. Шу йўсинда вазият баттар кескинлашади.

Трамп асли жангчи эмас, у уруш президенти эмас. У ваҳимали баёнотлар бериб, мушт кўрсатиб қўйишни яхши кўради, бироқ президентлигининг ўтган уч йили давомида чиндан ҳам куч ишлатиш керак бўлган ўринларда ўзини жуда сипо тутди. Суриядаги объектларга берилган намойишкорона ва катта зарар етказмайдиган зарбаларни ҳисобга олмаса (бу зарбалар қатъиятни кўрсатиб қўйиш учунгина керак эди, холос), у сўнгги лаҳзага қадар ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар ёки урушни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳаракатлардан ўзини тийишга уринди.

Эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ортидан у — катта эҳтимол билан, Трампни бу қарор мақсадга мувофиқ эканига ишонтиришган, бу унинг ташаббуси эмас — кўплаб Америка президентлари ўзи хоҳлаб-хоҳламай келган вазиятга тушмоқда. Ҳозир Трампнинг олдида вазиятни кескинлаштириш керакми ёки йўқ, деган танлов турибди. Ўз принциплари ва инстинктларига ишониб, у йўқ дейиши керак. Ўша гапни яна такрорлайман — у ҳеч ҳам жангчи эмас. Лекин, биринчидан, у қўрқоқ бўлиб кўринишни истамайди. Унинг тушунчаси бўйича қўрқоқдек кўриниш — бу Барака Обамадек кўриниш. Бу унинг учун энг қўрқинчли нарса.

Иккинчидан, маълум бир мантиқ бор: галма-гал таҳдид қилишни бошладингми, кейин гапингга жавоб беришинг ҳам керак. Трамп эса унча-мунча майда давлатга эмас, балки халқаро гегемон ва ўз манфаатларини, агар имкони бўлса, ўта тажовузкор усуллари билан ўтказишга ўрганиб қолган мамлакат раҳбари эканлигини гапирмаса ҳам бўлади. Шу боис унинг шахсий қарашлари ва нуқтаи назарлари Америка сиёсати мантиғидан келиб чиққан ҳаракатлар қурбонига айланиши мумкин.

Вазият янада кескинлашадиган бўлса, уруш бошланиши эҳтимоли ҳам ошади, чунки Эрон ҳам жавоб беришни бошлайди. Менимча, Эрон энди ўтган оқшомдаги каби тўғридан-тўғри жавоб зарбаси бериш билан эмас, балки ўн йиллар давомида синовдан ўтказилган усул билан — бутун Яқин Шарқ бўйлаб Америка объектларига қарши Эрон ҳарбий кучлари инфратузилмаларини қўллаш орқали жавоб беради, яъни қўпорувчилик урушини олиб боради.

Бу усул узоққа бориши мумкин. Бошқа масала ҳам бор — Эрон билан тўлақонли уруш олиб бориш истаги Америкада кўп йиллардан бери бор ва бу ҳақда кўп маротаба айтилган, аммо бу урушни мутлақо тахмин қилиб бўлмаслигини англаган вақтинг, истак ўз-ўзидан йўқолади. Ҳатто Жорж Буш даврида америкаликлар ҳарбий зарба бериш ғоясига ҳар доимгидан ҳам яқинроқ келишган эди, аммо бу уруш охири нима билан тугашини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмагани учун, бу ғоянинг рўёби кейинга қолдирилганди. Ҳозир вазият нафақат ўзгармаган, балки, аксинча, чуқурлашган ҳам.

Геворг Аветикян

Санкт-Петербургдаги Европа университетининг Халқаро дастурлари бошлиғи, «Тегеран 2020» Telegram-канали муаллифи

Сулаймоний ўлдирилганидан турфа тахминлар илгари сурилди. Куни кеча ҳам, Ироқдаги Америка базаларига ракета зарбалари берилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгунича, эронлик юқори мартабали шахсларнинг АҚШга зарба бериш бўйича 13 та эҳтимолий сценарий тайёрлаб қўйилгани ҳақида баёнотлари эълон қилинган эди. Бироқ буларнинг бари эронликлар АҚШ билан уруш ё Эрон ҳудудида, ё Яқин Шарқдаги қўшни мамлакатлар ҳудудида содир бўладиган, аммо ҳеч қачон АҚШ ҳудудига кўчмайдиган можаро эканини тушуниб турганини тасдиқловчи гап-сўзлардир. Бундай ҳолатда энг биринчи бўлиб эронликларнинг ўзи жабр кўради. Камида Эроннинг ўзи урушни хоҳламаётгани учун. Ҳа, менимча, АҚШ ҳам хоҳламаяпти. Ҳозир гувоҳи бўлиб турганимиздан ортиқ тўғридан-тўғри тўқнашувлар эҳтимоли бор, деб ўйламайман.

Бир томондан ҳаммасини Трамп ёки эронликларнинг ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмаслигига тўнкаб қўйишни ҳам хоҳламайсан, бироқ буни ҳам эътибордан четдан қолдириб бўлмайди. Ҳозирча Вашингтоннинг муносабати нисбата сокин — бу бир томондан хавотирга солса, бошқа томондан умид ҳам беради. Конспирология даражасида бир тахмин бор — бу тахмин бугун тонгдан бери ҳам Эрон, ҳам араб ОАВларида айланди — АҚШ минимал талофат етказадиган ва қурбонлардан холи, айни вақтда Эрон тузумига «ўз қиёфасини сақлаб қолиш» имконини берадиган ҳужумдан ё бохабар бўлган, ё шундай ҳужум бўлишини кутган. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, у ҳолда АҚШ томондан оғизда кескин жавоб айтилади, аммо ҳақиқий оқибатларни кўрмаймиз. Бу вазиятнинг юмшашини билдирмайди, аммо қисқа муддатил истиқболда ҳаммаси тинчиб кетиши ҳам мумкин.

Сулаймоний билан боғлиқ вазият эса анча қизиқарли — у ҳақда 2012—2013 йилларда ва сўнгги икки йилдан бери нафақат Эрон ва Россия ОАВларида, балки Ғарбда ҳам кўп ёзишди. У тириклигида кўплаб эронликларнинг у ҳақда танқидий фикрлар билан чиқиш қилиши имконияти кўпроқ эди. Чунки Исломий инқилоб муҳофизлари корпуси ва унинг Сулаймоний бошлиқ «Ал-Қудс» махсус бўлинмасига муносабат Эрон жамиятининг ўзида бирдек эмасди. Бу ғалати кўриниши мумкин, аммо, бир томондан, Сулаймоний жуда машҳур қаҳрамон эди, бошқа томондан — камида мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар нуқтаи назаридан, унинг ҳаракатлари Эронда зиддиятли қарашларни келтириб чиқарарди. Кўпчилик давлатдан ташқарида ҳарбий ва махфий операциялар учун ҳаддан ташқари кўп ресурс сарфланаётганидан шунчаки норози эди. Ўйлашимча, Сулаймонийнинг дафн маросимидан сўнг ҳиссиётлар босилгач, Эрон жавоб зарбаси бериб, қасос олиш учун 200 миллион доллар ажратгани ҳақидаги кечаги хабар жамиятда сезиларли даражада салбий кутиб олинади.