Генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлимидан кейин АҚШ президенти Дональд Трамп администрацияси Теҳронга низо сабаб шошма-шошарлик билан ҳаракатларни амалга оширмасликни сўраб тезкор мурожаат йўллаган. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) америкалик амалдорлар орасидаги манбаларига таяниб хабар қилган. Шифрланган мурожаат Эрондаги Шевйсария элчихонаси орқали юборилган.

Фото: Iranianuk

АҚШ ва Эрон хабарлар алмашинувини давом эттирмоқда. Икки томон сиёсатчиларинигн фикрича, мурожаат қўпол сўзлардан ҳоли бўлган ва расмий шаклда йўлланган.

«Эронликлар билан бир неча кундан буён музокара олиб бормаяпмиз, лекин биз музокара бошлаганимизда Швейцария хабарлар юборишда муҳим рол ўйнади ва муаммонинг мураккаблашмаслигига хизмат қилди»,— деган АҚШ амалдорларидан бири.

Эроннинг БМТдаги миссияси вакили ушбу мавзу юзасидан шарҳ беришни истамаган, лекин Теҳроннинг Швейцария коммуникация каналлари билан таъмилашда кўрсатган хизматларидан миннатдорлигини билдирган.

Генерал Қосим Сулаймоний 3 январда АҚШнинг Бағдоддаги аэропортига берган авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Вашингтон ушбу қарор юзасидан изоҳ бериш чоғида генерал америкаликларга ҳужумлар уюштиришни режалаштирганини билдирган. АҚШ ушбу ҳаракати юзасидан аниқ далиллар келтирмаган. Теҳрон Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олишни ваъда қилган. Аввалига Эрон ядро келишувидаги мажбуриятларини қисқартирди, кейинроқ АҚШ ҳамда Пентагонни террорчилик ташкилотлари деб эълон қилиш бўйича қонунни қабул қилди. 8 январда Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига 5 та ракета йўллади. Дональд Трамп ушбу ҳаракатларга жавобан Теҳронга янги санкциялар қўллашини айтган.