Бундан қирқ йил олдин – 1979 йил 7 январда қўшни Вьетнам ҳарбий кучлари Камбоджа пойтахти Пномпенга кириб келди. Исми тарихда ҳамиша «қонли режим» ибораси билан биргаликда ишлатилган, ХХ асрнинг энг даҳшатли раҳбарларидан бири бўлган Пол Пот ағдарилди. «Дарё»нинг тарих рукнида бу сафар энг қўрқинчли коммунистик режимлардан бирининг қўшни Вьетнам билан тушунарсиз адовати ҳақида ҳикоя қиламиз.

Иттифоқдошдан душмангача

Аслида Камбоджа Вьетнам билан урушни мамлакатда Пол Пот бошчилигидаги «қизил кхмерлар» ҳокимиятга келганидан кейиноқ бошлаган эди. Бир қарашда икки давлат ўртасида бундай жиддий қарама-қаршилик учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди, чунки «қизил кхмерлар» ҳам, Вьетнам ҳукумати ҳам марксизм-ленинизм ғояларига асосланган ва ўзини коммунист деб эълон қилган эди. Бундан ташқари, 70-йилларнинг бошларида Шимолий Вьетнам «қизил кхмерлар»нинг энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида Америка тарафдори бўлган Камбоджа ҳукуматига қарши партизанлик урушини олиб борган. Вьетнам армияси «қизил кхмер» жангариларини қуроллантириб, ўқитган.

Пол Пот.

Фото: Wikipedia

Шу билан бирга, илгари Кампучия коммунистик партияси деб аталган Камбоджа халқ инқилобий партиясининг ичида ҳам ҳар хил оқимлар – вьетнампараст, хитойпараст ва ультрарадикаллар ўртасида кураш давом этди. Айнан шу сўнгги тилга олинган оқимни кейинчалик Пол Пот (французча politique potentielle – «имконият сиёсати» иборасининг қисқартмаси) номи билан машҳур бўлган Салот Сар бошқарган.

Радикаллар 60-йилларнинг бошларида ўзининг асосий рақиби бўлган вьетнампараст фракциясини йўқ қилишга муваффақ бўлди. 70-йилларнинг бошларига келиб Кампучия коммунистик партиясининг бош котиби этиб сайланган Пол Пот аллақачон Камбоджа инқилобий ҳаракатининг энг таъсирчан намояндаси бўлиб улгурган эди.

Коммунизм ва нацизмдан яралган «қизил кхмерлар»

Шу ерда эслатиб ўтиш жоиз, Пол Пот классик коммунист эмас эди. У коммунистик мафкура постулатларини кхмер миллатчилиги билан бирлаштирган, мамлакатда яшаётган кхмер бўлмаган миллатларга қарши кескин қарашларга эга эди. Вьетнам қиёфасида Пол Пот тезда душманнинг идеал қиёфасини топди ва уни астойдил ишлатишни бошлади. Лон Нол режимига қарши курашда вьетнамликлар кхмерларга жиддий сиёсий ва ҳарбий ёрдам берган бўлишига қарамай, Пол Пот Вьетнамни Кампучиянинг асосий тарихий душмани деб эълон қилди. «Қизил кхмерлар» ҳокимият тепасига келганидан кейин дарҳол амалга оширилган этник тозалаш сиёсати биринчи навбатда мусулмон озчилик – тямларга ҳамда мамлакатда истиқомат қилувчи кўп сонли вьетнамликларга қаратилди.

Геноцид қурбонлари.

Фото: Wikipedia

Пол Пот сиёсати оқибатида нафақат миллий озчиликлар йўқ қилинди. Кхмерларнинг ўзи ҳам даҳшатли қатағонга учради. Аввало, сиёсий қараши фарқ қилувчи одамлар ҳибсга олинди ва йўқ қилинди. Қийноқлар энг ваҳший услубларда амалга оширилар эдики, тирик қолганлар буни даҳшат билан эслайди. Одамни чумоли тўла қопга солиш, тирноқ орасига игна суқиб, игнага қоғоз ёпиштириб, вентиляторда ҳаво бериш, тириклай тери шилиш, қошиқ билан кўзни ўйиб олиш – бу Кампучияда амалда бўлган қийноқ турларининг бир қисми холос.

Шаҳар маданияти буржуа элементи деб эълон қилиниб, йўқ қилинди. Шаҳар аҳолиси депортация қилинди, қириб ташланди, қишлоқларга кўчирилди. Шаҳарлик аёллар «маънавиятсизлик»да айбланиб ёппасига қирғин қилинди. Фоҳишаликда айбланган аёлларнинг кўкраклари кесиб ташланди.

