Дастурлаш ривожланиши билан интернетда онлайн энциклопедиялар яратиш кенг тарқалиб кетди. Мана шундай бепул онлайн энциклопедиялардан бири машҳур Wikipedia’дир. 15 январь – сайт ташкил қилинган кун. Шу сана муносабати билан «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов жаҳондаги энг машҳур онлайн энциклопедия ҳақида ҳикоя қилади.

Wikipedia бундан 19 йил олдин – 2001 йил 15 январь куни ишга туширилган. Сайтга Жимми Уэльс ва Лари Сангерлар асос солган.

Фото: Wikipedia

Дастлаб 2000 йилнинг март ойида Жимми Уэльс Nupedia номли онлайн энциклопедияга асос солди. Bomis корпорацияси молиялаштирган лойиҳага Лари Сангер бош муҳаррир этиб тайинланди. Nupedia анча чекланганлани сабабли дастурчи Бен Ковитз Сангерга wiki концептининг моҳиятини тушунтириб берди. Сангер эса Уэльсга энциклопедияни янада тезроқ ривожлантириш учун wiki’дан фойдаланишни таклиф қилди. Шу тариқа 2001 йил 15 январь куни Wikipedia’га асос солинди.

Этимологик жиҳатдан Wikipedia икки сўздан ясалган. Гаваи тилида wikiwiki «тез» деган маънони беради. Pedia эса энциклопедианинг бир қисми бўлиб, юнончадан таржима қилганда «йўриқнома», таълим деган маъноларни англатади. Шундай қилиб, янги лойиҳа Nupedia’нинг матнлари базасини тезкорлик билан тўлдириш имконини бериши керак эди.

Wikipedia’нинг шиори қуйидагича: «Ҳар ким яхшилаши мумкин бўлган бепул тарқатиладиган энциклопедия лойиҳаси». Бу шиорни унинг асосчиси Жимми Уэльс қуйидагича изоҳлаб берган: «Ҳар ким ўз она тилида ўқий олиши мумкин бўлган сифатли ва текин энциклопедия яратиш ва уни тарқатиш». Уэльснинг мақсади Wikipedia’ни Encyclopædia Britannica даражасига олиб чиқиш эди. Wikipedia янги, тасдиқланмаган билимлар бериш эмас, тасдиқланган билимларни ўқувчиларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб олган.

2002 йилда Ларри Сангер Nupedia ва Wikipedia лойиҳаларида ишлай бошлади. Аммо Bomis ширкати билан юзага келган молиявий можаро туфайли у икки лойиҳани ҳам тарк этишга мажбур бўлди. Nupedia орқада қолишни бошлади, Wikipedia эса ривожланаверди. 2003 йил 26 сентябрда Nupedia ёпилди ва бутун контенти Wikipedia’га ўтказилди. 2003 йил июнь ойида Wikipedia’нинг техник таъминотини молиялаштириш учун Wikimedia Foundation ширкати ташкил этилди.

Бугунги кунда Wikipedia дунёнинг 307 та тилида, жумладан, ўзбекча ва қорақалпоқчада фаолият олиб боради. Дастлаб инглиз тилида фаолиятини бошлаган Wikipedia кейинчалик бошқа тиллар билан ҳам бойиб борди. Wikipedia’нинг инглиз тилидан бошқа тилларда фаолият юритадиган илк саҳифаси 2001 йил 23 март куни француз тилида очилди. Ундан кейин эса немис ва каталан тилларида саҳифалар ташкил этилди. Бугунги кунда сайтда 20 миллиондан ортиқ мақола мавжуд.

Тиллар бўйича олиб қарайдиган бўлсак, энг кўп мақола (6 миллионга яқин) инглиз тили ҳиссасига тўғри келади. Ундан кейинги ўринда 5 миллион 400 мингга яқин мақола билан Филиппин ороллари жанубида тарқалган себуано тили жой олган. Кучли ўнликни швед, немис, француз, нидерланд, рус, итальян, испан, поляк тиллари банд қилган.

Жимми Уэльс.
Фото: Financial Times

Мақолалар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Мақолалар тематикасида санъат ва маданият етакчи соҳа ҳисобланади. Ундан кейин эса география соҳасига оида мақолалар туради. Шунингдек, биография, сиёсат, ижтимоий фанлар каби соҳалар ҳам етакчи соҳалар ҳисобланади.

