Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзодини қўйган миллиардер Майкл Блумберг сайлов пойгалари учун миллиард доллар сарфлашга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради The New York Times.

Фото: АP

Блумбергнинг маълум қилишича, у Демократлар партияси номидан номзоди кўрсатилмаса ҳам ўзининг шахсий маблағларидан миллиард доллар ажратишга тайёр. Бу ҳолда у пулларни ўзининг демократ рақибини қўллаб-қувватлашга йўналтиради.

Аввалроқ Блумбергнинг сайловолди штаби вакили Кевин Шики NBC News’га берган интервьюсида Блумберг «демократлардан номзод бўлишга ёки демократлардан кўрсатилган номзоднинг асосий ҳомийсига» айланишга тайёрлигини маълум қилганди. «У Трампни Оқ уйдан қувиб чиқармоқчи», — дейди Шики.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра Демократлар партиясидан энг машҳур номзод — АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден ва сенатор Берни Сандерс. Майкл Блумберг бешинчи поғонадан ўрин олган.

Блумберг 2002—2013 йилларда Нью-Йорк мэри бўлган. Шунингдек, у хайрия фаолияти билан ҳам танилган. Бизнесменнинг бойлиги 58 миллиард долларга баҳоланади.