Мамлакатда фан, таълим, маданият ортиқча деб топилди. Мактаблар йўқ қилинди, ўқувчилар қуроллантирилди, ўқитувчилар қатағон қилинди.

Қуролли ўқувчилар.

Фото: Wikipedia

Бутун аҳоли қўрқув шароитида яшарди. Мамлакатда ўлим топиш жуда осон ва одатий иш эди – ҳар куни юзлаб, минглаб одамлар сабабсиз ўлдириларди. Ҳатто Ғарб вакиллари ҳам хавфсизликда эмасди – диктаторга ёқмаган чет эллик журналистлар, дипломатлар, тижоратчилар меҳмонхоналарда сўйиб кетилиш одатий ҳолат эди.

Шу тариқа қисқа ҳукмронлиги даврида Пол Пот 3 миллион одамни, яъни мамлакат аҳолисининг учдан бирини йўқ қилди.

Вьетнам қиёфасидаги «тарихий душман»

Партия аппарати ва бутун Камбоджа жамияти мунтазам равишда Вьетнам элементларидан «тозаланади». «Вьетнамга ишлаган»ликда айбланганларнинг кўпчилиги аслида Вьетнамга мутлақо алоқадор эмасди. Аммо бу уларнинг Вьетнам жосуслари сифатида фош этилишига тўсқинлик қилмади ва шунга кўра сохта айбловлар бўйича қатл этилди.

Вьетнамга қарши туриш учун Камбоджа бутун бир мафкуравий асосни яратди. Вьетнамликлар кхмер коллективизмига қарши турувчи «индивидуалист одамлар» деб эълон қилинди. Кўплаб кхмерлар ҳеч қачон вьетнамларни кўрмаган бўлса ҳам, ташвиқот таъсири остида уларни чин дилдан душман сифатида қабул қила бошлади. Шундай қилиб, Пол Пот асосий мақсадларидан бирига эришди – у атрофига энг чекка қишлоқлардан энг саводсиз ва қашшоқ қатламларни йиғди.

Геноцид қурбонлари.

Фото: Wikipedia

Бундан ташқари, Кампучиянинг Вьетнамга қарши ҳудудий даъволари ҳам бор эди. Гап шундаки, Вьетнамда этник кхмерлар ва тоғлик кхмер қабилалари истиқомат қиладиган жуда катта ҳудудлар бўлган. Пол Пот ва унинг энг яқин шериги, мудофаа вазири Сон Сен доимий равишда Кампучия Вьетнам босиб олган ҳудудлар устидан назоратни тиклаши кераклигини таъкидларди. Чунки «қизил кхмерлар» бир вақтлар мавжуд бўлган кучли Кхмер империясининг қайта тикланиши ҳақида орзу қилар эди. Бу империя нафақат Кампучия, балки Вьетнам, Лаос ва Таиландни ҳам ўз ичига олган.

Хитой таъсир доираси

Пол Пот ва унинг шериклари Вьетнамга қарши ташвиқотни бошлаганида уларнинг «халқни қўзғатиш учун душман қидириш» истагидан бошқа режалари ҳам бор эди. Гап шундаки, Жануби-Шарқий Осиёда совет сиёсий ва мафкуравий таъсирининг асосий ўтказувчиси Вьетнам бўлган. Ўз навбатида, қўшни Лаос ва Лаос коммунистлари Вьетнамнинг таъсири остида эди, аммо Бирма, Таиланд, Малайзия, Филиппин ва Камбоджада коммунистик партиялар Хитой билан ҳамкорликка эътибор қаратарди. Шу сабабли Вьетнамни кескин танқид қилиш асносида Пол Пот Хитой кўрсатаётган ёрдам кўпайишига умид қиларди. Шунингдек, Вьетнамга қарши жазавадан Хитой манфаатдор эди, чунки Хитой учун Жануби-Шарқий Осиёдаги Совет Иттифоқи таъсирини заифлаштириш жуда муҳим эди.

Депортация.

Фото: Wikipedia

«Қизил кхмерлар» Вьетнам устидан ғалабага эришиш йўлида бизга Пекин ҳарбий ёрдам беради деб умид қилди. Бу ишонч Камбоджада хитойлик ҳарбий маслаҳатчилар мавжуд бўлгани билан мустаҳкамланади. Уларнинг сони бир неча минг кишига етган эди. Шу сабабли 1977 йилда «қизил кхмерлар» Вьетнамнинг чегара постларига мунтазам ҳужумлар уюштира бошлади. Ўз навбатида, расмий ташвиқот, аксинча, Вьетнам Камбоджа чегарасига ҳужум қилаётганини даъво қиларди. Вьетнам раҳбарияти чегарадаги вазият бўйича музокара қилиш таклифи билан Кампучия раҳбариятига мурожаат қилганида «қизил кхмерлар» раҳбарлари расмий Ханойдан бироз кутишни илтимос қилди.

