Ўзбекистон футболи тарихидаги энг таниқли футболчилардан бири, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Миржалол Қосимов 20-Толариқ сайлов округидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига сайлангани ҳақида аввал хабар берилган эди.

Миржалол Қосимов.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Тошкент шаҳар кенгаши янги таркибининг 13 январь куни бўлиб ўтган биринчи сессиясидан сўнг «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган қисқа интервьюсида, Миржалол Қосимов ёшларнинг интернетга боғланиб қолиши уларнинг саломатлигига салбий таъсири қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Аввало футбол ва бошқа спорт турларини ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Чунки аҳолининг спортга қизиқиши жуда паст. Шунинг учун, спортни тарғиботини кучайтириш ва спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишга, энг асосийси, ёшларни спортга жалб қилишга эътибор қаратамиз.

Ёшларни спортга жалб қилишда, қайсидир маънода, 10 йилни йўқотдик. Кўпчилик интернетга боғланиб қолди. Тўғри, интернетнинг фойдали томонлари кўп. Лекин мобил қурилмаларга муккасидан кетишнинг соғлиққа, айниқса кўриш қобилиятига зиёни ҳам бор. Масалан, аксарият болалар 16—17 ёшга тўлмасидан кўзойнак тақишни бошлаяпти.

Шунинг учун, депутатлик фаолиятимизда асосий эътиборни соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратмоқчимиз.

Миржалол Қосимов, футбол мураббийи, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати