Тошкент вилоятининг Чиноз туманида мудҳиш қотиллик юз берди. Маст ҳолдаги эр хотинини пичоқлаб ўлдириб сўнг ўз жонига суиқасд қилди. Бош прокуратуранинг «Дарё»га маълум қилишича, воқеа 13 январь куни соат 03:00 ларда содир бўлган.

Муқаддам судланган 32 ёшли Ю.А. маст ҳолатда 31 ёшли хотини Л.А. билан ўзаро жанжаллашиб, ошхона пичоғи билан чап орқа кўкрак қафаси соҳаси ва бел соҳаси чап ёнбош қисмига уриб, қасддан ўлдирган. Сўнг ўзининг чап қўл билак соҳасини кесиб, қорин соҳаси ўнг томон пастки қисмига тўрт маротаба пичоқ билан санчиб, жонига суиқасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни туман прокуратураси томонидан Ю.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.