Украина ҳукумати Эрондаги Boeing ҳалокати қурбонлари оилаларига 200 минг гривна (8,3 минг доллар) тўланишини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат вазирлар маҳкамаси сайтида хабар берилди.

Фото: EPA

Украина бош вазири Алексей Гончарукнинг маълум қилишича, «Украина халқаро авиалиниялари» авиакомпанияси жамоа шартномасига мувофиқ экипаж аъзоларининг оилаларига тўловларни амалга оширади.

Киев Монреаль конвенсиясига мувофиқ суғурта тўловларининг тўғри бажарилишини назорат қилади ва Эрондан товон тўлашни талаб қилади.

«Украина халқаро авиалиниялари»нинг Киевга учаётган Boeing 737 самолёти 8 январь куни Теҳрон аэрпортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган эди. Ҳодиса оқибатида 176 киши ҳалок бўлган. Эрон Украина самолётини хатолик сабаб уриб туширганини тан олди. Уни душман нишони деб ўйлашган.

12 январь куни Исломий инқилобий муҳофизлари корпуси Украина самолёти ҳалокати учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Эрон уриб туширилган Boeing қора қутиларини Францияга топширилишини маълум қилди.

Эронда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар авиаҳалокат айбдорларини жазолашни талаб қилмоқда. Канада бош вазири Жастин Трюдо адолат қарор топмагунча тинчимаслигини айтди. Украина президенти Владимир Зеленский «Украина халқаро авиалиниялари»нинг Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси билан уриб туширилишида айбдор бўлганларнинг бари жавобгарликка тортилишига ваъда берди.