Буюк Британия қироличаси Елизавета II шаҳзода Гарри ва Меган Марклнинг қироллик оиласи имтиёзларидан воз кечиб, кўпроқ шахсий ҳаёти билан яшаш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Бу каби баёнот қироллик оиласи кенгашининг якунида маълум қилинган, деб хабар беради Meduza.

Фото: Daily Magazine

«Мен ва менинг оилам Гарри ҳамда Меганнинг ёш оила сифатида янги ҳаёт бошлаш тўғрисидаги истагини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бизга қолса улар қироллик оиласининг тўлақонли аъзоси сифатида қолгани яхши эди, шунга қарамай биз уларнинг мустақил ҳаёт кечириш тўғрисидаги қарорини ҳурмат қиламиз», — дейилади баёнотда.

Қиролича, шунингдек, Гарри ва Меган Маркл учун «ўтиш даври» ҳақида ҳам маълум қилди. Бу давр оралиғида улар Буюк Британия ва Канадада яшайди, якуний қарор тез кунларда эълон қилинади.

Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл қироллик оиласи имтиёзларидан воз кечишлари ҳақида 8 январь куни маълум қилганди. ОАВ эса Елизавета II бундан бехабар эканлиги ҳақида ёзганди.