Теҳронда Амир Кабир номидаги университет яқинида талабалар Эрон ракетаси билан уриб туширилган Украина «Боинги» авиаҳалокати айбдорларини жазолашни талаб қилиб, норозилик намойишига чиқди. Бу ҳақда маҳаллий IRNA ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, талабалар марҳумлар хотираси учун шамлар ёққан. Кейинроқ кўчада тўқнашувлар юз берган, полиция ёруғлик-шовқинли гранаталардан фойдаланган. Al Jazeera телеканалининг қўшимча қилишича, намойишчилар Эрон олий етакчиси Али Хоманаийнинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Украина халқаро авиалиниялари»нинг Boeing 737-800 самолёти 8 январь куни Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган эди. Ҳодиса оқибатида 176 киши ҳалок бўлган, улар орасида Эрон, Украина, Канада, Буюк Британия, Германия, Швеция, Афғонистон фуқаролари бор.

Дастлаб Эрон расмийлари самолёт ҳалокатига техник носозлар сабаб бўлганини таъкидлаб, унга ракета урилганини рад этаётган эди. Кейинроқ Теҳрон ўз айбини тан олиб, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими самолётни қанотли ракета сифатида қабул қилганини маълум қилди.