Аслида Вьетнам билан ярашиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Пол Пот ва унинг атрофидагиларнинг Вьетнамга ва советларга қарши позицияси тобора аниқ бўлиб бораверди. Шу билан бирга, доимо сиёсий донолиги билан ажралиб турадиган Хитой ҳам жуда пухта ўйланган сиёсат олиб борди ва Кампучиянинг тажовузкор ҳаракатларидан узоқлашди.

Кампучия – Вьетнам уруши

1977 йил 31 декабрда Демократик Кампучия Вьетнам қуролли тажовуз амалга ошираётганини расман эълон қилди. 1978 йил 18 апрелда кхмерларнинг катта қуролли бўлинмаси Вьетнамнинг Анзянг провинциясида жойлашган Батук қишлоғига ҳужум қилди. Кхмерлар қирғини натижасида 3 157 тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Қишлоқ аҳолиси ичидан фақат икки вьетнамлик қочишга муваффақ бўлган холос. Табиийки, Вьетнам Камбоджанинг бундай тажовузига жавоб бермаслиги мумкин эмасди. Вьетнам халқ армияси қўмондонлиги Камбоджага қарши қуролли операция ўтказишни режалаштира бошлади.

Геноцид қурбонлари.

Фото: Wikipedia

Аммо Камбоджага бостириб кириш тажовузкорликка ўхшамаслиги учун Вьетнамдаги кхмер аҳолисининг ҳеч бўлмаганда бир қисмининг қўллаб-қувватлаши керак эди. Вьетнам раҳбарияти Пол Потга қарши бўлган ва унинг сиёсатини танқид қилган бир неча эски Камбоджа инқилобчиларига мурожаат қилди. 1978 йил май ойида Пол Потга қарши исён кўтарган шарқий маъмурий ҳудуд раҳбари Со Пхим билан ҳам алоқалар ўрнатилди. Аммо Вьетнамнинг Со Пхимдан умиди рўёбга чиқмади – «қизил кхмерлар» исёнчиларни шафқатсизларча йўқ қилишга муваффақ бўлди, Со Пхим жангларда ҳалок бўлди.

Кейин эса Вьетнам яна бир «қизил кхмер» раҳбарларидан бири – Хенг Самринга ишонч билдирди. 1978 йил май ойида у ҳам Пол Потга қарши исён кўтарди, аммо унинг қўшинлари ҳам мағлубиятга учради.

Бироқ 1978 йил 2 декабрда «Камбоджа бирлашган фронти» тузилди ва унга Хенг Самрин раис этиб сайланди. Вьетнам халқ армияси эса Камбоджани босиб олишга тайёргарлик кўришни бошлади.

Шуни таъкидлаш керакки, Хитойнинг ёрдами ва Пол Потнинг қатъиятли сафарбарлик сиёсатига қарамай, «қизил кхмерлар»нинг қуролли кучлари қурол-яроғ ва ҳарбий техника, шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва таъминот сифати бўйича Вьетнам армиясидан анча ортда эди. Пол Пот отрядларида жангариларнинг муҳим қисмини ўсмирлар ва 10–12 ёшли болалар ташкил қилар эди. Улар Вьетнам ҳарбийлари билан рақобатлаша олмасди.

Бундан ташқари, «қизил кхмерлар»нинг ҳамма қўмондонлари ҳам Пол Пот учун курашишни хоҳламас эди. Ханойдагилар айнан шу туфайли «қизил кхмерлар»ни ағдариш қандайдир супер вазифа эмаслигини яхши тушунишарди. Хитойнинг аралашуви дарҳол истисно қилинди, чунки Пекиндагилар «қизил кхмерлар»ни қўллаб-қувватласа-да, бундан хурсанд эмасди. Умуман олганда, 70-йилларнинг охирига келиб Хитой сиёсий йўналишини ўзгартира бошлади. Пол Пот каби ёқимсиз шахсларни қўллаб-қувватлаш энди Хитой раҳбариятининг режаларига кирмасди.

1978 йил 25 декабрда Вьетнам халқ армиясининг зирҳли ва моторли бўлинмалари Камбоджа чегараси сари йўлга чиқди. Операцияда ВХАнинг 14 та дивизияси қатнашди. Улар Камбоджа ҳудудига тезда бостириб кирди ва кейинги ҳужумларни бошлаш учун муҳим позицияларни эгаллаб олди. Вьетнам билан чегарада жойлашган Камбоджа армияси бўлинмалари ВХАга нисбатан кенг миқёсли қаршилик кўрсата олмади. Вьетнам армияси бир неча кун ичида мамлакат пойтахти Пномпенга яқинлашди.

