Tesla электромобилларини ишлаб чиқарувчи компаниянинг акциялари қиймати 13 январь куни ўз тарихида биринчи бор 500 доллардан ошди, деб хабар беради Meduza.

Фото: Hi-News

Савдолар очилганидан бошлаб акциялар нархи 10 фоизга кўтарилган, айни вақтда унинг нархи 525 долларни ташкил этмоқда.

Бир ойдан камроқ вақт ичида Tesla акциялари 20 фоизга ўсди — бу Tesla 3 моделини Хитойдаги харидорларга етказиб бериш бошланганидан сўнг содир бўлди. Мазкур моделлар ўтган йили Шанхайда очилган заводда йиғилган.

Ҳозирда Tesla’нинг умумий капитализацияси 91 миллиард доллардан ортиқни ташкил этмоқда. Бу эса Ford ва General Motors’нинг биргаликдаги капитализациясидан ҳам кўп демакдир.

Сўнгги саккиз ой ичида Tesla акцияларининг нархи уч баробарга ўсди — 2019 йил май ойи охирида донаси 177 доллар турган бўлса, ёзда 250 доллар атрофида эди.