Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳукумат мажлисидаги чиқишида мамлакат қуролли кучларини Украина йўловчи самолёти ҳалокати учун бирор марта узр сўрамаганликлари учун узр сўрашга чақирди. Президентнинг чиқиши Press TV телеканали томонидан эълон қилинди.

Фото: AP/Ebrahim Noroozi

«Агар бу ҳақда кеч эълон қилинган бўлса, улар бунинг учун узр сўрашлари керак», — деб айтган Руҳоний. У ҳарбийларни, шунингдек, агар «улар номақбул оҳангда гапирган бўлса», бунинг учун ҳам узр сўрашга чақирган.

Эрон президентининг сўзларига кўра, авиаҳалокатнинг асл сабаби кеч эълон қилиниши уни яширишга уриниш билан боғлиқ эмас, самолётнинг қулаши Теҳрон учун мутлақо кутилмаган ҳодиса бўлган. Руҳонийнинг айтишича, Эрон ҳарбийлари илгари «йўловчи самолётига нисбатан ҳеч қачон бундай хатога йўл қўймаган» эди.

Президентнинг қўшимча қилишича, мамлакат қуролли кучлари самолёт ҳалокати учун айбини тан олиб, узр сўрагани «қилиниши керак бўлган ишларнинг биринчисидир». У ҳарбийлардан ҳодиса суриштируви юзасидан кўпроқ ахборот беришни талаб қилиб, ушбу жараённи назорат қилишга ваъда берди. «Ҳодиса айбдори ким эканини маълум қилиш одамларимиз учун муҳим», — дея қайд этди Руҳоний.