АҚШ президенти администрацияси Шимолий Кореяга мурожаат қилиб, охирги марта октябрда ўтказилган музокараларни Стокгольмда қайта тиклаш таклифини билдирди, деб хабар беради «Коммерсантъ».

Фото: Reuters

«Биз Шимолий Корея томони билан боғланиб, октябрь ойининг бошида қолиб кетган музокараларни Стокгольмда давом эттириш таклифини билдирдик. Биз турли каналлар билан КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг денуклеаризация бўйича ваъдасида туриши учун музокараларни керакли оқимга қайтаришга тайёр эканлигимизни тушунишига шама қилдик», — дейди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси О’Брайен.

Унинг қўшимча қилишича, Ким Чен Ин Вашингтонга ваъда қилинган «Рождество совғаси»ни ҳали ҳам олиб келмаганига «эҳтиёткорона оптимизм» билан ёндашади. Дональд Трамп Ким Чен Ин байрамга ваза юборишини тахмин қилганди. «Биз ваза ҳам, бошқа бирор Рождество совғасини ҳам олмадик. Биз буни ижобий баҳолаймиз», — дейди ёрдамчи.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг июнь ойида икки мамлакат раҳбарлари биринчи бор Жанубий ва Шимолий Корея чегарасидаги қуролсизланган ҳудудда учрашишган эди. Саммит бир неча дақиқа давом этганига қарамай Ким Чен Ин ва Дональд Трамп музокара ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузишга келишиб олганди. Октябрь ойида Стокгольмда томонлар дастлабки музокараларни ўтказди. Ноябрда эса КХДР Ташқи ишлар вазирлиги Трамп «КХДРга нисбатан душманлик сиёсатини тўлиқ бекор қилмагунича» АҚШ президенти билан учрашмаслигини маълум қилганди.