Дунёда Coca-Cola каби машҳур брендлар кам топилади. Ушбу ичимлик одамар миясига шу қадар яхши ўрнашиб олганки, усиз ҳаёт қандай бўлишини тасаввур қилиш мушкул. Фармацевт Жон Пембертоннинг Атлантада ўзининг сирли формуласини яратганига 130 йилдан ошди. Аслида у шифобахш илҳомлантирувчи ичимлик яратишни истаган, аммо муваффақиятсизликка учраган. Бугун олимнинг кашфиёти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Фото: «Travelask.ru»

Юз йил аввал Американинг деярли ҳар бир дорихонасида газли ичимлик берадиган автоматлар бўлган. Бугун оламга машҳур газланган ичимликларнинг туғилиши ҳам аслида шу вақтда бўлган. Масалан, Dr Pepper. Ичимлик ёқиб қолган шинавандалар доришунослар тайёрлаган ширин сувни ичиш учун дорихоналарга тез-тез ташриф буюрган. Бироқ фармацевтларнинг бундан қандай манфаат кўргани ҳалигача номаълум?

Бу кимё ва газланган сувнинг шифовахш хусусиятлари билан боғлиқ. Узоқ йиллар аввал таркибида карбонат ангидрид бўлган минерал сув соғломлаштириш хусусиятига (содали сув ҳам дейилади) эга бўлган, шифокорлар овқат ҳазм қилиш, бош оғриғи, чарчоқ ва бошқа аломатларда минерал сувни дори сифатида беморларга тавсия қилган. Сода дори деб қабул қилингани туфайли фармацевтлар ичимлик таркиби борасида тажрибалар ўтказишдан тўхтамаган. Жон Пембертон ҳам шундай олимлардан бири ҳисобланади.

Фото: «Travelask.ru»

Жоржиялик Жон Пембертон тиббиёт илми билан коллежда шуғулланган ва асосий эътиборини кимёга қаратган. 1850 йилда шахсий тиббиёт амалиётини бошлаб, севган қизига уйланган, уй харид қилган ва кейинчалик ўғилли бўлган. Жон тиббиётдаги ютуқлари сабаб турли мукофотлар олган ва дорихона очган. Пембертоннинг ҳаёти мамлакатда фуқаролар уруши бошлангунига қадар идеал тарзда ўтган.

1862 йилда Жон Пембертон Конфедерация армиясига қўшилган, Жоржия учинчи кавалерия баталёнининг биринчи лейтенанти бўлган. 1865 йилда Колумбусда душман қўшини билан жанг вақтида бир неча еридан ўқ еган Пембертон урушдан қайтган ва унинг ҳаётида бир вақтнинг ўзида яхши ёхуд ёмон кунлар бошланган.

Фото: «Travelask.ru»

Жон Пембертон Фуқаролар уруши вақтида олган жароҳатлар қолган умри давомида унга оғриқли азоб берган. Оғриқларни енгиш учун Жон аввалига морфийдан фойдаланган, кейинчалик дорига кўникиб қолишдан қўрқиб кокаин истеъмол қилишга ўтган. Пембертон фармацевт сифатида морфийнинг хусусиятларини жуда яхши билган ва кокаиннинг ўша давр учун меъёрий нарх ҳамда сифатларга эгалигини яхши тушунган. Олим, шунингдек, аспириндан ҳам унунмли фойдаланишга муваффақ бўлган.

Пембертон оғриқни камайтириш учун турли доривор унсурлар билан тажрибалар ўтказган ва якунда ғалаба формуласини яратган. У содали сувни, кола ёнғоғи, кокаин ва шаробга аралаштириб аввалига Member of ’s French Wine Coca деб номланган ичимликни яратган. Шундай номланган кокаинли вино Францияда оммавийлашган, Пембертон ушбу ичимлик сабаб яхшигина даромад ҳам кўрган.

Ушбу воқеадан маълум вақт ўтгач олим вино ўрнига шакарли қиёмдан фойдаланади, кейинчалик 1903 йилда кокаин энг кучли гиёҳванд модда деб топилиб тақиқланади. Олим формулани яна ўзгартиришига тўғри келди. Ана шундай тарихий ўзгаришлардан кейин биз ҳозир Coca-Cola деб атайдиган ичимлик пайдо бўлди.

Фото: «Travelask.ru»

Ичимликнинг муваффақияти бутун мамлакат миқёсига чиқди. Аммо Жон Памбертон бундан бахтиёр бўла олмади. Олим кокаинга тобе бўлиб қолгани туфайли ҳалокат ёқасига келиб қолди. У 1888 йилда пулга муҳтожлик сабаб Coca-Cola’га эгалик қилиш ҳуқуқини банкер Аса Григгс Кендлерга сотди. Гарч Пембертон компания раҳбарларидан бири бўлиб қолишни истаган бўлса ҳам ушбу режани амалга оширишнинг уддасидан чиқа олмади.

Фото: «Travelask.ru»

Жон Пембертон 1888 йил 16 августда вафот этди. У Кендлер билан имзолаган келишув оқибатида хотини ва ёлғиз ўғли ҳам ҳеч вақосиз қолди. Чарли Пембертон отасининг компаниясини қайтариб олиш учун курашди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади.