Конституция ислоҳоти ҳақида

Фото: Meduza

Россия президенти лавозимига мамлакатда камида 25 йил истиқомат қилган ва ҳеч қачон чет эл фуқаролиги ёки чет элда яшаш гувоҳномаси бўлмаган одамлар сайланиши мумкин. Россия ҳудудлари раҳбарлари, парламент ва ҳукумат аъзолари, судьялар ҳам бошқа давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаслиги керак. Президент лавозимини бир киши кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги тартибни ўзгартирса бўлади. Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирларни Давлат думаси (Россия парламенти қуйи палатаси) тасдиқлаши лозим. Президент Давлат думаси томонидан тасдиқланган номзодларни рад эта олмайди, аммо бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирларни лавозимдан олиши мумкин. Куч ишлатар органлар ва ҳудудий прокурорларни тайинлашда президент Федерация кенгаши (Россия Сенати) билан маслаҳатлашиши шарт. Ушбу барча ўзгартишлар бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш лозим.

Демография ва таълим ҳақида

Оналик капитали энди биринчи фарзанд учун ҳам тўланади. Унинг миқдори — 466 минг рубл. Иккинчи фарзанд учун 616 минг рубл тўланади. Кам таъминланган оилалар уч ёшдан етти ёшгача бўлган фарзандлари учун ҳар ой нафақа пули олади. Унинг миқдори 2020 йилда тирикчилик минимумининг ярмини ташкил этади, келгусида нафақа миқдори тирикчилик минимумининг тўлиқ миқдорига етиши мумкин. 1—4-синф ўқувчиларининг бари мактабда бепул овқатлантирилади. Синф раҳбарлари 5 минг рубл миқдорида қўшимча ҳақ олади. Олий таълим муассасаларидаги бепул ўринлар сони оширилади.

Иккинчи Жаҳон уруши ва қуроллар ҳақида

Россияда Иккинчи Жаҳон уруши ҳақидаги материалларнинг жаҳондаги энг йирик архиви ташкил этилади. Ундан барча давлатлар фойдаланиши мумкин бўлади. Россиянинг мудофаа қудрати 10 йилга илгарилаб кетган. Ракета-ядро қуроллари пайдо бўлганидан бери тарихда биринчи марта Россия ҳеч кимни қуваётгани йўқ. Аксинча, бошқа мамлакатлар Россияда аллақачон бор қуролларни яратиш ҳақида бош қотириши лозим.

Путиннинг Россия парламентига мурожаатини тўлиқ (рус тилида) бу ерда томоша қилиш мумкин.