The New York Times газетасининг суриштирувчи журналисти Кристиан Триберт Эрон ракетасининг учирилиши кўрсатилган видеони эълон қилди. Видео Теҳрон яқинидаги Паранд аҳоли пунктидан шимоли-шарқий нуқтада ўрнатилган кузатув камераси орқали олинган. Трибертнинг сўзларига кўра, суриштирувчилар Украина «Боинг»ини уриб туширган ракета айнан шу ердан учирилган деган фикрда.

Трибертнинг қайд этишича, видеоёзувда кўрсатилган сана воқеа юз берган муддатга мос тушади (Эрон тақвими бўйича 18.10.1398 санаси милодий тақвим бўйича 2020 йил 8 январга тўғри келади). Айни вақтда соатлар самолёт қулаган вақтга мувофиқ келмайди; журналистнинг ёзишича, бу камера созламалари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Bellingcat асосчиси Элиот Хиггинснинг «Украинская правда» нашрига маълум қилишича, видео олинган жой, «таҳлилларга кўра, самолёт уриб туширилган жойга яқин». Conflict Intelligence Team’нинг ёзишича, ракета эҳтимолий махфий базадан учирилган бўлиши мумкин.

Аввалроқ Украина самолётига Эрон ракетасининг келиб урилгани акс этган видеоёзув ҳам Теҳрон яқинидаги Паранд шаҳарчасида олингани ҳақида хабар берилган эди.