Ўзбекча Wikipedia

Бугунги кунда ўзбек тилидаги Wikipedia’да 134 мингга яқин мақола мавжуд. Wikipedia’нинг ўзбек тилидаги саҳифаси 2003 йил декабрь ойида фаолиятини бошлаган. Ўзбекча Wikipedia’да мақолалар асосан лотин алифбосида ёзилади. 2012 йилдан бошлаб эса кирил алифбосида ҳам ўқиш имконияти пайдо бўлди.

Ўзбек тилидаги Wikipedia’да мақолалар сони кам, борлари ҳам мукаммал эмас. Аммо, шунга қарамай, 2012 йил бошидан буён фаол фойдаланувчилар ва сифатли мақолалар сони анча ўсди. 2013 йилда Wikipedia’нинг бошқа тиллардаги саҳифалари орасида ўзбек тилидаги саҳифаси йиллик кўришлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади. Шу йили Ўзбекистон миллий энциклопедиясидаги барча маълумотлар махсус бот ёрдамида ўзбекча Wikipedia’га жойланди.

Wikipedia’нинг қариндош лойиҳалари

Wikipedia ташкил этилганидан кейин жамоа бошқа лойиҳаларни ҳам ривожлантиришга бел боғлади. Шу мақсадда Wikipedia оиласи бир қатор лойиҳалар билан бойиди. 2002 йил 12 декабрь куни Wiktionary универсал луғати ишга туширилди. Иқтибосларни ўзида жамлаган Wikiquote, талабаларга мўлжаллаган электрон китоблар каталоги Wikibooks, жамоат мулки дея таснифланган матнлардан иборат Wikisource, Wikinews янгиликлар сайти, Wikimedia Commons мултимедиа кутубхонаси, тирик мавжудотлар ҳақида маълумот берувчи Wikispecies, Wikiversity педагоглар жамияти ҳамда саёҳат ҳақида маълумот берувчи Wikivoyage каби лойиҳалар Wikipedia оиласига қарашли ҳисобланади.

Wikipedia’га тақиқ қўйган давлатлар

Wikipedia ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайди. Асосан анъанавий жамият унсурлари ҳукмрон давлатларда сайтга тўсиқ қўйиш ҳоллари бир неча бор кузатилган. Бундай давлатлар орасида Хитой етакчилик қилади.

Wikipedia Хитойда бир неча бор тақиққа учраган. Охирги тўсиқ 2019 йил май ойида қўйилган. Мамлакатда Wikipedia’нинг барча тилларига тўсиқ қўйилган. Хитой глобал ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйиш бўйича етакчи давлат ҳисобланади.

Эронда эса Wikipedia’га 2006 йилдан буён тўсиқ қўйилган. Эрон, шунингдек, Amazon, YouTube ва New York Times каби сайтларни ҳам блоклаган.

2017 йилнинг 29 апрель кунидан буён Туркияда ҳам Wikipedia’нинг барча лойиҳаларига тўсиқ қўйилган эди. Аммо 2019 йил 26 декабрда Туркия Конституциявий суди ҳукумат қўйган бу тўсиқни сўз эркинлигининг қўпол бузилиши деб топди.

Афсуски, бу рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор.

Ўзбекистонда ҳам 2011 йилда Wikipedia’нинг ўзбекча версиясига тўсиқ қўйилган эди. Аммо 2013 йилда Google ўзбекча Wikipedia саҳифаларини https билан индексация қила бошлади ва фойдаланувчилар автоматик тарзда https’га йўналтирила бошланди.

Умуман олганда, 2013–2019 йилларда Ўзбекистонда ўзбекча Wikipedia саҳифаларини муаммосиз очилди. 2019 йил майида Ўзбекистон ҳукумати бир неча матбуот ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, «Америка овози», BBC, Amnesty International ҳамда Human Rights Watch сайтларига қўйилган тўсиқни олиб ташлади. Ўшандан бери фойдаланувчилар ўзбекча Wikipedia саҳифаларини ҳеч бир муаммосиз оча оладиган бўлди.