Франция Африка ва Яқин Шарқда амалга оширган ҳарбий амалиётлари давомида бир қатор халқаро террорчи гуруҳлар томонидан бир неча бор ҳужумларга дучор бўлган. Сўнгги йилларда бу нарса Франция ичига ҳам кириб келди. Мана шундай ҳаракатнинг авжи 2015-йилга тўғри келади. Шу йилнинг январь ойи Франция учун қоронғу бошланди. 7 январь куни ака-ука Куашилар Charlie Hebdo ҳафталик сатирик журнали биносига ҳужум қилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов ҳужумга беш йил бўлиши муносабати билан ўша кунги ва унинг атрофидаги воқеалар, Charlie Hebdo журнали ва журнал тарихидаги можароли воқеалар ҳақида сўз юритади.

2015 йил 7 январь куни Charlie Hebdo’нинг асосий карикатурачиси – Шарб тахаллусли Стефан Шарбоннье ўзининг охирги карикатурасини эълон қилди. Унда қуйидагича жумлалар ёзилган эди: «Францияда ҳамон портлаш бўлмади». Ортидан эса мусулмонча кийимдаги, Калашников автоматини тақиб олган террорчи оғзидан қуйидаги сўзлар келтирилганди: «Кутиб туринг, тилак билдиришга январь ойи охиригача улгурамиз».

Фото: Google Photos

Бироз вақт ўтиб, соат 11:00 атрофида қуролланган икки шахс – ака-ука Шариф ва Саид Куашилар журнал жойлашган бинога бостириб кириб, у ердаги ишчиларни, жумладан, Шарб дохил жами 12 кишини отиб ўлдирди. Орадан 48 соат ўтгач, ўтказилган амалиёт чоғида Куашилар полиция томонидан отиб ўлдирилди. Бу Парижда январь ойида юз берган терактларнинг биринчиси эди. Орадан бир кун ўтиб, 8 январь куни Амеди Кулибали Париж жанубидаги Монтруж шаҳрида бир полициячи аёлни ўлдирди. 9 январь куни эса Париж яқинидаги «Hyper Cacher» озиқ-овқат супермаркетига ҳужум қилди ва тўрт фуқарони ўлдиради. Шу куннинг ўзида у ҳам полиция томонидан йўқ қилинди.

Charlie Hebdo воқеасидан кейин нафақат Франция, балки бутун дунё сўз эркинлиги ҳимоясига қалқди. Ижтимоий тармоқлар, телевидение, газета-журналлар Je suis Charlie – «Мен Шарлиман» ёзувига тўлиб кетди. Парижда 11 январь куни 50 мамлакат раҳбари иштирокида марш бўлиб ўтди.

Журналда чиққан карикатура мусулмонларга нисбатан ҳақоратомуз характерга эга бўлгани учун ҳам дунё мусулмонлари журналнинг бу ишидан ғазабга минди. Кўпчилик уламолар, мусулмон давлатлари раҳбарлари ҳужумни қоралаган бўлса-да, диний эътиқодни масхара қилгани туфайли журнал ҳам қаттиқ танқид қилинди.

Шу ўринда Charlie Hebdo ҳақида икки оғиз сўз. Charlie Hebdo ҳафталик сатирик журнал бўлиб, унга 1970 йилда Франсуа Каванна ва профессор Шоронлар асос солган. Журнал фаолияти тақиқланган Hara Kiri сатирик журнали ўрнига ташкил этилган. Нашрнинг фаолияти иллюстрацияларга, хусусан, сиёсий карикатураларга асосланган. Нашр, шунингдек, хорижда турли йўналишларда журналистик суриштирувлар олиб боради ва турли мавзуларда, жумладан, секталар, динлар, радикал ўнглар, ислом дини, сиёсат ва маданиятга алоқадор мақолалар чоп этиб боради. Нашр ҳафтанинг чоршанба кунлари чоп қилинади. Махсус сонларни бошқа кунда ҳам чоп этиши мумкин. Масалан, 2015 йил 7 январь воқеаларига беш йил тўлиши муносабати билан махсус сони шу ойнинг 7 январь куни нашрдан чиқди.

Фото: Google Photos

Charlie Hebdo фаолияти давомида карикатуралари сабабидан бир неча бор можароли вазиятлар марказига айланган. Сиёсат оламида қаттиқ танқид остига олинган нашрнинг диний мотивларга, динни танқид қилишга урғу беришининг асосий сабаби унинг йўналиши даҳрийликка ва антиклерикализмга асосланганидир. Шу сабабли бир неча бор турли диний ташкилотлар билан судлашишига тўғри келган.

2006 йилда Charlie Hebdo Даниянинг Jyllands-Posten журналида чиққан, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) масхара қилинган 12 карикатурани босиб чиқаргани сабабли муҳокамаларга сабаб бўлди. Франция Исломий ташкилотлар уюшмаси ва Дунё мусулмонлар лигаси судга мурожаат этди. Аммо даъво биринчи инстанцияда ҳам, аппелацияда ҳам рад этилди.

2011 йилда нашр Тунисдаги исломий партия бўлмиш Уйғониш ҳаракатининг сайловдаги ғалабасини танқид қилган махсус сонини Shariat Hebdo номи остида чоп этди. Шундан сўнг нашрнинг минтақавий бюросига Молотов коктейли ёрдамида ўт қўйилди; минтақавий офис қаттиқ қўриқланадиган бўлди.

Шарб.

Фото: Google Photos

2013 йилнинг январь ойида журнал икки қисмдан иборат махсус сонини чоп қилди. Унда Шарбнинг «Муҳаммаднинг ҳаёти» номли комикслари эълон қилинди. Шу йили Арабистон ярим оролидаги «ал-Қоида» ташкилоти ўзининг Inspire деб номланган онлайн электрон журналида «исломга қарши жиноят қилган» тўққиз нафар ғарблик шахс рўйхатини тузди. Уларнинг тирик ёки ўлигини топиш шартлиги эълон қилинди. Рўйхатдаги тўққиз кишидан бири 2015 йил 7 январь кунги ҳужумда ўлдирилган Стефан Шарбоннье, яъни Шарб эди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.