Бундай вазиятда «қизил кхмерлар» раҳбарияти фақатгина «Вьетнам босқинчилари» тез кунларда мағлуб бўлишини даъво қилувчи расмий ташвиқот тармоғини давом эттира олди холос. 1979 йил 1 январда «қизил кхмерлар» ва Вьетнам халқ армияси ўртасидаги жанглар Пномпен остонасида кечди. 5 январда ўз позициясининг ачинарли ҳолатини англаган Пол Пот Камбоджа аҳолисини «Совет ҳарбий тажовузини» қайтаришга чақирди. Табиийки, Совет Иттифоқининг Камбоджага бостириб кириши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди, аммо Пол Пот бу сўзлар билан кхмерларга ёрдам бериш учун Хитой ёки АҚШни жалб қилмоқчи эди. Аммо Пекинда ва айниқса Вашингтонда ҳеч ким Пол Потнинг бу сўзларини жиддий қабул қилмади.

Маълум бўлишича, Хитойни Пол Пот ва унинг «қизил кхмерлар»и фақатгина Жануби-Шарқий Осиёда совет ва Вьетнам таъсирига қарши туриш нуқтаи назаридан қизиқтирган холос, улар Пол Потга ёрдам бериш учун армия юбориш ниятида эмасди. Пол Пот Камбоджада Хитой ишониши мумкин бўлган ягона сиёсатчи ҳам эмасди. Бундан ташқари, Хитой Пол Пот режимининг жирканч ишлари туфайли уни ўз таъсир доирасининг минтақадаги йўлбошчиси сифатида кўрмай қўйган эди.

Шаҳар аҳолиси қишлоққа мажбурий кўчирилмоқда.

Фото: Wikipedia

Совет Иттифоқи ва Вьетнамда Камбоджадаги жанглар «қонли Пол Пот режимига қарши» халқ қўзғолони сифатида кўрилган. Шунинг учун Вьетнам қўшинлари 1979 йил 7 январь куни эрталаб Пномпенга кириб келганида бутун дунёга Камбоджа пойтахти Вьетнам халқ армияси кўмаги билан Бирлашган Кампучия миллий қутқариш фронти томонидан озод қилингани маълум қилинди. Вьетнам қўмондонлиги расмий равишда ҳокимиятни ушбу фронт раиси Хенг Самринга топширди.

Якун

Пол Потга келадиган бўлсак, у Вьетнам қўшинлари Пномпенга бостириб киришидан бир неча соат олдин шахсий қўриқчилари ва бир неча шериги билан пойтахтни тарк этди. «Қизил кхмерлар» ўз раҳбарини вертолёт ёрдамида мамлакат ғарбий томонига – унга содиқ қолган қисмлар бошқарадиган жойларга эвакуация қилди. Шу билан бирга, Пол Пот қочиб кетганидан уч кун ўтгач, 10 январда Пномпенда Камбоджа Халқ Республикаси (КХР) эълон қилинди. Янги ҳукуматнинг барча тузилмалари ва КХР қуролли кучлари мамлакатда ҳукмрон тартибсизликлар муҳитида нолдан яратилиши керак эди.

Шу сабабли Камбоджа ҳудудида Вьетнам халқ армиясининг бўлинмалари сақланиб қолинди. Параллел сиёсий тузилма сифатида эса вьетнампараст Камбоджа коммунистик партияси шакллантирилди, уни Ханой расман тан олди ва қўллаб-қувватлади. Вьетнам нафақат янги ҳукуматни куч билан таъминлади, балки Камбоджага кўплаб муҳандислик, маъмурий ва тиббиёт ходимларини юбориб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатди.

Пол Пот ва унинг шериклари янги ҳукуматга қарши фуқаролар урушини давом эттирди, аммо бу муваффақият қозонмади. Мамлакатнинг айрим ҳудудлари «қизил кхмерлар» назорати остида бўлишига қарамай, 1990-йилларда уларнинг таъсири пасайиб, охир-оқибат заифлашди, чунки улар Хитойга ҳам, Ғарбга ҳам керак бўлмай қолди.

Расмий маълумотга биноан, Пол Пот 1998 йил 15 апрелда юрак етишмовчилигидан вафот этди. Аммо кейинчалик ўтказилган тиббий экспертиза у заҳарланиш натижасида ўлим топганини кўрсатди. Ўз ҳукмронлиги даврида 3 миллион инсоннинг ёстиғини қуритган, диктаторларга бой бўлган ХХ асрнинг энг золим ҳукмдорларидан бири Пол Пот шундай ўлим топди.

Нурбек Алимов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.