Абхазия президенти Рауль Хажимба истеъфога чиқди. Бу ҳақда республика вице-президенти Аслан Барсисга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

«Қон тўкилмаслигини таъминлаш, ҳеч бўлмаганда республикада барқарорлик бўлиши учун у тегишли ҳужжатни имзолашга қарор қилди», — дея таъкидлайди вице-президент.

Аслан Барсиснинг сўзларига кўра, «вазиятни барқарорлаштириш» учун республикага Россия президентининг ёрдамчиси Владислав Сурков етиб келган.

9 январь куни Абхазия пойтахти Сухумеда мухолифат тарафдорлари иштирокида норозилик намойиши бўлиб ўтганди. Улар штурм билан президент администрацияси биносини эгаллашга уриниб кўрганди.

Абхазиядаги президентлик сайлови 2019 йилнинг ёзида бўлиб ўтган. Рауль Хажимба учун 47,39 фоиз сайловчи овоз берган. Унинг рақиби Алхас Квициния учун 46,17 фоиз ово берилган. Мухолифат сайлов натижалари юзасидан судга шикоят қилган, бироқ ўтган йилнинг декабрь ойида Олий суд даъвони аризасини рад этган.

10 январь куни Олий суд президентлик сайлови натижаларини бекор қилганди. Кейинроқ Марказий сайлов комиссияси 22 март куни қайта сайлов бўлиб ўтишини белгиланган.

Рауль Хажимба 2014 йилдан буён президент сифатида Абхазияни бошқариб келаётганди.