Россия ҳукумати истеъфо берди. Бу ҳақда бош вазир Дмитрий Медведев ҳукуматнинг президент Владимир Путин билан, унинг Россия парламентига мурожаатномасидан сўнг бўлиб ўтган учрашувида маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Путин ўз мурожаатномасида Россия конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар берган эди. Медведевнинг таъкидлашича, таклиф қилинган ўзгаришлар ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ўртасидаги мувозанатни ўзгартиради.

«Ушбу ҳолатда очиқ кўриниб турибдики, биз Россия ҳукумати сифатида мамлакатимиз президентига тегишли барча қарорларни қабул қилиш имкониятини тақдим этишимиз керак ва ҳозирги шароитда, менимча, Россия конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Россия ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфо бериши тўғри бўларди», — деди Медведев.

Путин бунга жавобан Медведевга Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини эгаллашни таклиф қилди. Янги ҳукумат шакллантирилгунига қадар, Дмитрий Медведев бош вазир вазифасини бажарувчи бўлиб қолади.